$
 12198.28
-30.3
 14241.49
-41.49
 156.57
0.61
weather
+26
Кечаси   +14°

Иродали Ўзбекистон ёхуд Эрон футболига назар

Igor Sergeev Foto: O‘zbekiston futbol assotsiasiyasi

Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон Чемпионати-2026 саралаш босқичидан ўрин олган юртимиздаги дастлабки учрашувини ўтказди. Рақиб гуруҳдаги асосий ва биз билан принципиал қарама-қаршиликларга эга жамоа — Эрон. Вакилларимиз 30 мингдан ортиқ мухлис қаршисида ирода намойиш этишди. Биринчи бўлимда иккита тўп ўтказиб юборишимизга қарамай, иккинчи бўлимда "комбекли дурранг" қила олдик. Хўш, бу ўйиннинг қадр-қиммати қай даражада эди?

Ёмон туш

Ўзбек футболи тарихида шу кунга қадар форслар билан боғлиқ ёмон хотиралар шаклланиб келган. Мен бу тарихни ёмон тушга ўхшатаман. Терма жамоамиз шу кунга қадар Эронни ўз майдонимизда таслим эта олмаган. Шундай қилиб, кечаги учрашувдан сўнг, Ўзбекистон 14 йилдан кейин ўз майдонида Эрон билан яна дурранг натижа қайд этди. Шу вақтга қадар форслар бизни ҳар доим аламли тарзда, минимал ҳисобда мағлуб қилиб келган. Эронга қарши ҳисобимизда фақатгина бир ғалаба ҳамда икки дурранг мавжуд. Ҳа, Эрон биз учун шу вақтга қадар "чақилмас ёнғоқ" бўлиб келган. Миллий жамоамиз таркибида борган сари янги номлар пайдо бўлиб бормоқда. Ажабмас, янги авлод билан бу "ёмон туш"дан қутулсак-у, "уйғонсак". 

Эрон футболининг шоми яқин(дек)

Табиийки, футболдан йироқ бўлган инсонда бир савол туғилади. Нима, Эрон шу даражада жиддий рақибми? Форслар айни дамдаги FIFA рейтингидан келиб чиқсак, Осиёдаги Япониядан кейинги иккинчи жамоа. Уларнинг таркибидаги 11 ўйинчи ЖЧни кўришган бўлса, Ҳожсафи ва Ансорифард 3 мартадан мундиалда иштирок этиб улгурган. Миллий терма жамоамиз ўйинчилари учун бу ҳанузгача азалий орзулигича қолмоқда.

Ўзбекистон билан ўйиндаги Эрон таркибига назар солсак, барча футболчиларнинг ёши катта ҳамда шунга яраша тажрибали. Ушбу футболчиларнинг барчаси юқорида ёзганимдек, мундиалда иштирок этиб улгурган. Шахсан менга Эрон футболи собиқ мураббий, Карлуш Кейрушнинг инерцияси орқали ҳали ҳам ўз даражасини ушлаб тургандек кўринмоқда. Кўплаб Осиё жамоаларида авлодлар алмашинуви бўлиб ўтди, хусусан, бизда ҳам. Аммо Эрон миллий жамоаси ҳали ҳам таркибда ўзгаришлар қилишга шошилмаяпти. Кўп эҳтимол, Январь ойида бўлиб ўтувчи қитъа чемпионатидан кейин бу воқеа содир бўлса, ажабланмаган бўлардим. Бу босқичдан ҳеч ким қочиб қутулолмайди. Бошқалардан фарқли Эрон анча кечиктириб юборгандек. Қисқа қилиб айтганда, Эроннинг эски авлоди "ёмон қарияпти".

Иродаси метинлашаётган Ўзбекистон

Миллий терма жамоамиз ўйинларини азалдан кузатиб келадиган ишқибозлар охирги ўйинларни кўриб, ажабланишаётгани бор гап. Сабаби, вакилларимиз кўплаб ўйинларда охирги дақиқаларда ёки иккинчи бўлимнинг охирги чорагида руҳий ва жисмоний муаммолар сабаб, ўзини йўқотиб қўярди. Бу ҳолат табиий равишда мағлубиятга етаклаб борарди. Охирги вақтларда жамоамиз ўз "ДНК"сини бутунлай ўзгартиргандек. Масалан охирги Мекиска, Хитой, Туркманистон ва кеча бўлиб ўтган ўйинларда жамоамиз иккинчи бўлимда ўйин масаласини ҳал қилишди. Бу, албатта, қувонарли ҳолат. 

Ўзбекистон кечаги учрашувдан сўнг 1 очко ва FIFA рейтингида 5.19 балл ишлаб олди. Вакилларимиз ЖЧ-2026 саралаш босқичида ўз гуруҳида Эрон билан биргаликда 4 очкони жамғарган ҳолда, голлар нисбати сабаб, иккинчи поғонани забт этиб турибди. Шундай қилиб, миллий терма жамоамиз навбатдаги FIFA кунларида рейтингдаги ўрнини 68-ўринга кўтарилиш орқали яхшилаб олди.

Миллий жамоамиз эндиликдаги ўйинини Осиё Кубоги доирасида, 13 январь куни Сурияга қарши ўтказади.