Америкага бир неча кишиларни жўнатмоқчи бўлган “шоввозлар” қўлга олинди
Тезкор тадбир давомида жами 27 минг АҚШ доллар олаётган фирибгарлар фош этилди.
2 daqiqa o‘qiladi

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган ноқонуний миграцияга қарши кураш йўналишида рейдда фуқароларни АҚШга жўнатиш учун фуқаролардан пул талаб қилган фирибгарларнинг жинояти фош бўлди.
Самарқандда ДХХ бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган шахс маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда беради ва бу учун 25 минг АҚШ доллари талаб қилади. Гумондор шахс ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига олдиндан 15 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушди.
Бундан ташқари, Пастдарғом туманида яшовчи, 1991-йилда туғилган шахс Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1996 йилда туғилган таниши билан келишган ҳолда, маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, уни Туркия-Арманистон-Никарагуа-Мексика йўналиши орқали Қўшма Штатларга юбора олиши ҳақида ваз ўқиб, эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилади. Аммо, улар олдиндан 12 минг АҚШ доллари олган вақтларида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди.
Яна бир ҳолат ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди. Унга кўра, Андижон туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган фуқаро Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Америкага юбориши эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



