$
 12198.28
-30.3
 14241.49
-41.49
 156.57
0.61
weather
+26
Кечаси   +14°

Қашқадарёда ҳам «темир дафтар» билан боғлиқ «томоша» қўйилди

Қашқадарёда ҳам «темир дафтар» билан боғлиқ «томоша» қўйилди Фото: Kun.uz

15 сентябрь куни 21:20 да Kun.uz нашрида «Темир дафтар“ бўйича навбатдаги спектакль. Ролларда яна маҳалла раиси ва туман мутасаддилари» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Бироқ кейинчалик мазкур мақола сайтдан ўчириб ташланган. Шунга қарамай унинг нусхаси Google-кэшда сақланиб қолган.

Унда нималар ёзилганди?

7−8 сентябрь кунлари Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журналистлар учун «темир дафтар»га киритилган ва ёрдам кўрсатилган оилаларнинг шароитлари билан танишиб чиқиш мақсадида Қашқадарё вилоятига пресс-тур ташкил қилганди.

У ерга борган журналистлар орасида, ушбу мақола муаллифи Илёс Сафаров ҳам бўлган. Унинг ёзишича, Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров Яккатут маҳалласидаги 81 нафар фуқаро оилавий шароити оғирлиги ва коронавирус пандемияси пайтида даромадини йўқотиши сабабли «темир дафтар»га киритилганини айтган.

Алишер Зокиров ушбу фуқароларнинг 6 нафарига маҳалладаги “самарасиз” 10 гектар боғ ҳудуди сабзавотчилик фермер хўжалиги сифатида бўлиб берилгани ҳақида айтган. Маҳалла раиси Баҳодир Янгибоев ҳам: «бу одамлар «темир дафтар»да бўлгани учун уларга ер бердик ва яқин орада камбағаллик рўйхатидан ҳам чиқармоқчимиз, чунки энди улар доимий даромадли кишилар» — деган.

Аммо солиштиришда кўрсатилган 6 нафар фуқародан фақатгина бир нафари маҳалланинг «темир дафтар"ига киритилган, яна бир фуқаронинг ҳолати эса баҳсли бўлиб чиққан.

И. Сафаровнинг ёзишича, маҳалла раиси Баҳодир Янгибоев буларнинг барчасига ер олган одамларнинг ўзи, уларнинг билимсизлигини сабаб қилиб кўрсатган, «мужмал» жавоб қайтрган. «Шу ерда картошка экканлар биз ҳам «темир дафтар»да бормиз, деб ўйлашди. Улар тушунмаган», — дея жавоб қилган раис.

Ўз навбатида, туман ҳокими Алишер Зокиров ҳам ерни тақсимлаш пайтида фақат икки киши муҳтожлар рўйхатида бўлганини тан олган. «Ўша пайтда сиз савол берганингизда маҳалла раиси 6 киши деб айтди. Суриштириб кўрганимизда эса мен адашдим, деяпти. Лекин ўша жойда сиз кўрган инсонларнинг барчаси кам таминланган кишилар эди, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам «темир дафтар»га кирмаган», — унинг сўзларини келтиради Kun.uz.

Журналистга кўра, маҳалла раиси вилоят расмийларидан журналистлар келаётгани сабаб аҳоли билан олдиндан тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ олган. Бундан ташқари, у билан суҳбатда, ер олувчилардан бири «темир дафтар»га киритилган бўлса-да, муҳтожлар рўйхатида бор ёки йўқлигини билмаслигини айтган.

Ўчириб юборилган мақолада ҳудуддаги ижобий ишлар ҳам тилга олинган. Хусусан, шу маҳаллада яшайдиган «темир дафтар» га киритилган 80 ёшли Норчучук Бегалиева уни доимий равишда озиқ-овқат (ун, мой, гуруч, макарон, гўшт) таъминлаб туришларини, яқинда унга 1 млн. сўмлик ёрдам берилганини айтган.

Гап шундаки, нашр бундан аввал ҳам ушбу мавзуни кўтарганди. Ўшанда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида «Темир дафтар»га киритилган камбағал хонадон вакили деб мухбирларга таништирилган йигит маҳалла раисининг ўғли бўлиб чиққанди. Якунда маҳалла раиси лавозимдан бўшаш ҳақида ариза ёзган, Бош прокуратура эса туман прокурорига ҳайфсан берганди.

Ҳозирча Kun.uz нашри мақолани нима сабабдан ўчиргани маълум эмас.

Эслатиб ўтамиз, «темир дафтар»га маҳаллалар орқали давлатдан моддий ёрдамга муҳтож бўлган аҳолининг заиф қатламини ташкил қилувчи оилалар киритилади. «Темир дафтар» рўйхати маҳаллалар раислари ва сектор вакиллари томонидан уйма-уй юриб, фуқароларнинг моддий аҳволи ва турмуш шароитларини ўрганиш орқали шакллантирилади ва эҳтиёжмандлар маълумотлар базасига киритилади.

Рўйхатга:

— Оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ногиронлари ва сурункали касалликка чалинганлар;

— Якка ёлғиз кексалар, бевалар ва ўзгалар қарамоғига муҳтожлар;

— Беш ва ундан ортиқ фарзанди бор оилалар;

— Карантин чоралари натижасида даромад манбаини йўқотганлар;

— Ҳақиқатда эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтож оилалар киритилади:

Шунингдек, бу рўйхатга кирган оилаларга, ишга жойлашиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда ҳам кўмак берилади.

Теги :
Jamiyat