Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

Талабалар таълим кредити ололмай сарсон

2023 йилда 12 та тижорат банкига таълим кредитлари ажратиш учун 543 млрд. 154 млн. сўм депозит маблағлари 14 йил муддатга жойлаштирилган.

2 daqiqa o‘qiladi

Талабалар таълим кредити ололмай сарсон

Бугунги кунга келиб таълим кредити бериладиган 12 та банкнинг фақатгина иккитасида таълим кредитлари берилмоқда. Бошқа тижорат банкларида имтиёзли таълим кредит ажратиш тўхтатилган. Бунга сабаб қилиб банклар томонидан ажратилган таълим кредитлари Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан қоплаб берилмаётгани кўрсатилган.

Бир йилга ҳам бормаган кредит тарихи

Энди минглаб ёшларга умид берган ва бир йилга ҳам бормай сарсон-саргардонликларга сабаб бўлаётган имконият тарихга назар ташласак: 18 июль куни президент “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.

Унга кўра, имтиёзли шартларда таълим кредитларини давлат бюджетидан ажратишнинг янги тизими жорий этилди. Бунда кредитнинг фоиз ставкаларини сўндириш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади.

Низомга кўра, таълим кредитини олиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига мурожаат қилиш талаб этилади.

 2022 йилда кредит учун маблағлар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари, суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ажратилди. 2023 йилдан бошлаб эса мазкур маблағлар фақат Давлат бюджети параметрларида акс эттирилди.

543 млрд. тугадими?

2023 йилда 12 та тижорат банкига таълим кредитлари ажратиш учун 543 млрд. 154 млн. сўм депозит маблағлари 14 йил муддатга жойлаштирилган.  

Бироқ бир йил ҳам бўлмай, октябрь ойининг ўрталаридан муаммолар бошланди. Ҳали у банк кредит ажратишни тўхтатади, ҳали буниси. Аксарият ёшлар шу маблағларга ишониб қолган ва контракт тўлашда қийинчиликларга ҳам дуч келмоқда.Бироқ орадан шунча вақт ўтди ҳамки, бу борада бирор расмий маълумот берилмади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъуллари, қачон уйғонасиз ўзи? Кўплаб талабалар кредит бериш нима учун тўхтатилди, қачон берилади, бериладими ўзи деган саволларига жавоб топа олмай ҳалак.

Балки озгина бўлса ҳам масъулиятни ҳис этиб, тижорат банкларига ажратилган 543 млрд. 154 млн. сўм маблағдан қанчаси таълим кредитига йўналтирилганлиги, ҳозирда қолдиқ маблағлар бор-йўқлиги, махсус жамғармадан йил якунига қадар яна қанча маблағ ажратиш режалаштирилганлиги ҳақида маълумот тақдим этарсиз.

Шундоқ ҳам бечора талабаларнинг ётоқхона учун маҳтал бўлиши, ижара топиш учун сарсон юриши етарли. Таълим кредити берилармикан деб у банкдан бу банкка қатнагани эса ортиқча…