$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон Хитой билан яқинлашишда давом этмоқда

Ташқи савдо айланмаси

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо айланмаси 62,6 млрд АҚШ долларига етган.

Хитой Ташқи савдо айланмасида биринчи

Ташқи савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 12,1 млрд АҚШ долларига ёки 23,9 % га ошган бўлиб, Ўзбекистон 2023 йилда жаҳоннинг 198 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширган. Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (21,9 %), Россия (15,8 %), Қозоғистон (7 %), Туркия (5 %) ва Корея Республикасида (3,7 %) қайд этилган. Рақамларга кўра Экспорт ҳажми – 24,4 млрд. (23,8 %) га ошган бўлса, импорт ҳажми – 38,1 млрд. (24 %) га ошгани маълум бўлди.

2022 йилги ҳолат

Таққослаш учун ўтган йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистон жаҳоннинг 204 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширган ва 2022- йилнинг январь-декабрь ойлари якуни билан республиканинг ташқи савдо айланмаси 50 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2021- йилга нисбатан 7 837,9 млн. АҚШ долларига ёки 18,6 % га кўпайган.

Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Россия (18,6 %), Хитой (17,8 %), Қозоғистон (9,2 %), Туркия (6,4 %), Корея (4,7 %), Қирғиз Р. (2,5 %) ва Германияда (2,3 %) қайд этилган.

"Хитой куч билан эмас, қарздор қилиб ютиб юборади"

Юқоридаги таққослашга таянадиган бўлсак, Хитой Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Россияни қувиб ўтганига гувоҳ бўламиз. Қизиқарлиси, охирги вақтларда мамлакатимиз Хитой Халқ Республикаси билан кўплаб соҳаларда яқинлашмоқда. Маълумот учун, Статистика агентлиги расмий саҳифасида келтирилган маълумотларга кўра, 2023 йилнинг якуний ҳолатига республикамизда фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 14 053 тани ташкил этган. Бу кўрсаткичга ҳам назар ташласак, Хитой Туркияни қувиб ўтганига гувоҳ бўламиз. Хитой билан иқтисодий масалаларда яқинлашув ҳақида ўз номини аноним кўрсатилишини хоҳлаган иқтисодчилардан бири "Хитойнинг сиёсий психикасини биласиз. У куч билан эмас, қарздор қилиб ютиб юборади.", - дея "туманли келажак"дан огоҳлантирган эди.