$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Эндиликда уйлар текиндан-текинга ижарага берилса ҳам солиқ тўланади

Уй Uy

Эндиликда ўзига тегишли кўчмас мулкни бошқасига текинга фойдаланиш (ижара)га берса ҳам, у учун даромад солиғи тўлайди. Фақат, яқин қариндошлар орасидаги текин ижаралардан ташқари.  

Яқинда даромад солиғи учун минимал ставкалар белгиланган эди

Бундан бир неча кун олдин сайтимизда 2024 йилда мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳақида хабар жойлаган эдик. 

Мазкур ставкалар ижарага берилган объектлардан олинадиган даромад солиғи олиш мақсадида белгилаб қўйилган эди. 

Унга кўра, турар жойни ижарага бериш бўйича энг кам ставка Тошкент шаҳрида 1 метр кв. учун 25 минг сўм, Нукус шаҳри ҳамда вилоят марказларида айнан шу ҳажмга 12 минг сўм, бошқа аҳоли пунктлари учун эса 1 метр кв. нархи 5 минг сўм, шунингдек, енгил автомобилни ижарага беришнинг энг кам ставкаси ойига 780 минг сўм, микроавтобус, автобус ва юк автомобили учун 1 млн 550 минг сўм қилиб белгиланган.

Текин бўлса ҳам солиқ тўлайди

Эндиликда мулкдор ўзига тегишли кўчмас мулкни яқин қариндошларидан бошқа шахсларга шартнома асосида бепул фойдаланишга берса ва бундан даромад кўрмаса ҳам, кўчмас мулк умумий майдонининг ҳажмидан келиб чиқиб солиқ тўлаши керак бўлади.

Мисол қилиб келтирадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида 40 квадрат метр майдонга эга 2 хонали квартирани белгиланган энг кам ставкага асосан ойига 1 млн. сўм ижара ҳаққи белгиланган бўлса, ушбу хонадон текин фойдаланишга берилган тақдирда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 12 фоизига тенг равишда – ойига 120 минг сўм солиқ тўлашга мажбур бўлади.

Бундан мустасно ҳолатлар

Бу ерда кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномаси яқин қариндошлари билан тузилганда юқорида келтирилган текин ижара учун тўланадиган солиқ бекор қилинади. Яъни турар жой яқин қариндошларига текинга фойдалангани берилса ҳам, ҳеч қандай солиқ тўламайди. 

Маълумот учун, яқин қариндошлар деганда ота-она, эр ёки хотин, фарзандлар, ака-укалар ва опа-сингиллар тушунилади. 

Бунда ташқари, Солиқ кодексининг 378 моддасида солиқ солинмайдиган даромад турлари келтириб ўтилган. 

Унга кўра, ушбу модданинг 19.1 бандида солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадларига солиқ солинмайди деб кўрсатилган. Буни асос қилиб оладиган бўлсак, талабаларни ўз уйларига ижарага қўйиш орқали ижара ҳақидан даромад топаётган шахсларнинг ушбу даромадларидан даромад солиғи олинмайди.