$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

“Майда-чуйда “будкача”лардаги бизнеслар қоляпти, холос”: Ўзбекистон нега инвесторлар учун жозибадор эмас?

инвестор бизнес

Суд тизимининг эркин эмаслиги ва қонун устуворлиги таъминланмагани, ҳамкорлар заифлиги, монополиялардан “нон” қолмаётгани, баъзи шахсларнинг аралашуви — хорижлик инвесторлар нима сабабдан Ўзбекистондаги корхоналари фаолиятини тўхтатган?

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари сўнгги олти йилда четдан қарийб 50 миллиард доллар инвестиция киргани, аммо бу нега ялпи ички маҳсулотда акс этмаганини танқид қилди. Биз охирги икки йиллик натижалар юзасидан мушоҳfда юритишга ва мутахасислар фикри билан қизиқишга уриндик.

1 748 та корхона фаолиятини тўхтатган

Статистика агентлиги расмий саҳифасида келтирилган маълумотларга кўра, 2023 йил 1 январь ҳолатига республикамизда фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 15 801 тани ташкил этган. Жорий йилнинг худди шу куни ҳисобига ушбу натижалар — 14 053 та. Кўриб турганингиздек, 1 748 та қўшма ёки хорижий корхоналар ўз фаолиятини тўхтатган ёки ёпилган.

Хитой Туркияни “қувиб ўтди”

Хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг давлатлар кесимидаги ўрнида ҳам ўзгаришлар юз берган. 2022 йилга кўра жадвал қуйидагича бўлган:

— Россия – 3 156 та

— Туркия – 2 204 та

— Хитой – 2 141 та 

— Қозоғистон – 1 258 та

Бу йилги кўрсаткичларга кўра, Хитой Халқ Республикаси ўтган йилда вазиятни кескин ўзгартирган:

— Россия – 3 044 та

— Хитой – 2 337 та 

— Туркия – 1 883 та

— Қозоғистон – 1 064 та

Корхоналарнинг фаолияти якунланишига сабаб нима?

BBC'нинг Ўзбекистон янгиликларига бағишланган бўлими нима учун 1 748 та корхона билан бундай вазият юзага келгани ва вазият қай томонга қараб кетаётгани ҳақида иқтисодчилар билан суҳбатлашибди. Фикрлар иқтисодчилар илтимосига кўра, аноним тарзида эълон қилинган.

Ишлаб чиқариш Хитой қўлига ўтадими?

"Хитой Ўзбекистонда демпинг сиёсатини олиб боряпти, яъни маҳсулот ва хизматларни сунъий тарзда пасайтирилган нархда сотмоқда. Ишлаб чиқариш бу кетишда тўлиқ Хитой қўлига ўтиб кетади, шекилли", - дейди биринчи иқтисодчи.

Қарздор қилиб қўйиш 

Иккинчи иқтисодчининг фикрларига кўра, Хитой йил охиригача жадвалда биринчи ўринга чиқиб олади. "Хитойнинг сиёсий психикасини биласиз. У куч билан эмас, қарздор қилиб ютиб юборади. У Туркия, Россия ё Қозоғистонникидан манфаатлироқ шартлар таклиф қиляпти, арзон ва осон шартлар", - дейди иқтисодчи.

Россия ва Туркия алоқалари жозибасизлашмоқда

Унинг сўзларига кўра, Россия билан тўғридан-тўғри ишлаш борган сари самарасини йўқотмоқда, чунки халқаро санкциялар хавфи бор. Туркияда эса ички иқтисодий инқироз ҳукм сурмоқда. У яна шуни таъкидлаганки, Владимир Путин бу йил сайловда яна ютса, Россия иккинчи Шимолий Кореяга айланади. Туркия ҳам Хитойникидек шартларни таклиф қила олмайди, чунки ўзининг иқтисоди абгорлашиб бормоқда.

Инвесторлар ҳам ўзимизникиларми?

Учинчи иқтисодчи ушбу статистикага жуда жиддий қараш керак эмаслигини айтиб, кўпчилик чет эл фирмалари эгалари, барибир ўзбекистонликлар эканлигини қўшимча қилган. "Солиқ администрациясининг кучайиши туфайли, балки, мазкур фирмаларини бошқа жойда очишаётгандир", - деган у. Шу ўринда, ўтган йил охирида Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган қонунга биноан, қатор маҳсулот ва хизматлар, хусусан алкоголь, тамаки, нефть маҳсулотлари учун солиқ ставкалари 2024 йилдан оширилганини таъкидлаш жоиз.

Айрим шахслар ва олигархлар аралашуви

Яна бир иқтисодчи иқтисодиётда баъзи шахсларнинг аралашуви кучайишда давом этаётган, кўплаб давлат корхоналари харидларида, таъминот занжирларида, муҳим ликвид товарларда шу шахсларга яқин одамлар ёки бошқа режимга яқин олигархлар ўтиргани ва таннархни қимматлаштираётганини айтди. “Барча истиқболли лойиҳаларда ҳам шу аҳвол - ҳеч йўғи қандайдир улушда ўтиришлари лозим", - дейди аноним иқтисодчи.

“Марказий банк ҳам суд тизимидек қарам”

Тўртинчи шахс чет эл тадбиркорлари билан ишлайдиган ҳамкорлар заифлиги, улар давлат структуралари билан яхши бўлиб, контрактлар топа олса, иш яхши кетишини билдирган. У яна монополиялар туфайли кичик ва ўрта бизнесга нон қолмагани, аслида, айнан, шу қатлам инвестиция олиб келиши кераклигини айтган. Биринчи экспертнинг айтишича, Ўзбекистонда суд тизимининг эркин эмаслиги ва қонун устуворлиги таъминланмагани хорижий компаниялар сони ўсишига тўсиқ бўлмоқда.

“Банклар инвалид бизда. Марказий банк ҳам суд тизимидек қарам. Савдони протекционизм балоси билан хаспўшлаш билан овора бўлишяпти. Майда-чуйда “будкача”лардаги бизнеслар қоляпти, холос”, - дея фикрини якунлаган у.

Демак, юқоридаги айтилгани каби банк, суд-ҳуқуқ тизимлари ишида ўзгаришлар юз бермаса ёки монополиялашув ва айрим шахсларнинг қўштирноқ ичидаги аралашуви давом этаверса, кўп эҳтимол, вазият ўтган йилгидан-да ёмонлашиши ҳамда “ортга қараб, олға” шиорига ўтиб қолишимиз мумкин.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot