$
 12689.97
-15.03
 13557.96
14.43
 137.20
1.09
weather
+26
Кечаси   +14°

"Халқ таълимида бугунги қилинаётган ишларнинг натижасини 5-10 йилдан кейин кўрамиз" — Бахтиёр Саидов

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Халқ таълими вазирининг айтишича, Ўзбекистондаги мактабларнинг 20 фоизида инфратузилмаси муаммоли. Бунга сабаб эса 1991 йилдан 2016 йилгача таълимга етарлича эътибор берилмаганидир. У аввалги масъулларни айблашдан йироқлиги, “ўша пайтдаги вазият” тақозоси шундай бўлганини таъкидлади.

Ўзбекистондаги 10 130 та мактабдан 2 мингдан ортиғининг инфратузилмаси муаммоли. 1 600 дан ортиқ мактабда эса ҳалигача спорт зали йўқ. Бу ҳақда халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов журналистларга берган интервюсида айтиб ўтди.

Вазирнинг сўзларига кўра, бу муаммолар бирданига пайдо бўлган эмас, балки йиллар давомида йиғилиб келган.

“Биз 1991 йилда мустақилликка эришган бўлсак, инфратузилмани ривожлантириш учун 2016 йилгача етарли даражада маблағ ажратилмади. 10 мингдан ортиқ мактаб кам эмас, манаман деган давлатларда ҳам бунча мактаб йўқ.

Бугунги кунда ўқувчиларимиз учун жойлар етишмовчилиги, яъни кўп мактабларимизда коэффициент юқорилиги – бу ҳам муаммо. Лекин яна қайтараман, бу муаммолар бугун туғилгани йўқ. Бу ўша 1991 йилдан кейин таълимга эътиборимиз етарли бўлмаганлиги. Яъни ўша пайтда... Мен ҳозир бу гапим билан “биз чиройлигина, оппоққинамиз, 91-йилдан кейинги одамлар айбдор”, демоқчи эмасман. Йўқ. Ўша пайтдаги вазият... Давлат кўпроқ хавфсизликка, чегарага, иқтисодиётга, қишлоқ хўжалигига кўпроқ эътибор бергандир. Таълимни сал чеккароққа олиб қўйгандир”, – деди Бахтиёр Саидов.

Вазирнинг айтишича, 2022 йилда 791 та мактаб таъмирланиб, 55 таси янгидан қурилган.

“Халқ таълимида бугунги қилинаётган ишларнинг натижасини 5-10 йилдан кейин кўрамиз. Агар ҳақиқатан ҳам таълимнинг ичига сал бўлса ҳам кирган бўлсанглар, буни жуда ҳам яхши тушунасизлар деган умиддаман. Охирги 5 йил давомида қилинган, бугун қилинаётган ва яқин 3-4 йилда қилинадиган ишларнинг натижасини биз 5 йил, 10 йилда кўрамиз”, – деди ХТВ раҳбари.