Ўзбекистон орқали Туркманистондан Қирғизистонга электр энергияси етказиб берилди
Ўзбекистон орқали Туркманистондан Қирғизистонга электр энергияси етказиб берилди
2 daqiqa o‘qiladi

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган «Тоқтогул» сув омборида сув сатҳи йилдан йилга камайиб бормоқда. Бу – минтақанинг энергетика тизими ва қишлоқ хўжалигига салбий таъсир қилади. Шу жиҳатдан, куз-қиш мавсумида Туркманистон газидан ишлаб чиқарилган электр энергияси Ўзбекистон орқали Қирғизистонга етказиб берилди.
2021 йилнинг 11 мартида Қирғизистон Энергетика ва саноат вазирлиги ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги ўртасида баённома имзоланганди. Унга мувофиқ, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш тасдиқланган жадвалларга мувофиқ амалга оширилади.
«Марказий Осиё минтақасида сув тақчиллиги ҳисобга олиниб, «Тоқтогул» сув омборининг ўта оғир даражага тушишига йўл қўймаслик мақсадида томонлар хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги келишувларга асосан Туркманистон газидан ишлаб чиқарилган электр энергияси Қирғизистонга етказиб берилди.
Шу билан бирга, шартнома асосидаги келишувларга мувофиқ, электр энергиясини Туркманистондан Қирғизистонга Ўзбекистон энергетика тизими орқали транзит қилиш энергетика тизимларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, томонларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида 2023 йилда Туркманистон электр энергияси транзитини таъминлашга қаратилган тегишли шартномалар имзоланган.
Икки мамлакат Энергетика вазирликлари ва энергетика корхоналари ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва энергетика тизимлари ишлаш режимининг изчиллиги тамойиллари асосида амалга оширилмоқда», дейилади Энергетика вазирлиги баёнотида.
Маълумот учун, Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган «Тоқтогул» сув омборида сув сатҳи йилдан йилга камайиб бормоқда. Бу – минтақанинг энергетика тизими ва қишлоқ хўжалигига салбий таъсир қилади.
Марказий Осиё давлатлари электр энергия тизими ўзаро мувофиқликда фаолият юритади, шу боис бир мамлакатда содир бўлган йирик авариялар бир лаҳзада бошқа давлатлар электр таъминотида сезилади. Шу билан бирга, ўзаро боғлиқ иш фаолиятига эга минтақанинг электр энергетика тармоғи бир-бирини қўллаб-қувватлаш, йирик авария ҳолатларнинг олдини олишга кўмаклашиш имконига ҳам эга.



