$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Номи бору, ўзи йўқ: “Яшил макон” доирасида мавжуд бўлмаган кўчатлар учун пул тўландими?

yashil makon

Давлат раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 11 октябрь куни ўтказилган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 25 октябрь кунидан 1 декабрь кунига қадар "кузги дарахт экиш мавсуми" амалга оширилиши эълон қилиниб, мамлакатимиз бўйлаб жами 85 млн. туп кўчат экиш бўйича топшириқ берилган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда мутасадди вазирлик ва идоралар бошчилигида 89,3 млн. туп кўчатлар экилди.

Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида умуммиллий лойиҳа ортидан мўмай даромад қилишни мақсад қилган шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Аниқланишича, Вобкент тумани ободонлаштириш бўлими ва "Б.М.С.Т.С.Х." МЧЖ ўртасида жорий йилнинг ноябрь ойида дарахт кўчатларини етказиб бериш бўйича 36 млн. сўмлик шартнома тузилган ва аслида мавжуд бўлмаган дарахт кўчатлари етказиб берилганлиги тўғрисида сохта ҳисоб-фактура тузилиб, пул маблағлари ўтказиб берилган.

Мазкур ҳолат юзасида вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Прокуратуранинг маълум қилишича, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси ижроси юзасидан назорат текширувлари давом этмоқда.