$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»нинг тендер савдоларини тўхтатишни сўраяпти

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»нинг тендер савдоларини тўхтатишни сўраяпти

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU) устав фондидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқлиги ва коррупция хатари мавжудлиги таҳлил қилиниб, мазкур тендер жараёнларини тўхтатиш юзасидан тегишли идораларга тақдимнома киритди.

МАзкур масала бўйича келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш жараёнида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU) устав фондидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларнинг амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқлиги ва коррупция хатари мавжудлиги таҳлил қилинган.

Маълум бўлишича, 2020 йил 16 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигининг расмий веб-сайтида Ўзбекистонда алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU)нинг 57,118 фоизлик давлат улуши сотувга қўйилиши эълон қилинган.

Эълонда тендерда иштирокчиларни саралаш ва ғолибни танлаш жараёнида бир нечта мезонлар қўлланилиши баён қилинган.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ (CCIU) устав фондидаги давлат улушини сотиш бўйича ўтказилаётган тендер шартларига киритилган бир қатор талаблар савдоларда қатнаша оладиган шахслар доирасини кескин кисқартиришга ҳамда қатор коррупцион омилларни келтириб чиқаришга шароит яратади.

Агентлик фикрича, ушбу мезонлар ўта юқори ва асослантирилмаган талаблар ҳисобланади ва савдоларда иштирок этиши мумкин бўлган эҳтимолий иштирокчилар сонини сунъий чеклашга олиб келади.

Эҳтимолий иштирокчилар сонини кескин чеклаш тендер шартларини бажара олувчи кам сонли иштирокчилар ўртасида ҳақиқий рақобат бўлмаслигига ва натижада давлат улушига паст нарх таклиф этилишига ҳамда бунинг оқибатида Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларига сезиларли даражада зарар етказилишига олиб келиши мумкин.

“Шу муносабат билан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тегишли идораларга қуйидаги чораларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан тақдимнома киритилди:

1.   Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссияси томонидан етарли рақобатга имконият мавжуд эмаслиги сабабли мазкур тендер жараёнларини тўхтатиш;

2.   Тендер савдоларида иштирок этишга кўпроқ талабгорларни жалб қилиш ҳамда тенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида халқаро молиявий ва ҳуқуқий маслаҳатчиларнинг хулосалари асосида тендер шартларини юмшатиш бўйича ишларни олиб бориш”, дейилади агентлик муносабатида.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot