$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Сарҳисоб: Uz24.uz талқинида йилнинг энг муҳим воқеалари

2023

Жуда оз фурсатдан сўнг 2023 йилни якунлаб, 2024 йилга қадам қўямиз. Ўтаётган йил нималар билан эсда қолди? Ижтимоий тармоқда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа-ҳодисалар асосида Uz24.uz нашри йил номинацияларини тузди.

Йил воқеаси

Ўзбекистонда якунланаётган йил учун, ҳеч шубҳасиз, энг асосий воқеа — конституция учун референдум ўтказилгани бўлди. 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдуми натижаларига кўра, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иштирок этганларнинг 90,2% ёқлови билан қабул қилинди.

Референдумдаги асосий ўзгаришлар қаторига Ўзбекистоннинг ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб эълон қилингани, президентлик муддатининг 5 йилдан 7 йилга оширилгани, фуқаро ва давлат органлари ўртасидаги муносабатлар юзага келса, фуқаро фойдасига ҳал бўлиши, ернинг хусусийлаштириш имкони, ОАВ фаолияти эркинлигининг ҳимояланишини келтириш мумкин.

 Йил тайинлови

2023 йил административ ўзгаришлар билан бошланди. Қатор вазирлик ва агентликлар қисқартирилди, айрим қўмиталар тугатилди, маъмурий тузилмаларнинг бири иккинчисига бириктирилди. Аммо, ушбу даврда энг муҳим ўзгариш — Саида Мирзиёеванинг президент ёрдамчиси этиб тайинлангани бўлди. 25 август куни амалга оширилган ушбу тайинлов Ўзбекистон бошқарувидаги “ёшариш”ни мустаҳкамлади ҳамда ҳукумат лидерлари қаторида ёш кадрларга ҳам эътибор берилаётганига яққол мисол бўлди.

Маълумот учун, Саида Мирзиёева ушбу тайинловгача Президент администрациясининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати шўъбаси мудири лавозимида фаолият юритган.

Йил кетиши

2023 йилда жами 15 нафар ҳудудлар ҳокимлари лавозимини у ёки бу тарзда тарк этгани хабар қилинганди. Шулар ичида Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кетиши одамлар орасида энг кўп шов-шувга сабаб бўлди.

Ортиқхўжаев ҳокимлик қилган 4 йил давомида тадбиркорлар учун шаҳар бир мунча қулайлашди. Шу билан бир қаторда, тарихий илдизларга эга Ўқчи маҳалласи бузилиб, ўрнида Tashkent City бунёд этилди, Миллий боғ ҳудудининг Ёшлик кўли ва Бешёғоч даҳаси ўртасидаги қисмига тош-бетондан иборат Magic City қурилди. 2021 йилда мутахассислар томонидан “яшил ҳудудлар ва табиий ихоталарнинг йўқотилиши сабабли” дея кўрсатилган бир ҳафталик чанг бўрони ҳам айнан Ортиқхўжаев ҳокимлик даврида юз берди. Ҳокимнинг ўзи эса, ўтган йилги қаҳратон совуққа етарлича тайёргарлик кўрилмаганлиги ортидан ижтимоий ҳамда иқтисодий соҳаларга етказилган зарар сабаб лавозимидан олиб ташланган эди.

Йил йўқотиши

Йил йўқотишларини баҳолаш бирмунча қийин жараён. Чунки турли соҳалар учун йўқотишлар оз бўлмади. Аммо, энг асосий йўқотиш сифатида 2022 йилдан бошланган “Док-1 Макс” сиропидан ўлган ёш болаларни ёдга олишни жоиз топдик. Ҳиндистоннинг “Marion Biotech” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган мазкур дори воситаси таркибидаги этелингликолдан заҳарланиш оқибатида жами 65 нафар гўдак вафот этган.

Шунингдек, йил якунига қадар тугалланмаган суд ишида ушбу дори воситасини сотуви учун рухсат бериш ҳамда экспертизадан ўтказиш ишлари учун катта миқдорда — 33 минг доллар пора берилгани иддао қилинган.

Ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари оқибатида дунё бўйича 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Бу ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз ҳисоботида маълум қилган.

Йил топилмаси

Йил топилмаси, одатга кўра, у ёки бу соҳада яшин каби ўз ҳамқадамларидан бир қадам олға чиқиб олганлар орасидан аниқланади. Гарчи бу борада 2023 йил у қадар ранг-баранглик кўрсатмаган бўлса-да, ўзбек футболи учун анча сермаҳсул йил бўлди. Йил топилмаси сифатида Аббосбек Файзуллаевни кўрсатиш мумкин. Файзуллаев футбол мавсумини Тошкентнинг “Пахтакор” клуби сафида бошлаб, ҳозирда Москванинг “ЦСКА” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. У Россия Премьер Лигасининг биринчи давра рамзий жамоасидан ўрин олди. Аббос асосий ва ёшлар терма жамоаларимиз сафида 20 ўйинда майдонга тушди ва 6 гол ҳамда 1 ассист муаллифига айланди. Бундан ташқари ёш иқтидор ўз тенгқурлари ўртасида бўлиб ўтган Осиё Кубогининг чемпиони ва турнирнинг энг яхши ўйинчиси ҳамдир. “Трансфермаркт” порталининг сўнгги маълумотларидан кейин Аббосбекнинг нархи 4 миллион евро ва у эндиликда Элдор Шомуродов (5 млн. евро)дан сўнг Ўзбекистоннинг энг қиммат футболчиси. Сирдарёлик “кичкина шаҳзода” ЎФА томонидан “Йилнинг энг яхши футболчиси”, деб топилди. Таъкидлаш жоизки, Аббосбек Файзуллаев айни вақтда 20 ёшда.

Йил қурилиши

2023 йилда юртимизда қурилиш компаниялари, шунга мувофиқ қурилишлар сони ҳам ошди. Аммо йилнинг энг кўп муҳокама қилинган қурилиши “NestOne” эмас, балки Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт яқинидаги кўприк бўлди. Балки, кўприкнинг қулаши бу қадар оммалашмас эди, агарда қурилиш учун масъуллар ҳодиса жойига борган журналистларни калтакламаганда. Бу ўз-ўзидан Стрейзенд эффектини келтириб чиқарди.

Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Кўприк қурилиши битгач, унинг устидан танк юрғазилиб, мустаҳкамлиги ўзига хос тарзда синовдан ўтказилди. Эҳтимол, бу ишнинг бошидагилар ҳолатнинг тескари тус олишини кутишмагандир, аммо ижтимоий тармоқлар доимгидек жонли — “танк билан синалмаган кўприкларга қандай ишонамиз?”

Йил “портлаши”

Сирғали туманида жойлашган омборхонадаги портлаш ижтимоий тармоқларни ҳам “портлатди”.

2023 йилнинг 28 сентябрида Тошкент шаҳрининг Сирғали туманидаги Inter Logistics LLCга тегишли омборда катта портлаш содир бўлди. Ушбу портлаш соат 02:43 да юз берган ва унинг оқибатида катта ёнғин келиб чиққан. Ёнғинни ўчириш учун 16та ўт ўчириш жамоаси юборилган ва улар соат 05:02 да ёнғинни ўраб олишга эришган. Портлаш туфайли 15 минг квадрат метр майдон зарар кўрган.

Ҳодиса оқибатида 163 киши турли даражада жароҳат олган ва бир киши (2006 йилда туғилган 15 ёшли ўсмир) ҳаётдан кўз юмган. Жароҳат олганларнинг 24 нафари турли касалхоналар бўлимларига ётқизилган, қолганлари эса амбулатор даволаниб уйга қайтарилган.

Портлаш 592 та хонадонни, 26 та кўп қаватли уйни, 8 та сервис станциясини, 1 та мактабни, 2 та боғчани ва яқин атрофдаги бир нечта автомобилни зарарлаган.

Ушбу ҳодиса доирасида 4 киши ҳибсга олинган ва улар жиноят иши бўйича тергов қилинмоқда

Йил қўшиғи

Райҳон ва Ҳамдам Собиров жуфтлигидаги “Қизил кўйлак”, “Седая ноч”, “Жанзе”, “Бом-бом”… Яқин кунларда метро жингли ўрнига ҳам қўйиб юборар даражада кўп янграган бу тароналарни “Йил қўшиғи” дейдиганлар кўп бўлиши табиий, албатта. Аммо, визуал таъсир ҳамда ижтимоий тармоқлар алгоритмлари бугун одамларни бошқармоқда, деган гапда ҳеч қандай муболаға йўқ. Чунки бир неча чартларда айнан Аигел томонидан ижро этилган “Пыяла” таронаси йил давомида энг кўп қидирилган ва тингланган тарона сифатида рейтинг тепасида турибди. Ҳа, баъзан ёшнинг фарқи бўлмай қолади, шекилли.

Йил детективи

Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлиги 2023 йил декабрь ойида “кўча” тўдалари ва жиноий гуруҳларга қарши бир нечта шаҳарларда рейдлар ўтказиб, 103 кишини ҳибсга олди. Бу рейдларда ушланган энг муҳим шахс МОҚнинг вице-президенти Салим Абдувалиев бўлди. У жиноий дунёга боғлиқ бўлган таниқли бизнесмен ҳисобланади.

Шунингдек, ҳақиқий исми Бахтиёр Қудратиллаев бўлган Бахти Ташкентский ҳам қўлга олинди. У Ўзбекистондаги таниқли "ўғрибошилардан" бири бўлиб, 1997 йилда, 26 ёшида "вор в законе" унвонига эга бўлган. У Ўзбекистондаги ягона "вор в законе" сифатида танилган. Бахти Ташкентскийнинг ушланиши, шунингдек, Марказий Осиёда жиноий гуруҳлар келажаги ва таъсирига таъсир қилиши мумкин бўлган муҳим воқеа ҳисобланади.

Ушбу ҳибслар минтақадаги жиноий тузилмалар келажаги ҳақида турли фикрлар уйғонишига сабаб бўлди. Ўтказилган операциялар минтақадаги жиноий гуруҳлар таъсирини камайтиришга қаратилган.