$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Шавкат Мирзиёев Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон делегацияси Ҳиротда Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллигига бағишлаб ўтказиладиган тадбирга боради. Шавкат Мирзиёев ва Ашраф Ғани телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 10 февраль куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.

Президент Матбуот хизматига кўра, Ашраф Ғани Ўзбекистон раҳбарига Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалаларида кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун биродар Афғонистон халқи номидан самимий миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, давлат раҳбарлари Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳамда етакчи халқаро молиявий институтларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирокида ўтган Трансафғон транспорт йўлагини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлганини катта мамнуният билан қайд этиб, ушбу лойиҳани амалга оширишни, шу жумладан, техник ҳужжатларни тайёрлашни ва қурилиш ишларини бошлаш муҳим эканини таъкидлашган.

Улар янги “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олдилар. Шу мақсадда режалаштирилган ишларнинг бажаралишини мувофиқлаштиришнинг икки томонлама механизми яратилади, унинг доирасида ҳар ой видеоанжуманлар ўтказиб борилади.

Суҳбат чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини, шу жумладан нефть-газ тармоғида, таълим соҳасида, техник ихтисосликлар бўйича малакали афғонистонлик кадрларни тайёрлаш борасида кенгайтириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилган.

Шунингдек, давлат раҳбарлари буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллигига бағишлаб жорий йил март ойида Ҳирот шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирларида Ўзбекистон делегациясининг иштироки масаласини келишиб олишган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон вакиллари ўртасида “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ("Йўл харитаси") қабул қилинганди.