$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

1 миллион инсоннинг ҳаётини асраб қолиш мумкин, агар...

Tuz Salt туз соль

Кунига 5 грамм туз истеъмол қилиш меъёр ҳисобланиб, организмда ортиқча муаммо келтириб чиқармайди. Аксарият инсонлар доимий равишда бу меъёрни ошириб юборади, кўпинча ҳатто буни билмайди ҳам. Айниқса, фаст-фуд каби овқатлар яширин тузни ўз ичига олади. 

Айни пайтда, туз истеъмолининг рухсат этилган меъёрларини мунтазам равишда ошириб юбориш соғлик учун жуда хавфлидир ва жиддий касалликларнинг ривожланишига олиб келиши мумкин.

Дунё бундан хабардорми?

Келинг, ҳолатни узоқдан эмас, қўшниларимиздаги тажрибалардан солиштириш орқали ўрганиб кўрайлик. Қирғизистон ҳукумати аҳоли томонидан туз истеъмолини камайтириш чораларини кўрмоқда. 

Хусусан, ресторан ва кафеларда стол устига тузли идишлар қўйишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда — улар фақат ташриф буюрувчиларнинг илтимосига кўра тақдим этилади. 

Бундан ташқари, таркибида туз миқдори юқори бўлган маҳсулотлар учун рангли кодлар жорий этиш режалаштирилмоқда – яшил, сариқ ва қизил ранглар истеъмолчиларни соғлиқ учун хавф туғдиришидан огоҳлантиради.

Ушбу қадамлар тузни ортиқча истеъмол қилиш билан боғлиқ соғлиқ учун хавфларни камайтиришга қаратилган. 

Шунингдек, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодий ривожланиш вазирлиги билан биргаликда носоғлом маҳсулотларга солиқ солиш ва таркибида бундай зираворлар кўп бўлган маҳсулотларни маркалаш чораларини ишлаб чиқмоқда. 

Вафот этиш сабаби – 58,9 фоиз ҳолатда юрак-қон томир касалликлари

Маълумотларга кўра, ош тузини кўп истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари ривожланишига сабаб бўлаётган асосий омил ҳисобланади.

Дарҳақиқат, нафақат Қирғизистонда, юртимиз аҳолиси орасида ҳам юрак-қон томир касалликлари тобора кўпайиб бормоқда. 

Масалан, Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь–сентябрь ойларида вафот этганлар сони 129,7 минг киши бўлса, қайд этилган ўлим ҳолатларининг 58,9 фоизи юрак-қон томир касалликларидан келиб чиққан.  

Ўзбекистонда ош тузи истеъмоли даражаси меъёридан юқори

Юрак-қон томир хасталигининг келиб чиқишига катта сабаблардан бири эса, албатта, ортиқча туз истеъмоли. Буни тадқиқотлар ҳам исботлаган. 

Ўзбек шифокорларининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) экспертлари билан биргаликда олиб борган тадқиқотлари натижасида Ўзбекистонда ош тузи истеъмоли даражаси меъёридан юқори экани аниқланган.  

 46,5 фоиз аҳоли ўртасида истеъмолнинг юқори даражаси

Маълумотларни йиғиш ишлари республиканинг беш ҳудудида олиб борилиб, катта ёшли аҳоли ўртасида туз истеъмолининг ўртача кўрсаткичи кунига 14,9 грамни ташкил этиши аниқланган. 

46,5 фоиз аҳоли ўртасида истеъмолнинг юқори даражаси (кунига 15 г дан кўп), 53,2 фоизида ўртача (7,5−15 г) ва 0,3 фоизида паст (7,5 г дан кам) натижа қайд этилди. 

Бунда ЖССТнинг тавсия этган миқдори кунига 5 г дан камроқни ташкил этади.  

Иммунитетнинг заифлашиши

 Ортиқча туз истеъмоли нафақат қон босимида, балки мушакларнинг кучсизланиши ва томир тортишишини келтириб чиқаради, шунингдек, иммунитетнинг заифлашишига ҳам олиб келиши мумкин.

Тадқиқотга кўра, организм вирусли инфекцияларга қарши курашиши керак бўлган ресурсларнинг бир қисмини ортиқча тузни йўқ қилиш учун сарфлайди. 

Бунинг натижасида иммуноглобулин етарли миқдори ишлаб чиқарилмайди ва касалликка чалиниш хавфи ортади. 

 Буйрак касаллиги

Бундан ташқари агар туз кўп истеъмол қилинса, пешобдаги оқсил миқдори ортади ва бу буйрак касаллиги ҳамда буйрак тош пайдо бўлишига олиб келиши мумкин бўлган асосий хавф омилларидан биридир. 

Буйраклар соғлом ва ўз ишини яхши бажараётган бўлса-да, иложи борича узоқ вақт уларнинг яхши ҳолатини сақлаб қолиш учун туз миқдорини назорат қилиш тавсия этилади.

 Ошқозон яраси

 Ортиқча туз ўз-ўзидан ошқозон ярасини қўзғатиши мумкин эмас, аммо агар шиллиқ қават Helicobacter pylori бактериялари туфайли аллақачон зарарланган бўлса, натрийни ортиғи билан истеъмол қилиш хавфни бир неча баробарга ошириши мумкин. 

Гипертония

Туз танада суюқликни узоқ вақт ушлаб туради, бу юракнинг ишлашини қийинлаштиради. Охир-оқибат қон босимининг ошишига олиб келади.

Агар қон босими мунтазам равишда кўтарилса (130/90 ва ундан юқори), туз истеъмолини иложи борича камайтириш лозим.

Гипертоник инсонлар учун овқат тайёрлаётганда овқатга умуман туз солмаслик керак. Организмга керакли туз истеъмол қилинаётган бошқа тайёр маҳсулотлар таркибидаги ош тузи ҳисобига ҳам қондирилади. 

Масалан нон, кефир, колбаса каби маҳсулотлар таркибида ҳам туз кўп бўлади.

Кичик маҳсулотнинг катта хавфи

Кўриб турганингиздекб биз эътиборга ҳам олмайдиган, кунлик ратционимиздан катта жой олган ушбу маҳсулот саломатлигимиз учун жиддий хавф туғдиради. 

Шундай экан юртимизда ҳам аҳоли орасида ушбу мавзуда тушинтириш ишларини олиб бориш, ҳукумат миқёсида туз истеъмолини қисқартириш бўйича вазифаларни белгилаб олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Тадқиқотларга кўра, миллиарддан ортиқ аҳолининг кунлик туз истеъмолини 1 граммга камайтириш орқали миллионлаб инсонлар ҳаётини асраб қолиш мумкин. 

Чунки бу юракнинг ишемик касаллиги хавфини 4 фоизга ва инсулт хавфини 6 фоизга камайтиради.