$
 12610.17
-9.84
 13526.93
4.59
 135.24
-0.5
weather
+26
Кечаси   +14°

Яшаш ҳуқуқимни поймол қилманг!

smog

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25-моддасида ёзиб қўйилганки “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.” Ва яна Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 25-моддасида ёзилгандек “Шахснинг қасддан қилинадиган жиноятни содир этиш ёки яшириш учун шарт-шароит яратувчи қилмиши ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра содир этилиши бошлангунга қадар тўхтатилган бўлса, бундай қилмиш жиноятга тайёргарлик кўриш деб топилади. Қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади.” Худди шу кодекснинг махсус қисми 102-моддасига биноан эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Эҳтиётсизлик орқасида икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Хўш, бизни секинлик билан ўлдириб бораётганлар нега жавобгарликка тортилмаяпти? Нима сабабдан уларнинг хатти-ҳаракати жиноят деб баҳоланмаяпти? Нима учун бирор-бир кучишлатар тизим бу жараённи тўхтатиб қолмайди?

“Бу ерлар сокиндир ҳаддан ташқари…”

Термизда чанг-тўзон, Зарафшонда қум бўронлари, Тошкентда эса смог… Табиат биз билан “омон қолиш ўйинлари” ўйнаётгандек худди. Гоҳ аномал совуқ, гоҳ анормал иссиқ. Ноябрда бодом гуллайди. Майда қор ёғади. Беихтиёр ўзингни иқлим назоратидаги тажриба қуёнчасидек ҳис этасан киши. Бирдан уйғониб кетишни, кимдир чиқиб “стоп, кадр олинди, энди кейинги саҳна” дейишини кутасан. Афсуски, ундай бўлмайди. Ҳеч ким бу фантастик фильмларни тўхтатмайди. Саҳна ортидан режиссёрнинг “тасвирга олиш тугади, ҳаммага раҳмат” деган овози эшитилмайди. “Хафа бўлиш йўқ” деб кимдир чиқиб келармикан деб кутаверасан-кутаверасан…

Ҳар йили мораторийлар эълон қилинади: қурилишга, дарахт кесишга, унга, бунга. Лекин мораторийларга тупурилган ҳолда ҳар ким ҳар кўйига, кал қиз ўз тўйига боришда давом этаверади.

Ҳар йили дарахтлар экилади, миллиардлаган суммаларга тантанали кўчат экиш маросимлари, чўлланишга қарши сессиялар-у дабдабали маросимлар ўтказилади, Сенат раисининг ўзи кўчат ҳам экиб келади ҳатто. Аммо бундай тадбирлар “Шоп-шоп боболарим” ёмғирни қанчалик тез тиндириши билан бир хил натижадор томошабозликдан фарқ қилмайди.

Йилига 200 миллион кўчат экиш бўйича “Яшил макон” отли лойиҳа ҳақида эшитиб қувонасан. Лекин бир уйғониб қарасанг, ҳеч вақо йўқ. Вазир чиқиб, 2 миллион кўчат ёлғондан ҳисоботга қўшилганини, 7 миллиондан зиёди суғориш имкони йўқ, “олло-худо” дебми, “Суст хотин” айтибми, билмайман, ёмғир ёғдирилсагина нам кўрадиган ерларга экилганини айтади. Кўзингни юмиб, бу мантиқсиз, ёлғон ва реалликдан узоқ воқеалардан узилиб қолишни истайсан. Лекин, йўқ…

Ғалати ҳолатлар ҳақиқатан кўп. Мутахассис кузатади, таҳлил қилади, бир нималарни аниқлаб “ҳаво ифлосланиши чангдангина иборат эмас, барака топкурлар, биз кўп кўмир ёқворяпмиз” дейди. (Эҳтимол “биз кўп…” жумласини ишлатмагандир, лекин ўзини ҳақ санайдиган одамлар бизда шу жумлани ишлатишади-ку, тўғрими?) Энди ечим топилар, бирор яхшилик бордир деб умид қилиб турган жойингда бутун бошли эковазирлик “Кўмир жаҳон стандарти, ҳамма ўтяпти” деб чиқади. Ҳаҳ, ўйнаб қўяй, дейсан лабингни чап бурчининг пастки томони билан…

Ташқаридаги ҳаво шу даражага келиб қолганки, чанг ютиб, гувала туфласанг, ёзда уй кўтариб оласан. Албатта, унгача тирик қолсанг. Лекин ҳамма жим, ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди. Билганлар ҳам билишини билдирмайди. Беихтиёр хаёлингда шоирнинг шеъри айланаверади:

Бу ерлар сокиндир ҳаддан ташқари,

бу бўз кўчаларни тутмаган сурон.

Шунданми,

қимтиниб, қисиниб қарар

кесилмаган боши эгик оломон.

Бунда болалар ҳам жиддий, боадаб,

бадавий саҳронинг ёбонларидай.

Шовқин солиб чопса бири мабодо,

иккинчиси урар товонларига...

Ҳа, бу ерларда ҳамманинг товони бирдек қонталаш, хипчин изи қотиб қолган…

Сунъий интеллектдан табиий интеллект эгаларига ёрдам

Ташқарида ҳавонинг ўзи сени ўлдираман деб турса, думи қисилган кучукдек инингдан чиқолмай ҳам қоларкансан киши. Шу баҳона “техника мўъжизаси” — сунъий нейротармоқдан ўзимча бир нималарни сўраб ўтираман. Буям бир эрмакда:

Ҳаво ифлосланиши юқори бўлган вақтларда одамлар ва ҳукуматлар турли чораларни кўришлари мумкин. Мана баъзи тавсиялар:

Савол: Ҳаво ифлосланиши юқори бўлган вақтларда одамлар қандай чора кўришлари керак? Ҳукумат-чи?

СИ жавоби: Ҳаво ифлосланиши юқори бўлган вақтларда одамлар ва ҳукуматлар турли чораларни кўришлари мумкин. Мана баъзи тавсиялар:

Одамлар учун чоралар:

1. Очиқ ҳаводаги фаолиятни чеклаш: Ҳаво ифлосланиши юқори бўлган пайтларда очиқ ҳаводаги машғулотларни камайтириш ёки чеклаш тавсия этилади. Бу, ҳаво ифлосланишидан зарарланишни камайтиришга ёрдам беради.

2. Ниқоб тақиш: Махсус ҳаво ифлосланиши учун мўлжалланган ниқоблар (масалан, N95 ниқоблари) зарарли заррачалар ва газларнинг нафас йўлларига киришини камайтиради.

3. Сув истеъмолини кўпайтириш: Кўпроқ сув ичиш, танани тозалашга ва зарарли моддаларни танадан чиқаришга ёрдам беради.

4. Уйдаги ҳаво сифатини яхшилаш: Ҳаво тозалагичлар ва ўсимликлар ёрдамида хона ичидаги ҳаво сифатини яхшилаш мумкин.

5. Жамоат транспортидан фойдаланиш: Шахсий транспорт ўрнига жамоат транспортидан фойдаланиш ҳаво ифлосланишини камайтиришга ёрдам беради.

 

Ҳукуматлар учун чоралар:

1. Ҳаво сифатини кузатиш ва огоҳлантириш тизимлари: Ҳаво сифатини доимий равишда кузатиб, аҳолини огоҳлантириш ва маслаҳат бериш.

2. Эко-транспортни ривожлантириш: Электр транспорти, велосипед йўллари ва бошқа атроф-муҳитга зарар бермайдиган транспорт турларини қўллаб-қувватлаш.

3. Саноат чиқиндиларини қатъий назорат қилиш: Саноат корхоналари томонидан чиқариладиган зарарли моддалар миқдорини қатъий назорат қилиш ва меъёрларни белгилаш.

4. Дарахт экиш ва яшил майдонларни кўпайтириш: Кўпроқ дарахтлар экиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш орқали ҳаво тозаланади.

5. Аҳолини хабардор қилиш ва зарурий чораларни ўргатиш: Аҳолини ҳаво ифлосланишининг салбий таъсири ва уни камайтириш йўллари ҳақида хабардор қилиш.

Бу чораларни биргаликда амалга ошириш орқали ҳаво ифлосланишининг салбий таъсирини камайтириш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш мумкин.

Савол: Ҳаво ифлосланиши инсон саломатлигига қандай зарар етказади?

СИ жавоби: Ҳаво ифлосланиши инсон саломатлигига турли йўллар билан зарар етказиши мумкин. Бу зарарлар қуйидагилардан иборат:

1. Нафас йўллари касалликлари: Ҳаво ифлосланиши сабаб ўпкага кирадиган заррачалар ва газлар нафас йўллари касалликларига, жумладан, астма, бронхит ва бошқа ўпка касалликларига сабаб бўлиши мумкин.

2. Юрак-қон томир касалликлари: Ҳаво ифлосланиши юрак-қон томир тизимига ҳам салбий таъсир қилади. Бу юрак хуружлари, инсультлар ва бошқа юрак-қон томир касалликларининг хавфини ошириши мумкин.

3. Аллергия ва нафас сиқиши: Ифлос ҳаво кўп ҳолларда аллергик реакцияларини кучайтириши ёки янги аллергия ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, нафас олиш қийинлашуви каби муаммоларга сабаб бўлади.

4. Кўриш қобилиятининг пасайиши: Ҳаво ифлосланишида учрайдиган баъзи моддалари, масалан, озон ёки майда чанг зарралари, кўриш қобилиятига салбий таъсир қилиши мумкин.

5. Тери касалликлари: Ифлос ҳаводаги кимёвий моддалар ва заррачалар тери муаммоларига, масалан, экзема, тери яллиғланиши ҳамда бошқа тери касалликларига сабаб бўлиши мумкин.

6. Узоқ муддатли саломатлик билан боғлиқ муаммолар: Узоқ муддатли ҳаво ифлосланишига дучор бўлиш саратон, ўпка касалликлари ва ҳатто эрта ўлим хавфини ошириши мумкин.

7. Ҳомиладор аёллар ва болалар учун хавфли: Ҳомиладор аёллар ифлос ҳаводан нафас олганда, бу ҳомила ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, болалар ва ёшлар ҳаво ифлосланишининг салбий таъсирига катталарга қараганда кўпроқ мойил бўлиши мумкин.

Шу сабабли, ҳаво ифлосланишининг салбий таъсиридан ҳимояланиш учун муҳимдир. Бу, шахсий ҳимоя чоралари қўллаш, соғлом турмуш тарзини юритиш ва ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган давлат ва жамият даражасидаги саъй-ҳаракатларни ўз ичига олади.

Ва ҳоказо-ҳоказолар. Аслида, сен умид кўзи билан боқаётган “юқоридагилар”дан кўра, шу ҳиссиз тармоқнинг сенга фойдаси кўпроқ бўлиб чиқишидек ҳақиқат қаршисида жавобсиз, мум тишлаб қолаверасан. Аммо, ҳеч ким юқорида айтилган ва нейротармоқ таъкидлаган эрта ўлим хавфинг учун жавобгарликни зиммасига олмайди. Биров бўйнига қўймайди ҳам ҳатто. 36 миллиондан ошиқ одам шунчаки бўғилиб бораверади. Бу — ўша 36 миллиондан ошиқ одамнинг яшаш ҳуқуқига тажовуз, очиқ суиқасддан бошқа нарса эмас!

 

Камолиддин Аззам,

журналист.

Теги :
Жамият
Иқтисодиёт