$
 12228.58
20.5
 14282.98
166.78
 155.96
0.96
weather
+26
Кечаси   +14°

Йил қовунлари. 2022 йилда энг кўп муҳокамага сабаб бўлган қарорлар ва ташаббуслар

Фото: Шаҳрисабз ҳокимлиги матбуот хизмати Фото: Шаҳрисабз ҳокимлиги матбуот хизмати

Ҳар йил якунида унинг сарҳисоби қилинади. Тарихга назар ташланади. Унда турли воқеалар бўлади. Яхшилари-ю ёмонлари, аламлиси-ю, кулгилиси. Ишқилиб ҳар туридан бор. Одатда яхши хабарлар тез унутилиб кетади. Аммо кулгили ҳолатлар кўпчиликнинг ёдида анча вақтгача сақланиб қолади. Бугунги мақолада якунланаётган йилда ўзбек амалдорлари иштирокида юз берган муҳокамали вазиятларни ёдга оламиз. Қани кетдик.

“Сиз ҳали ёш қизчасиз”

 


Бу ўзига хос рейтингни бундай чиқишлари ва аудиоёзувлари билан машҳур бўлиб улгурган Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев очиб беради. Йил бошида, аниқроғи, 17 январь куни раис иштирокида Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилган эди.

Ўшанда журналистлардан бири Artel, “Ўзбекистон темир йўллари” ва Uzbekistan Airways каби йирик компанияларга солиқ имтиёзлари берилгани натижасида давлат бюджетига тушмаётган маблағ кимнинг елкасига тушаётгани, улар нега мол-мулк солиғидан озод қилингани ва уларнинг балансида қанча мол-мулк борлиги ҳақида савол берди. Кудбиев бу саволга жавоб бермаслигини айтган эди.

“Охирги саволга жавоб бермайман: балансида қанча мол-мулк борлиги солиқ сири бўлади. Буни билмайман ҳам, билганимда ҳам жавоб бермасдим.

Кимнинг елкасига тушяпти, деганда савол нотўғри қўйиляпти. Ҳеч кимнинг елкасига тушгани йўқ. Давлат фискал ва молия сиёсати доирасида қайсидир соҳаларни ривожлантириш учун солиқ имтиёзларини беради. Агар биз ўша солиқ имтиёзларини яшириб, эълон қилмаганимизда, Солиқ қўмитасига айбдор сифатида қарашингиз мумкин эди. Биз ҳаммасини очиқчасига эълон қиляпмиз”, – деди Кудбиев.

Журналист ДСҚ раиси жавобидан қониқмагач, “бу менинг гапим эмас, халқимиз сиздан тўлиқ, батафсил жавоб кутяпти”, – деб сўради.

Журналистга жавобан Шерзод Кудбиев: “Бу жавобдан қониқиш-қониқмаслик сизнинг ишингиз, албатта. Иккинчидан, сиз ҳали ёш қизчасиз, халқ номидан гапиришга икки хил тоифа шахсларда ҳуқуқ бор. Сиз халқ номидан гапиролмайсиз, буни келгусида ҳушёр бўлишингиз учун айтмоқчиман: халқ номидан фақат президент ва депутат гапиради, чунки улар халқ томонидан сайланган. Бошқа одам халқ номидан гапиришга ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, бошқа томондан ҳам ҳаққи йўқ”, – деб жавоб берди. Раиснинг бундай оҳангда жавоб қайтариши анжуманда қатнашаётган журналистларга ёқмади. Ундан ташқари кейинчалик ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Ўйнатади анжанчасига

 

Бу жойда Андижон ҳокимидан бошқа ким ҳам бўлиши мумкин? Ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов доим муҳокамалар марказида бўлиб келган шахсиятлардан бири ҳисобланади. Аввалги маъмурият давридан буён алмашмаган ягона вилоят ҳокими шу бўлади.

Андижон вилояти ҳокими раислигида 2022 йилнинг 25 апрель куни ўтказилган ҳокимлик соатида вилоятда “Андижон полькаси” ойлиги ўтказилиши лозимлиги ҳақида топшириқ берилган эди. Унда ҳоким ўзини ҳақиқий андижонликман деб билганлар жамоаси, ҳамкасблари билан ҳар куни “Андижон полькаси”га рақсга тушишни одат тусига айлантириши кераклигини айтганди.

Бироздан сўнг ижтимоий тармоқларда рақсга тушаётган фуқароларнинг видеолавҳалари тарқалди. Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлашини айтди. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров ҳам ҳаракат тўғри ташкил этилганини билдирди. Ҳокимнинг ушбу “ташаббускорлиги” интернет фойдаланувчиларнинг эътиборидан четда қолмади. Воқеалар ривожидан эса хабардорсиз, агар ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз.

Кутилган-кутилмаган совғалар

 

Фараз қилинг, сиз IT бўйича турнирда ғолиб бўлдингиз. Сизга совға беришларини биласиз, унинг нималигига қизиқасиз, албатта каттароқ нарса кутасиз. Масалан, янги компьютер, пул мукофоти ва шунга ўхшаш соҳага яқин каттароқ нарса. Энди буёғи ташкилотчиларнинг фаросатига ва ҳимматига боғлиқ масала. Балки инсофигадир.

Лекин шундай ташкилотчилар ҳам борки, улар совға беришда “креатив”. Буни биз бу йил бир неча бор кўрдик.

Ҳаммаси январда бошланди. Самарқанд вилоятида ўтказилган “1 миллион дастурчи” IT танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлган мактаб ўқувчиларига совға тариқасида компьютерлар берилган. Аммо ўқувчилар қутиларни уйига келиб очганда уларнинг ичидан ишлатилган компьютерлар чиққан. Ушбу ўқувчилардан бири интернетда воқеани айтиб берганидан кейин шов-шувга айланиб кетди.

Ушбу воқеадан кейин компьютерлар янгиларига алмаштириб берилди, Нуробод тумани ҳокими ўринбосарига ҳайфсан берилди, туман ХТБ мудири ишдан олинди. Бундан ташқари, вилоят Халқ таълими бўлими бошқарма бошлиғи ҳам ишдан кетди.

 

Одатда кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Юқоридаги воқеа кўпчиликка сабоқ бўлиши керак эди. Аммо бундай бўлмади. Шу йилнинг июнь ойига келиб шунга ўхшаш ҳолат Қорақалпоғистонда ҳам юз берди. Чимбой туманида ўтказилган IT танловида ғолиб бўлган ўқувчига пилот совға қилингани яна муҳокамалр марказида бўлди. Ҳолат интернетда шов-шувга айлангандан кейин ушбу ўқувчиларга ҳам компьютер совға қилинди. Шунақаси ҳам бўлиб туради.

Қулоқсевар вазир

 

Ҳозирги кунда маданият вазири лавозимида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ижодкор сифатида ажойиб қўшиқлар ижро этган. Айниқса унинг “Бир қулоғи чандиқ қиз”, “Мен қулоғин тишлаган” деб бошланувчи қўшиқлари бир вақтлар жуда машҳур эди.

Афтидан, вазир эски даврларини қўмсаган кўринади. Акс ҳолда журналистга “қулоғизга айтаман” демаган бўларди. Гап шундаки, шу йилнинг ноябрь ойида журналистларга интервью бериш жараёнида журналист аёлнинг Украинадаги уруш ҳақидаги фикрини сўраб берган саволига “уйимга келсангиз, қулоғингизга айтаман” дея жавоб бергани муҳокамалрга сабаб бўлиб кетди.

Суҳбатда Озодбек Назарбеков вазир сифатида Ўзбекистон позициясини қўллашини айтган:

“Давлатим, сиёсатим қайси позицияда бўлса, мен ҳам вазир сифатида айнан ўша позицияни қўллаб-қувватлайман. Менинг шахсий фикримни сўрайдиган бўлсангиз, уйга келсангиз, қулоғингизга айтиб бераман”.

Шаҳрисабзча сабоқ

 

Бизда бир хатони қайта-қайта такрорлаш анъанаси яхши шаклланган. Бир ҳолат бўйича кескин муҳокама бўлади, ҳамма гапиради, кимдир чиқиб узр сўрайди, лекин худди шундай хатолик бошқа жойдан яна чиқади.

Декабрь ойи бошида ҳам худди шундай ҳодиса юз берди. Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигининг матбуот хизматининг маълум қилишича, 30 ноябрь куни Шаҳрисабз шаҳар Ёшлар ишлари агентлиги иштирокида “Ёшлар дафтари”да турганларга навбатдаги субсидия асосида меҳнат қуролларини ва тўловлар учун сертификатлар топшириш бўйича тадбир бўлиб ўтган. Ушбу тадбирда унга алоқаси бўлмаган мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этган. Интернетда тарқаган суратлардан кўриниб турганидек, тадбир кечки пайтда ва совуқ кунда бўлган. Унда фон сифатида қатнашган мактаб қизларининг юпқа кийимларда, масъулларни эса қалин кийимда кўриш мумкин. Билганингиздек, бу ягона ҳолат эмас. Бундай ишлар аввал ҳам юз берган.

Ҳолат ҳақидаги хабарлар интернетда тарқагач, ҳокимлик изоҳ берди ва бундан “аччиқ сабоқ” олганини қайд этди.

“Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлигида йиғилиш ўтказилиб, ёшлар тадбирини ташкил этишда эътиборсизлик қилган масъулларга чоралар кўрилди ва камчиликлари кўрсатиб ўтилди. Барчадан узр сўраган ҳолда, жамоатчиликни кескин танқидига олиб келадиган бундай ҳолатларга бошқа йўл қўймаслигимизни маълум қиламиз ва бу тадбир биз учун аччиқ сабоқ бўлди”, — дейилади ҳокимлик хабарида.

Бизда бу йилга шулар. Бу йил унчалик ҳам серҳосил келмади. Яна бирорта “қовун” қолиб кетган бўлса, байрамда сўйворармиз.