Метробуслар энди қаерларни боғлайди?
Тошкент шаҳар атрофидаги чекка ҳудудларни метро бекатлари билан боғлаш учун экспресс автобус қатновлари йўлга қўйилади.
2 daqiqa o‘qiladi

2024 Давлат дастури тўғрисидаги президент Фармони лойиҳаси муҳокамалар порталига жойланди. Дастурда келтирилишича, эндиликда Тошкент шаҳар атрофидаги чекка ҳудудларни метро бекатлари билан боғлаш учун экспресс автобус қатновлари йўлга қўйилади.
Автобус йўналишлари
Унга кўра, жамоат транспортини бошқаришнинг ягона интеллектуал тизими жорий этилади. Шаҳар атрофи ҳудудлари жумладан, “Назарбек” ҳудудидан Чорсу ва Пахтакор метро бекатигача ҳамда “Учқахрамон” ҳудудидан Юнусобод деҳқон бозори ва Шаҳристон метро бекатигача алоҳида экспресс автобус йўналишлари ташкил қилинади.
Маълумот учун, 2023 йил “Юнусобод” ҳамда “Туркистон” метро бекатлари таъмирланиши муносабати билан “Шаҳристон”дан “Туркистон” метро бекатигача метробус қатновлари йўлга қўйилган эди.
Кўчалардаги ҳаракатлар бир томонлама бўлади
Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳрида тирбандликларнинг олдини олиш учун қуйидаги ишлар қилинади. Жумладан, транспорт оқимини таҳлил қилган ҳолда айрим кўчаларда бир томонлама ҳаракат ташкил этилиб, олий таълим муассасаларида ўқиш вақтларини мақбуллаштириш ҳисобига тиғиз вақтларда транспортга бўлган юклама камайтирилади.
Йўл четида тўхташлар пуллик тизимга ўтмоқда
Бундан ташқари, тиғиз вақтларда катта ҳажмли ва оғир вазнли юк автомобилларининг ҳаракатланиши чекланади ёки тартибга солиниши режалаштирилмоқда. Шунингдек, 255 та чорраҳа ва кесишмалар мувофиқлаштирилган светофор бошқаруви – “ақлли светофорлар” тизимига ўтказилади. Шу билан бирга лойиҳада, Камида 10 та кўчада йўл бўйи пуллик тўхташ жойлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Шаҳарга кирувчи асосий автомобил йўлларида эса вазн ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ташкил этилади.



