$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Юзи қалин Uzautо: Янги Ўзбекистонниг «эски» монополи

Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UzAutoMotors”га судда ютқазди

UzAuto бундан кейин шартнома бериш электрон тарзда амалга оширилиши ҳақида эълон қилгач, кўпчиликда умид уйғонган эди. Бироқ монопол компания томонидан қўйиб берилган навбатдаги томоша ҳам кутилганидек, «муваффақиятли» ўтди. 

Дастлаб 12:00 да шартнома очилиши эълон қилинди. Бозор нархидан 1,5 – 2 минг арзонроққа ола олармиканман, деган умидда минглаб харидор соат санади.

Ва ниҳоят кутилган вақт келди, қарангки, воқеалар ҳам айни «кутилганидек». Бирор тирик жон на сайт, на илова ва на бот орқали шартнома қила олмади. Бироз вақт ўтгач, шартномага ариза бериб бўлмаётгани тўғрисида UzAuto Motors расмийлари мурожаат билан чиқишди.

“Ҳурматли харидорлар! UzAuto savdo платформаси фаолиятида техник носозлик сабабли узилишлар кузатилмоқда.

Мутахассислар томонидан амалий ишлар олиб борилмоқда.

Тушунганлигингиз учун миннатдорчилик билдирамиз", – дейилади UzAuto Motors хабарида.

Соат 18:00 дан кейин Uzautomotors иловаси ниҳоят ишлаб кетган. Лекин таклифлар рўйхатида Cobalt, Labo ва Damas йўқ...

 UzAuto кимни аҳмоқ қилмоқда?

«Автомобилларга онлайн шартнома бериш бошланиши ҳақидаги хабар эрталабдан ижтимоий тармоқларда тарқалди, куннинг иккинчи ярмидан бошлаб эса «UzAuto»нинг шаънига энг «чиройли» сўзлар ёғилмоқда. 

Яна ўша гапларни такрорлаймиз. Ўзбекистонда ўтиш даври – ҳокимият алмашган 2016 йилдан кейин кўп нарса ўзгарди. Бироқ бир «UzAuto» масаласи борки ўзгармади, жойиданам жилиб қўймади.

Мамлакат бозорида безбетларча зўравонлиги, одамларни ёлғиз танлов қаршисида қулдай тушовлаб қўйиши ўзгармади. Ҳа, бугунгача «Uzauto» деган зўравонга ҳеч кимнинг кучи етмади. Ҳамма ҳайрон, нега шундай, нега бу масалани ечиш шунчалик қийин бўлётир?! 

Жуда қизиқ-да, ўн йиллаб ёпиқ бўлган мамлакат ташқи сиёсати ўзгарди, иқтисодиётдаги протекционизм юмшади, аммо шу «UzAuto» эскичасига қолди, ўзгармади. Айни шу омил бизга мудом эски замонлар воқелигини, иқлимини эслатиб туради. Эски Ўзбекистонда ботиб қолган оёқнинг иккинчисиниям бу ёққа олишнинг иложи борми ўзи?», - деб хабар қолдирилган platforma.uz каналида.

 UzAuto Motors яна ҳаммани алдади

Ушбу воқеалар ҳақида Media 24 каналида шундай муносабат билдирилди:

«UzAuto Motors бугун соат 12:00 дан ҳали ишлаб чиқарилмаган 3 та машина учун онлайн шартнома очилишини эълон қилганди, аммо 2 соатдан бери на сайт, на илова ва на бот орқали бунинг имкони бўляпти.

UzAuto Motors бу борада халқни биринчи марта алдаётгани йўқ. Масалан, арзон бўлади деб айтилган Оникс машинаси билан ҳолат каби. Ҳозир бу автонинг бозори юрмаяпти ҳам.

UzAuto Motors сайти ва бошқа платформалари ишламаётганига битта расмий сабаб бўлиши мумкин, минглаб юзерларни сервер кўтаролмаяпти (тузукроқ серверга пули етмаган кўринади).

Ўзлари бунга изоҳ бериб, техник носозлик деган. Аммо машинадан қуруқ қолишни истамаётган халқ ҳамон кутяпти.

Айтганча, мабодо шартнома олишга ҳам улгурсангиз, машинани бир йиллардан кейин кўрасиз».

«Миллий бренд» қиёфасидаги монопол компания

Йил давомида «миллий бренд» қиёфаси ортига яширинган монопол компания етарлича томоша кўрсатди. Бир қарасангиз, шартнома бериш сониялар ичида очилади, кейин икки-уч соат ўтар-ўтмас, тақа-тақ ёпилади. Иш жойидан чиқиб, дилерлик марказига етиб боргунча, шартнома бериш ёпилиб бўлган, икки-уч соат орасида бу хабарни эшитмай қолганлар ҳам етарлича топилади.

Яна бир қарасангиз, сотувда йўқ машиналарнинг нархи ҳеч қандай тушунтиришсиз, ўз-ўзидан ошади. Йиллаб емай-ичмай йиғилган пуллар етмай, яна бир-икки йил ишлашга тўғри келиб қолади.

Қиммат-қиммат дея айтиб келинган автомобилларни энди ўша қиммат нархга ҳам сотиб олиб бўлмаяпти. Шундоқ ҳам пулига арзимайдиган уловни энди бозордан яна 2-3 минг (доллар) қимматига олиш керак. Ҳар гал шартнома очилганида каттадан-катта навбатлар, ур-йиқитлар, айрим дилерлик марказларининг деразаларини синдириб киришган, ерда қон излари... 

Президент топшириғи тескари бажариляптими?

Президент UzAuto Motors олдига 2022 йилнинг 1 майига қадар автосалонлардаги навбатларни тугатиш вазифасини қўйган эди. Йил давомидаги воқеалардан монопол компания ушбу топшириқнинг тескарисини бажараётгани маълум бўляпти.

Президент ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тўлов қилинган автоларни эгаларига ўз вақтида етказиб бериш билан навбатларни бартараф этиш талабини қўйгани аниқ. Автосаноатчилар шундай қилди ҳам, навбатни йўқ қилиб юборишди. Энди ҳеч ким тўлов қилолмайди ва янги машина сотиб ололмайди (импорт қилинган энг қиммат моделларни айтмаганда, албатта).

Ўшанда Шавкат Умрзоқов зиммасига бир ҳафта муддатда автомобиль савдосида очиқ-ошкора ва инсон омилидан холи тизимни йўлга қўйиб, сунъий навбатлар ва коррупсион ҳолатларни таг-томири билан йўқ қилиш учун шахсий жавобгарлик юкланган эди. Бироқ шунча томошага бирор марта муносабат билдирмади, гўё бу топшириқ қумга сингиб кетгандай.

Миллиардлаб солиқ имтиёзлари берилган, аммо...

Бундан ташқари автомобиль ишлаб чиқариш йилдан-йилга камайиб, арзон, сотиб олиш қулай бўлган моделлар тобора камайиб бормоқда. Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь – апрель ойларида 83,5 мингта енгил автомобиль ишлаб чиқарилган. Ўтган йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 95 мингга етган эди. Яъни ўтган бир йил ичида ишлаб чиқариш 11,5 мингтага камайган, талаб эса кундан-кунга ортиб бормоқда.

Кўриб турганингиздек, йиллар давомида катта умид билдирганимиз, миллиардлаб солиқ имтиёзлар берилгани (биргина 2022 йилнинг ўзида 703 миллиард сўмлик имтиёз берилган) билан мазкур компания халқни бир марта ҳам рози қила олгани йўқ. Бозор қонунларини инкор этувчи, халқни талаш эвазига монополистларни бой қилувчи қоидалардан воз кечиш вақти қачон келади?