Қиммат уй-жойлар қурилишидан кимга нима наф?
Нега ҳам cифатли, ҳам оддий аҳоли эшитганида лабига учуқ тошмайдиган нархлардаги уй-жойлар ҳеч кўпаймайди? Ёки қурилаётган ҳамма уйлар бойлар, уларнинг ижарачилар ортидан даромад олиши учунми?
2 daqiqa o‘qiladi

Яқинда Тошкентда икки хонали уй олиш учун 10 йил емай, ичмай йиғиш кераклиги, нархлар “пуфак хавфи” чегарасига етгани ҳақидаги тадқиқотни эълон қилган эдик.
Дарҳақиқат, бугун кўпчилик ёш оилалар учун пойтахтдан уй олиш ушалмайдиган орзулар қаторига кириб бўлган, ижара нархлари эса осмонга етай деб қолган.
Аҳоли кўпайиши фонида уй-жойга талаб ортяпти, деб ўйласак, уй-жой қуриш ҳажми ҳам чакана эмас, каррасига ортмоқда. Халқпарвар ҳукуиат бу борадаги статистикаларни бот-бот такрорлайди ҳам.
Уй-жой қуриш ҳажми 1,5 бараварга ортган
Масалан, 2023 йилда республикамиз бўйича жами қурилиш ишлари ҳажми 140 трлн. сўмдан ошиб, 107 фоизга ортган. Бунда асосан, кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа, инфратузилма объектлари, муҳандислик коммуникациялари ва йирик ишлаб чиқариш иншоотлари қурилишига оид мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши ҳамда ташаббусли бюджет тизимининг жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди.
2023 йилда уй-жой қуриш ҳажми 1,5 бараварга ортиб, 90 минг хонадонли уйларда қурилиш ишлари ташкил этилди.
602 та кўп қаватли уй
2023 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомидаэса 24 185 та хонадонли 602 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган..
Қайд этилишича, уйлар қурилиши кўпайиши Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона ва Навоий вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Таҳлилларга асосан қурилаётган кўп қаватли уй-жойларнинг қаватлилиги ошиб бормоқда ўтган йилда қурилган уйларнинг ўртача қаватлилиги 5 қаватни ташкил қилган бўлса, жорий йилда кўрсаткич 7 қаватга тўғри келмоқда.
Уйлар фақат бойлар учун қуриляптими?
Бу рақамларни кўриб, Ўзбекистонда битта ҳам уйсиз қолмаган, деган тасаввур уйғониши табиий. Аммо нархи ўрта қатлам учун ҳам ниҳоятда қиммат бўлган уйларнинг миллионлаб қурилишидан нима наф?
Нега ҳам cифатли, ҳам оддий одамлар эшитганида лабига учуқ тошмайдиган нархлардаги уй-жойлар ҳеч кўпаймайди? Ёки қурилаётган ҳамма уйлар бойлар учун, ижарачилар ортидан даромад олиши учунми?
Ана ипотека кредитлари, субсидиялар борку, дерсиз. Ҳозирги кунда имтиёзли (фоиз ставкаси 17 фоиз) ипотека кредитининг максимал миқдори 416 миллион сўмни, кредит муддати 20-йилни ташкил этади. Ушбу шартларда ипотека кредити олинган тақдирда ойлик тўловлар 6,1 миллион сўмга тенг бўлади.
Энди ўйлаб кўринг, аҳолининг неча фоизи ҳар ой 6 миллион сўм ёки ундан юқори тўловларни амалга ошира олади?



