$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Хавфсизлик учун исмлари ўзгартириладиган кишилар

аноним

Уларнинг исми бошқа бир тахаллус билан юритилиши, яшаш, иш ва ўқиш жойи ўзгартирилиши. ҳатто ўзини ҳимоя қилиш воситалари ҳам берилиши мумкин. Тарихда эса, ҳатто ташқи кўринишлари ҳам яширилган. Бундай ҳимоя чоралари кимларга қўлланилади?

Тарихдаги судлар

Ўтган асрда чет мамлакатларда мафиялар ва йирик жиноятчилар суд қилинаётганида гувоҳ сифатида судга жалб қилинганларнинг шахси қаттиқ ҳимоя остига олинган ва суд залига ниқобда, танасининг барча қисмлари ёпиқ ҳолда олиб кирилган. Бунга сабаб эса гувоҳга нисбатан ана шу айбланувчи томонидан суиқасд қилинмаслигини олдини олиш бўлган.

Шахснинг ниқобланишига сабаб мафия ёки жиноий тўда аъзоси судланаётганда суд залида жиноятчилар томонидан эслаб қолиш қобилияти кучли ёлланма одамлар киритилган. Бундан мақсад тўдага қарши гувоҳлик берган шахсни топиш ҳамда уни йўқ қилиш бўлган. Ёлланган одам суд залига кирган гувоҳларни зимдан кузатиб унинг танасидаги ёки ажралиб турадиган бирор бир белгини эслаб қолади. Бу орқали эса жиноий тўда томонидан гувоҳлик берган шахс топилиб, йўқ қилинган. Шу сабабдан ҳам катта судларда гувоҳларнинг ҳатто, қўл қисми ҳам ниқобланган ҳолда олиб кирилган ва шахси яширилган ҳолда сўроқ қилинган.

Ўзбекистонда гувоҳ хавфсизлиги

Бугунги кунда ҳам уюшган жиноятчилик, аниқроқ айтсак, “кўча”бозлик оммалашган. Бу вазиятни ўтган йил якунида мамлакатимизда бўлган “Долзарб 40 кунлик” рейд тадбирида ҳам кўришимиз мумкин. Бу орқали мамлакатимиздаги жиноят оламининг “катталари” деб ҳисобланган бир қанча шахслар қўлга олинди.

Ҳукумат мазкур рейд давомида қўлга олинган жиноятчилардан жабрланганлар ёки бирор бир жиноят гувоҳи бўлганларни жалб қилди. Унга кўра, ҳукумат албатта, гувоҳлик берадиганларнинг шахсининг махфийлигини сақлаган ҳолда иш юритишини таъкидлаб ўтган.

Ўзбекистонда олий суд тизимида ўткизиладиган жиноятчиликка доир судларда ҳам асосан, гувоҳнинг хоҳиши ва талаби билан шахси яширилган ҳолда иш олиб борилади. Бунда гувоҳнинг шахси яширилган ёхуд исм шарфи ўзгартирилган тарзда мурожаат қилинади. Бу жараён “ҳужжат алмаштириш” дея юритилади.

“Ҳужжат алмаштириш” жараёни

Бунда ҳимоя қилинувчи шахсларнинг аризасига кўра ёки уларнинг розилиги билан уларга фамилияси, исми, отасининг исми ва бошқа маълумотлари ўзгартирилган ҳолда шахсини тасдиқловчи ҳамда ўзга ҳужжатлар берилиши мумкин.

Янги фамилия, исм, отасининг исми ҳимоя қилинувчи шахс билан албатта келишилган ҳолда ёки ушбу шахс томонидан, вояга етмаганлар учун эса улар ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан танланади.

Ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилишини чеклаш жиноят иши материалларидан шахснинг анкета маълумотларини олиб қўйишдан ва уларни асосий иш юритувидан ажратиб сақлашдан, шунингдек бунинг учун тахаллусдан фойдаланишдан иборатдир.

Хавфсизлик чоралари

Агар гувоҳ судланувчи томонидан унга нисбатан суиқасд уюштирилишидан қўрқса, суд ишидан кейин гувоҳга нисбатан давлат томонидан хавфсизлик чоралари кўрилади. Қонунчиликда хавфсизлик чоралари турли хил кўринишда берилган.

Улар қуйидагича:

  • ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;
  • шахсни, уй-жойни ва бошқа мол-мулкни қўриқлаш;
  • ҳимоя қилинувчи шахсга махсус индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш;
  • вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш;
  • бошқа яшаш жойига кўчириш, иш (хизмат) ёки ўқиш жойини ўзгартириш;
  • ҳужжатларни алмаштириш;
  • ҳимоя қилинувчи шахс тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилишини чеклаш;
  • қамоқда ёки жазони ўташ жойларида сақланаётган ҳимоя қилинувчи шахсга нисбатан қўшимча хавфсизлик чораларини таъминлаш.

Гувоҳлик қилган шахснинг барча ваколатлари қонун билан белгилаб қўйилган. Бу ҳақда батафсил Ўзбекистон Республикаси “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида келтириб ўтилган

Теги :
Jamiyat