$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон темир йўл қурилиши масаласида келишиб олишди

Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон темир йўл қурилиши масаласида келишиб олишди

Аввалроқ Тошкентда “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга оширишга бағишланган Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон ўртасида музокаралар ўтказилиши ҳақида хабар берилганди. 2021 йилнинг 2 февраль куни бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Афғонистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар, Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд иштирок этишди. Музокаралар якунида “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ("Йўл харитаси") қабул қилинди.

"Йўл харитаси" га мувофиқ, жорий йилнинг март-апрель ойларида темир йўл йўналишини ҳар томонлама ўрганиш ва лойиҳалаш учун материаллар тайёрлаш учун қўшма халқаро экспедиция ташкил этилади. Экспедиция Афғонистонда геодезик, геологик, гидрогеологик ва топографик тадқиқотлар комплексини ўтказади, бу эса салоҳиятли юк ҳосил қилувчи ва юкни сингдирувчи минтақалар, шунингдек, Афғонистондаги келажакдаги йўлнинг йўналишидан бир қадам масофасида жойлашган йирик фойдали қазилмалар конлари тўғрисида маълумот тўплаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади. Дала экспедицияси материаллари асосида лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишнинг асосий масалалари келишиб олинади.

Шунингдек, халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда, “Жанубий Осиё-Афғонистон-Марказий Осиё-Россия Федерацияси-Шарқий Европа” йўналиши бўйича экспорт-импорт юкларини ташиш транспорти ҳаракати тадқиқотини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, таҳминан 600 км. узунликдаги ва кенглиги 1520 мм. бўлган темир йўлнинг қурилиши 5 йил ичида амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, Афғонистон ва Покистонда электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қоплаш учун Марказий Осиё мамлакатларидан мавсумий ортиқча гидроелектр энергияси етказиб беришни кўзда тутувчи Сурхон – Пули-Хумри юқори волтли узатиш линияси ва CASA-1000 энергия лойиҳасининг қурилиши темир йўл участкаларини қуриш харажатларини камайтириб, юк ташишнинг иқтисодий самарадорлигини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.

Маълумки, Марказий Осиё ва Афғонистон давлатлари халқаро денгиз портларига бевосита чиқиш имкониятига эга эмас. Бундай шароитда «Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор» темир йўлининг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юк ташишга сарфланадиган вақтни ва қийматини камайтиради. Шундай қилиб, эксперт тахминларига кўра, Афғонистон транспорт ва инфратузилмавий салоҳиятини тўлиқ руёбга чиқариш натижасида, масалан, Ўзбекистондан Покистонга юкларни ташиш вақтини 30-35 кундан 10-15 кунгача қисқартиради.

Транспорт коридори минтақадаги иқтисодиётларнинг динамик ўсиши ва минтақалараро савдо ҳажмини оширишга янги туртки беради, шунингдек, 700 миллиондан зиёд аҳоли Марказий Осиё, МДҲ, Шарқий Европа ва Хитойнинг ғарбий ҳудудлари бозорларига ўзаро кириб бориш имкониятини очиб беради.

Янги темир йўл орқали юкларни ташиш Россия ва Покистон ўртасида транспорт харажатларини 15-20% га, Марказий Осиё ва Покистон давлатлари ўртасида эса 30-35% га камайтириши мумкин.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўллари орқали Жануби-Шарқий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари ўртасида юк транзитининг ўсиши ҳам башорат қилинмоқда. Шундай қилиб, йиғилиш иштирокчиларининг фикрича, сўнгги йилларда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Афғонистон темир йўлларида юк ташишнинг йиллик ўсиш суръати 25% ни ташкил этган. 2020 йилда бу йўлда 4 миллион тонна юк ташилган ва бу Афғонистондаги иқтисодий тикланишнинг юқори динамикасидан далолат беради. Дастлабки маълумотларга кўра, «Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор» темир йўли ишга туширилганидан кейин дастлабки йилларда ушбу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 10 млн. тоннага етиши мумкин.