Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

Тошкентда мурдаси топилган 5 талабанинг ўлими сабаблари очиқланди

Аввалроқ жорий йилнинг 27 февраль куни соат 20:50 ларда Юнусобод тумани, Фирдавсий МФЙ, Инжобод кўчаси, 61-уйда ижарада яшаб келган 5 нафар талабанинг мурдаси топилгани ҳақида хабар берилганди.

2 daqiqa o‘qiladi

Тошкентда мурдаси топилган 5 талабанинг ўлими сабаблари очиқланди

Аввалроқ жорий йилнинг 27 февраль куни соат 20:50 ларда Юнусобод тумани, Фирдавсий МФЙ, Инжобод кўчаси, 61-уйда ижарада яшаб келган 5 нафар талабанинг мурдаси топилгани ҳақида хабар берилганди.Суд тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасида талабаларнинг ўлими номаълум моддадан ўткир заҳарланиш натижасида юз бергани айтилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Республика суд тиббиёт экпертиза илмий-амалий марказининг якуний хулосаси тасдиқланди, дея хабар қилди «Daryo» нашри.

Қайд этилишича, воқеа жойидан олинган озиқ-овқат маҳсулотлари Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик хизмати томонидан текшириш ишлари олиб борилиб, текширув давомида хонадон эгаси Г.М., вафот этганлар билан бирга ижарада яшаган Н.А., «Бунёдкор-дудбўрон хавфсизлиги» компаниясининг дудбўронлар печка устаси З.Х. батафсил сўроқ қилинган.

Шунингдек, 26 февраль куни соат 22:00дан 27 февраль куни соат 9:00гача бўлган вақт оралиғида Инжобод кўчасидаги уйга қандай кучланишда табиий газ юборилгани ва одатий кунда табиий газ кучланишининг миқдори ҳақида «Ҳудудгазпойтахт»дан ҳамда Гидрометеорологик хизматидан шу вақт оралиғида бўлган об-ҳаво маълумотлари олинган.

Республика суд тиббиёт экпертиза илмий-амалий марказининг 15 мартдаги якуний хулосаларига кўра, ушбу талабаларнинг барчаси ис газидан ўткир заҳарланиш натижасидаги ўткир нафас ва юрак қон томирлари етишмовчилиги оқибатида вафот этган.

Вафот этган 5 талаба:

Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси М.У. (21 ёш, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Р.С. (23 ёш, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
Тошкент ахборот технологиялари университети иккинчи курс талабаси Д.Ғ. (21 ёш, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшаган);
Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти иккинчи курс талабаси О.И. (21 ёш, Андижон вилояти Булоқбоши туманида яшаган);
Тошкентдаги Инҳа университети биринчи курс талабаси С.Ҳ. (21 ёш, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшаган).