$
 10231.71
21.85
 12059.09
38.0
 138.65
1.19
weather
+35
Кечаси   +18°

“Бизни ношукурликда айблаганлариям бўлди”. Карантиндаги 15 кун

Ўртасарой Ўртасарой

Твиттер фойдаланувчиларидан бири (@ndarvishev) Ўртасаройдаги карантин ҳудудида ўтган кунлари ҳақида пост қолдирди. Қуйида унинг матни билар тўлиқ танишасиз:

«Карантин зонада ҳар кимнинг тажрибаси ҳар хил бўлган бўлиши мумкин. Чунки менинг назаримда, умумий тартиб, йўриқномалар йўқ. Қуйида менинг тажрибам келтирилган».

1-кун: Cамолёт ерга қўниши билан тартибсизлик, мавҳумлик бошланди. Хеч ким нима қилишимиз кераклигини, бизни нима кутаётгани, карантин зонасига жойлашиш жараёни бўйича тушунтириш олиб бормади.

Самолётга оқ скафандрадиглар чиқиб паспортларни йиғнаб олиб, кейин кутиб туринглар, деб илтимос қилишди. Лекин шунга қарамасдан, ҳамма секин-аста ўрнидан туриб чиқиб кета бошлади. Ташқарида, пастда эса бизни автобуслар, турли хил ходимлар ва тартибсизлик кутарди.

Орамизда қанчамиз меҳмохонага жойлашишни режа қилиб келгандик. Натижада ҳаммамиз кўзимизга кўринган ходимдан қандай қилиб гостиницага жойлашса бўлади, деб сўрай бошладик. Табийки, жавобини ҳеч ким билмайди.

Пастга тушаётган пассажирлар ҳам ҳаммаси ҳар ёққа тарқалган. Қаердадир бир-нечта одам тўпланган бўлса, уларнинг ёнига борамиз, балки шулар гостиница масаласини билади, деб. Бир соатлардан кейин “меҳмонхона зонада ҳал бўлади”, деб ҳаммани автобусларга чиқаришди.

Юкларимиз нима бўлиши ҳақидаям ҳеч ким тайинли нарса демаяпти. Автобус лиқ тўла. Кимдир маскасини ечиб ташлаган, кимдир шофердан эшикни очишини, чекишга чиқмоқчилигини сўраётган, кимдир қачон юришимизни, багажни кутамизми-йўқми сўраган.

Шунақа қилиб пастдаги тартибсизликдан, пассажирлар ҳам тартибсизлашган. Автобус ҳайдовчиси саволлар кўплиги, жавоб бера олмаслигидан эшикларни ёпиб, тушиб кетти. Бир соатдан кўп ўтирдик автобусда. Орада кимдир чиқиб нақ 4 марта автобусдагилар сонини санаб кетти.

Бироздан кейин бизнинг автобусда битта хола жанжал кўтара бошлади. Ва ниҳоят, яна ярим соатлардан кейин автобус силжиди. Хурсанд бўлгандик, у эса бизни сал нарига олиб бориб колонна ташкиллаштириш учун тўхтаган экан. Яна ярим соатлардан сўнг зона томон йўл олдик.

Эски ТошМИга яқинлаганимизда автобус яна тўхтади. Ярим соатча турдик шу ерда. Сабабини билмаймиз. Узунқулоқ гапларга қараганда 1-2 та паспорт етишмаётган экан. Орада одамларайдовчидан эшикни очишини талаб қилиб, кимдир нафас олишга, кимдир чекишга тушди.

Карантин зонага етиб келдик. У ерда кўп тўхталмадик. Блоклар тайёр. Бизларни кутаяпти. Лекин контейнерларга жойлашиш тартиби йўқ. Ҳар ким ўзича контейнерларга жойлашиб олаяпти. Кимлардир сиғишмаяпти ва бошқасига мўралаган.

Биз ҳам 4 та бўлиб, бирга турамиз деб келишдик. Автобусдан тушиб контейнерга жойлашмоқчи эдик, қаторда одам кўпайиб кетти кутинг, дейишди. Эшик олдида одам лиқ тўлган. Автобусда орқадагилар ҳам худди нимадандир қолаётгандек тиқилиб келган. Бир оёқда зўрға турибмиз.

Контейнерларга жойлашишни ҳеч ким назорат қилмаяпти. Ҳамма истаганига жойлашаяпти. Бизам биттасини топиб жойлашдик. Энди, мен битта контейнерда 4 одам десам, бир контейнерни 2 га бўлишган экан. Ярим контейнерда, 2,5 га 6 метр жойга 4 та одам экан. Алло, масофа сақлаш?!

“Шароитларини” кўриб лол қолган ҳамюртлар ташқарига жанжал кўтариб чиқишди. Гостиницага олиб кет бизни, деб талаб қила бошладик. Гапираётган одамларимиз, ваҳоланки, оддий персонал экан. Катталардан, ташкиллаштирувчилардан ҳеч ким йўқ. Дардингни кимга айтасан?

Бақир-чақир жанжаллардан сўнг бир соатлардан кейин кимдир келди ва гостиницалар ҳали тайёргарлик қилиб улгурмагани, бор вариантларда эса 14 кунга жойлашиш 1500 долларга айланишини айтди. Овозимиз тушди. Юзични марта “Илтимос, ичкарига киринглар”дан кейин ичкарига кирдик.

Контейнер ичида санитария ҳолати жуда расво. Туалет, душлари кир ва сарғайиб кетган. Тозалаб беринглар, десак, бизга ичкарига кириш таъқиқланган деди. Латта, дезинфекция воситалари беринглар, ўзимиз тозалаймиз, дедик. Ходимлари “Хўп, хўп”дан нарига ўта олишмади.

Ҳеч ким бизга карантин зонада тушунтириш ишларини олиб боргани йўқ. Ҳамма ўз билганича, тушунганича юрар, оқибатда тинмай танбеҳлар эшитардик. Громофондан ора-орада карантин зонада қонун-тартибларни бузганларга қарши чоралар кўрилиши ҳақида маълумот янграб турарди.

Бизни тинчлантириш учун таҳдидлар ҳам қўллаб кўришди: орада кайсидир ходим бундай жанжал килаверсанглар карантин 18-20 кунга чўзилиб кетади, бу ерда ҳеч қандай ҳаққингиз ҳам, ҳуқуқингиз ҳам йўқ, деб кўрди. Бизни ношукурликда айблаганлариям бўлди.

Исм-фамилиянг ким, қандай лавозимдасан, бу ер катта ҳолангни зонасимас, бу ер бизнинг пулга қурилган, деган жавоблардан кейин биз эмас, улар тинчиди. Аслида, уларни ҳам айблаш қийин. Улар ҳам биз каби келган. Уларга ҳам ҳеч ким йўриқнома ўтмаган.

Тасаввур қилинг, 100 дан ортиқ одам бир вақтнинг ўзида 3 та ходимдан сув қани?, сочиқ қани?, тест қачон?, багаж қачон келади?, арзонроқ гостиница топиб беринг, бу ердан гостиницага кейинчалик чиқиб кетса бўладими?, у-ми?, бу-ми? каби саволлар билан кўмиб ётипди.

2-кун: Кеча 4 одамга 5 литрлик катта баклажкада берилган сув тугаган. Яхшиям уйдагиларга 10 литрлик баклажкада 3-4 та олиб келдиргандик. Багажларимизни ҳалигача беришмади. Контейнердан кимдир дарвоза олдида ётипди багажлар, деганди. Ҳақиқатданам ўша ёқдан йиғиб олиб келдик.

2та багажимга сиртидан қулф урганман. 3-сининг замоги очиқ. Ичини текширдим. Ҳаммаси жойида. Йўлда қайтаётганимда қўшни контейнердан бобой мўралаб, 3- ё 4-ходимга қараб, бўш 5 литрлик баклажкани кўтариб, сув беринглар, деб бақириб турарди. Шу куни сув берилмади.

Қўшнимизга берилган телефон ишламаётган экан. Буви-болаларимга мен келдим деб айтишим керак-ку, деяётганди. Телефонимизни дезинфекциялаб бердим. Кайтариб олиб хам яхшилаб дезинфекцияладим. Охирги куни шу аёлни тестга натижа шубҳали, деб олиб кетишади.

Бизлар жойлашишимзни ҳеч ким ёзиб олмаганди. Ҳар сафар келиб бу ерда нечта киши, деб сўрайверганига, қоғозга исм-фамилияларимизни ёзиб ташқарига осиб қўйдик. Термометри батарейкаси ўлиб қолипти. Батарейка беришмаган экан. Кечқурун 9:00 ларда келиб ўлчаб кетишди.

3-кун: Кир ювиш учун санузелдан фойдаланамиз экан. Суюқ совун бор. Кийимларни осишга хеч нима йуқ. Уйдан тозалаш воситалари заказ қилгандим, кечқурун етиб келди. Маскалар ва бира тўла яна 2 та катта баклажкада сув ҳам олдирдим. Швабрани постдан ўтказмапти.

Постдан кўп нарсани ўтказмас экан. Постга нарсаларни сарсон бўлиб олиб келмагунча, нима мумкин-у нима мумкинмаслигини била олмайсиз. Овқат ўтказмаскан, чунки постда, иссиқда 4-5 соатлаб ҳамма жўнатмалар йиғналгунча тураркан. Порошокни ўтказишмади, лекин кир ёйишга ип ўтипти.

Тест олиши учун хали лабораториядагилар келмаган дейишганди, кечқурун 4-5 та скафандр кийган ходимлар келиб тест олиб кетишди. Тест қаерники деган саволимга, билмаймиз дейишди. Тестини сифатсизга ўхшатдим. Расмларда кўрганимдек узунмас. Шишалариям сифатсиздек кўринди.

Тест натижаси 2-3 кунда маълум бўларкан. Тест жавобини фақат ижобий натижа бўлгандагина биламиз экан. Тез ёрдам келиб дарров касалхонага олиб кетаркан. У билан бирга турган қолганларнинг карантин муддати яна 14 кунга чўзиларкан. Негадир ишонмадим.

4-кун: Тонгги 4:00 да ташқарига, контейнерлар орасидаги йулакка югуришга чиқдим. Бошқа контейнердан 4-5 одам эшикларидан мўралаб чиқишди. Катакдай жойда сиқилиб кетаркансиз. Ичкаридаги 2х4 метр оралиқда югуриш бўмапти. Бош айланиб кетаяпти.

Овқатларидан нолишни ношукурлик десам бўлади. Вақтида бераяпти. Обедга ош берилди. Ортиб қолганини қўшимча порция қилиб ҳам беришди. Тушдан сўнг чой билан 1 пачкадан “топлёное молоко” печеньесини тарқатишди. Температурани текширадиган ҳамшира опа жуда хушмуомала.

5-кун: Контейнеримиздагилар билан тунда 3:00 да навбатма-навбат ташқарига, йулакчада югуришга чикдик. Тушликкача ухлашни режалаштирдик. Тунда совуқ тушган. Тушда 10 литр сув тарқатишди. Шароитларга куникаяпмиз.

6-кун: Тонгда мендан ташқари яна 5тача одам чиқди югуришга. Эрталаб 7:00 ларда температурамизни ўлчаб кетишди. Кечқурун ҳароратим 36,8 даражани кўрсатди. Тестларимиз натижаси чиккан. Жавобини билмаймиз лекин. Ҳамманинг ичида ҳаловати йўқ. Мавҳумлик ва кутишдан ёмони йўқ.

Шу орада, битта хонадошимизнинг сал мазаси кочгандек бўлди. Бурни сал битгандек. Хаммамизнинг томоғимиз бироз хириллагандек. Қизиб кетган контейнерни совутиш учун кондиционерни паст ҳароратга қўйганмиз. Ҳаммасини шундан кўраяпмиз. Температурани кунига 2 марта ўлчай бошлашганди.

Қўшни контейнердагилар бугун очлик эълон килиб, ичкаридан қулфланиб олишипти. Бақир-чақир эшитилаяпти. Карантинда қолганига 20 кундан ошган экан. Уларнинг орасида касалланган чиққан, у ҳатто даволаниб чиқиб ҳам кетган экан. Буларни эса шубҳали деб ушлаб ўтиришган экан.

7-кун: Иложи бўлса контейнерга ўзингиз мулоқот қилганлар билан бирга тушишга ҳаракат қилинг. Баъзилар сал бепарво эди. Бошқа контейнердагилар билан сигарет, у-бу нарса алмашган. Хатосини тан олгиси келмайди. Кемага тушганнинг жони бир каби гаплар билан ўзини оқлашади.

Айтсангиз, ақл ўргатма дегандай ёшини рўкач қилади. Секин-аста ҳамма бир-бирига ёқмай қола бошлаяпти. Мисол учун, кимдир ярим тундаям баланд овозда кино кўради, ТВнинг овозини баланд қўйиб ухлаб қолган, телефон олиб ўтганлар Америка билан ярим тунда гаплашаяпти.

Тест натижалари буйича хеч кимни олиб кетишмапти. Менимча, аломатлари яққол кўрина бошланмагунча алоҳида ажратишмайди. Бу яхши эмас. 4та одамдан биттасида вирус аниқланса, уни дарров ажратиб олишмаса, бу катакдек кичкина жойда қолган 3 та одам ҳам вирусни юқтириши аниқ.

Шу кунларда Ўртасаройга олиб келинган врач вирусдан оламдан ўтгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Энди врач шу ерда 4 кунми қаровсиз ётган бўлса, карантинда жойлашганларнинг ахволи қандай бўлишини тасаввур қилаверинг.

8-кун: Тонгда югуришга кўпроқ одамлар чиқибди. Сал оёқларни ёздирмасангиз бўғинлар оғриётгандек. Бизнинг катордаги контейнерлардан ҳаммада манфий чиққан эмиш. Ҳеч кимни олиб кетишмади. Лекин ташқаридан эшигимизни қулфлаб кетгандай бўлди.

Ичкарида калитлар бор. Контейнердан чиқсам, ён контейнерда кимлардир қарсак чалиб, миллий қўшиқларга рақсга тушишаётгани эшитилиб турарди. Тушликдан кейин эшигимиз тақиллади. Чиқиб қарасам, скафандрдаги битта ходим “сизлар нос сўрамаганмидиларинг”, деб адашиб келди.

9-кун: Эрталаб 10 литр сув беришди. Бугун сиреналар овозини кўп эшита бошладик. Бироз хавотирландик. Тест натижаси ёлғон манфий чиққан бўлса, деган ҳаёллар ўтди. Вақт энди секинлашаётгандек. Сиреналар контейнер томига чиқиб олганларга таъсир ўтказиш учун қўлланилаётган экан.

10-кун: Такрорий тест бўйича қарорни бугун қабул қилишар экан. Ҳамширамиз жуда мулойим. Бошқа ходимлар ҳам карантинга олинганлар билан муносабат килишни энди-энди ўргангандек. Шароитларга кўникдик. Овқатларни хурсанд бўлиб кутиб олаяпмиз.

11-кун: Бугун эрталаб ҳароратни текширишга келишмади. Ўтган куни берганига қарамасдан, бугунам яна 10 литр сув беришди. Кечкурун иккинчи, якуний тестни олишди. Тести бу сафар чет элники ва расмларда кўрганимиздек сифатли эди. Лаборантлар жуда мулойим эди. Кайфиятимиз яхши.

12-кун: Вақт секин ўтаяпти. Сабр тугаб бораяпти. Секин-аста муносабатлар яна таранглашиа бошлагандек. Кимдир “кондиционернинг совуқ ҳавоси менга етиб келмаяпти”, деб паст қўйганигами, ё югуриб келиб совуқ тунда чўмилиб чиққанимгами, шамоллагандекман. Томоғимда оғриқ бордек.

Ишқилиб, температурам чиқмаса бўлди. Томоғимни чайқаяпман. Ҳамшира ҳам айтувди шамоллашингиз эҳтимоли бор, деб. Кечқурун температура ўлчашга ҳеч ким келмади. Иккинчи тест натижаларига қараб, эртага бизни қўйиб юборади, деган гап-сўзлар тарқалди.

13-кун: Тестлар яхши чиқди, бизнинг қаторда ҳеч кимда йўқ, деган хабарлар келди. Ҳамма хурсанд ва кетишга тайёргарликка тушиб кетдик. Энди автобусни кутаяпмиз. Бу ердан қандай чиқиб кетишимиз ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Қўлингизга манфий натижа қоғозини беради дейишди.

Карантиндагиларни ташишга 4 тами автобус хизмат курсатаётган эмиш. Карантиндан чиқадиган 200-250 одамни, менимча, 4-6 соатда ташиса керак. Қаерга олиб бориб ташлаб келишлари ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ. Ташкилий ишлар нольдан паст даражада.

Берган телефонларини соат 10:30ларда йиғнаб олиб кетишди. Вақт ҳам ўта қолмади. Лекин, негадир энди, “бизнинг хабаримиз йўқ, билмаймиз биз, биз сизларга бугун чиқасизлар деб айтмадик”, дейишяпти. Битта тажрибасизроқ ходимлардан бири ҳали тест натижалари чиқмади, деди.

Энди “лабораториядагилар қоғозларни тайёрлаб улгурмаётган экан”, деган гаплар тарқала бошлади. Ишқилиб, тестларни чалкаштириб юборган бўлишмасин-да!. Кейин яна транспорт етишмаётгани учун кечикаяпти деган вариантлар бошланди.

Тажрибасиз ходим аниқроқ маълумот талаб қилганимиз учун орада бизни ношукурликда айблади. Уруш-жанжал бошланди. Орада бошқа уруш-жанжал видеоси тарқалган. Кечкурун ҳарбий формада кимдир келди. Саволларимизга жавоб бера олмади. У ҳам бир оддий аскар экан.

14-кун: Икки кундан бери югуришга чиқмадим. Шамоллаганман, бурним сал битган, кўп аксиряпман. Тонг саҳардан Исузу автобуслар колоннаси ўтганини билдик. Контейнерларга жойлашишимиз қандай жанжал билан бошланган бўлса, чиқиб кетишимиз ҳам шундай жанжал билан бўлаяпти.

Бизнинг қатордагилар шовқин кўтариб, блокимиз назоратчисини чақирган. Мен шамоллаш аломатлари бўлгани учун ташқарига чиқмаяпман. Тушдан сўнг кўчада бақир-чақир бошланиб кетипти. Чиқсам, эпидемия ва осойишталик агентлигидан ходим келиб тушунтириш олиб бораётганди.

Гапларига қараганда тест натижалари ҳали етиб келмаганмиш. Лаборатория ҳеч қанақасига улгурмаётган экан. Катталар қачон жавоб аниқ бўлади деган талаб қолиб кетиб, муомала яхши бўлмади ва шароитдан нолишларга ўтиб кетди. Орада ўз орамизда жанжал ҳам бўлди.

Кимдир “сув бериб туришди”, деганига бошқаси “сув умуман бермади, мен уйдан олдириб турдим”, деб ичкаридан баклажкаларини кўрсатиб, бақириб кетди. Тартибсизлик ўз орамиздаям кучайган. Катталар ўрнак бўлмади.

Кейин, бир амаллаб вазиятни қўлга олиб, агентлик ходимига 2 соат ичида аниқ маълумот топиб келиб, бизга хабар беришини зиммасига юкладик. Ваъдасида туриди, лекин 4 соатлардан кейин келиди, эртага эрталабдан бошлаб хаммани уйма-уй тарқата бошлашларини маълум килди.

Агентлик ходимининг гапларига кўра, 1-чи тест яхши чиққан. Кўпчилик эшитмади буни ва хурсанд бўлиб кетишди. Баъзилар маскасиз эди. Шу куни баъзи қўшниларимиз ухламади, кўчада гаплашишиб ўтиришди. Биз вақт ўтказиш учун контейнердошлар билан компьютерда ўйин ўйнадик.

Ташқарига кўп чиқмадим. Аксираман, овозим ҳам сал ўзгарган. Орада маълумот қидириб ташқарига чиққанимда, менга “маскангизни ечиб юраверинг”, деб ҳам қўйшди. Агентлик ходими “биринчи тест” деб айтди, десам гапимга эътибор беришмади.

Ташқаридагилар бир-бирлари билан телефонларини алмашишган, унга бу берган, бундан у олган, асосан, сигареталар алмашишган. Маскага энди эътибор беришмаяпти. Баъзилар шундоқ ҳам маскани бурнининг, иягининг остидан тақиб юрарди.

15-кун: Тонг отиши билан кўпчилик кўчага чиқиб олган. Вақт ўтмаяпти. Шамоллаш аломатларим пасайган. Бурним, томоғим анча яхши. Температурам чиқмади шу кунлари. Хурсандаман. Уйдагиларни огоҳлантириб қўйдим, агар қўйиб юборишса, уйда маскада юришим ҳақида.

Эрталабки соат 8:00 лардан қачон кетамиз, деб яна талаб қила бошладик. Кўпчилик кўчада. Санэпидем ва осойишталик агентлиги ходимига телефон қилишни бошладик. Кечагина эртага эрталабдан олиб чиқаман, деб ваъда берган одам бугун хозир бораман, гап бор деяпти.

Яна тушунмовчилик, яна мавҳумлик. Ҳеч ким нима бўлаётганини тушунмаяпти. Тушликни соат 11:00 лардан ўтиб берди. Шу билан бироз вақт ўтди, алданиб турдик. Кейин телефон ва паспортларимизни қайтариб беришди ва ҳаммамиз контейнердан чиқмаслигимизни сўрай бошлашди.

Ходимлар ва ҳамширалар яна скафандрларга бурканиб олишди, очкиларини тақишган. Бироз эскирган маскаларини икки қаватлаб тақиб олишди. Менимча, уларга ҳақиқатан ҳам ҳимоя воситаларини етарлича таъминлаб беришмаяпти. Ишқилиб, бу ерда нимадир бор, деган ҳаёл ўтди.

Бизга 1-чи тест тоза чиқди дейишганди. 2-чи тест ҳам яхши чиққан, чунки ҳеч кимни олиб кетишга келмади, деб хурсанд қилганди. Аслида эса бизнинг қаторда вирусга чалинганлар бор экан. Телефонда сизларда 130 та янги ҳолат аниқланди, деган экан.

Бу 130 та ҳолат 805 одам сақланаётган блокдами, бутун зонадами, ёки Нью-Йоркдан келган рейсдами, буниси билмадик. Тушга яқин врач ҳамма хонасида бўлишини ва 1-чи бўлиб касалларни, кейин контейнерда бўлганларни, кейингина қолганларни олиб чиқиб бошлашини тушунтирди.

Соат 12:00 ларда бизнинг қатордан 3 та ёки 4 та ҳамюртимизни хонасидан олиб чиқиб кетишди. Шулар орасида, мен телефон бериб турган ёши катта хола ҳам бор эди. Кечагина хаммада тест натижаси манфий дейишганди-я. Шунча одам маскасиз мулоқотлар қилганди-я.

Вақт секинлашиб қолди. Айтганидек, бизнинг навбат келди.Тушдан сўнг соат 15:00 ларда секин қўзғалиа бошладик. Қўлимизга ваъда қилинган қоғозни бермади, лекин. Орада бизга келиб, сизлардан ҳам касал чиқдими, деб сўраб кетишди. Ўзлариям билмайдими контейнерларни, деб қўйдик.

Соат 16:00 ларда Исузу автобуслари келди. Дарвоза олдида одамлар тўпланишган. Баъзилар маска тақмаган. Кутдим охирлашини. Исузулар ярими одамга, ярими багажларга тўлди. Мен 4- бўлибми автобусга чиқдим. Оёқ қўядиган жой йўқ. Ичи тўла. Консерва банкадек.

Автобус бироз юриб тўхтади. Бизни қаерга олиб бориши хақида аниқ жавоб йўқ: кимдир Южный вокзалга деса, кимдир Собир Раҳимовга дейди. Шофер ҳам билмаскан. Вилоятдан келганлар сарсон. Эртадан поездлар юриши тўхтайди. Автобус турипти бошқаларни кутиб.

Биз ўйлагандикки яна 3 та Исузу қўшилса колонна тайёр бўлади ва юрамиз, деб. Ярим соатдан кейин юрдик. Лекин КППга яқинлашишимиз билан автобус яна тўхтади. Нега тўхтадик, нимани ва қанча кутишимизни шофер ҳам билмас экан. Унинг ҳам биринчи марта чиқиши экан.

Нечта автобус кутдик, билмайман. Бир соатча турдик шу бош КПП олдида ҳам. Орада кимнингдир чақалоқи бақириб йиғлаяпти. Автобус ичида ҳаво қолмаяпти. Исиб, қайнаб кетти ичи. Карантин зонада фақат Узмобайл ишларкан.

Уйдагиларга қаерда бизни кутиб олишини айта олмаяпмиз. Кимдир КППдан чиқиш билан деяпти. Шофер КППдан кейин тўхтамайман, деганига қарамасдан, яна ниманидир кутиш учун ярим соатга КППдан ўтиб тўхтаб турдик.

Одамлар автобусдан тушиб дуч келгандан сўраяпти, қаёққа олиб боради бизни, вилоятларга кетишимиз қанақа бўлади, 19:00 даги поезд юриб кетти ва ҳоказо. Соат ҳам кечки 19:00 бўлиб қолганди. Ҳар доимгидек ҳеч ким ҳеч нимани билмайди.

“Северный” вокзалга яқинлашганда шофер билан бизни “Южный” вокзалга олиб боришини келишдик. Уйдагиларга айтдик. “Южный” вокзал ёнидаги кўприкка келганда, бизнинг автобус ўнгга кириб кетди вокзалга қараб, бошқалар эса шу Собир Раҳимовга кетди.