Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

“Сардоба ҳаробаларида” яшаётган оила бўйича вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди (+видео)

Оила эски уйининг молхонасида яшаб келмоқда.

2 daqiqa o‘qiladi

Ижтимоий тармоқларда Сардоба фожеасидан жабр кўрган оилалардан бир эски ҳовлисидаги молхонада кун кечираётгани акс этган видео тарқалди. Видеода 44 ёшли идиш ювувчи бўлиб ишлайдиган аёл, унинг 16 ёшли қизи шунингдек, турмуши ўхшамаган 25 ёшли санитарка бўлиб ишлайдиган қизи ҳамда унинг беш ёшли ўғли яшаётганлиги, шунингдек, уларга уй ажратилмаётгани ҳақида сўз боради. Сирдарё вилояти ҳокимлиги эса бу иддаоларни инкор қиляпти.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг берган маълумотига кўра, “Сардоба” сув омборидаги техноген ҳолат сабаб юз берган сув тошқинига қадар Гулчеҳра Аллаёрова (44 ёшли идиш ювувчи бўлиб ишлайдиган аёл) набираси ва икки нафар қизи билан укаси Илхом Умрзоқовнинг Мирзаобод тумани “Хақиқат” маҳалласи Бўстон кўчасида жойлашган уйида биргаликда истиқомат қилиб келган.

Ҳокимликка кўра, сув тошқини оқибатида мазкур хонадон зарар кўрган ва ишчи гуруҳи томонидан яшашга яроқсиз деб топилган. Ушбу хонадон Илхом Умрзоқовнинг рафиқаси Умрбуви Умрзоқова номида бўлиб, етказилган зарарини қоплаш мақсадида ҳозирда янги қурилаётган уй-жойлардан бири берилиши назарда тутилган ва хужжатлари қабул қилинган. Шунингдек, ҳукумат томонидан У.Умрзоқовага 40 млн. сўмлик компесация пули, майиший техника учун сертификат берилган.

Ушбу вазиятда Г.Аллаёрова ва унинг фарзандлари ҳам эътибордан четда қолмади. Боқувчиси йўқлиги, бунинг устига икки нафар қизи ва набираси билан яшаётганлиги инобатга олиниб, унга ҳам 40 млн. сўм пули маблағи, майиший техника учун сертификат ажратилгани айтилмоқда.

Тошқиндан сўнг барча эвакувуция қилинганлар қаторида Г.Аллаёрова ҳам оила аъзолари билан туман марказидаги коллеж ётохонасига жойлаштирилиб, етарлича озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминланган. Аммо Г.Аллаёрова коллеж ётохонасида маълум муддат яшагач, сув тошқинига қадар истиқомад қилган хонадоннинг илгари молхона, омборхона ўрнида фойдаланилган қисмига келиб жойлашган.

Куз мавсумининг ёғингарчиликлари ҳисобга олиниб, туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи томонидан Г.Aллаёрова ва унинг оила аъзолари автобус билан туман марказидаги коллеж ётоқхонасига олиб келинган. Иссиқ овқат, кийим-кечак билан таъминланган бўлса-да, фуқаро Г.Aллаёрова ва унинг фарзандлари сабабсиз равишда яшаш учун яроқсиз бўлган жойга яна қайтиб келган.

“Г.Aллаёрова бундай ҳатти-ҳаракатлари билан талафот кўрган аҳоли учун қурилаётган уйлардан ўзи ва оиласи учун ҳам ажратилишини хоҳламоқда. Бироқ белгиланган тартиб-қоидалар мавжуд. Яъни, юқорида таъкидланганидек Г.Aллаёрова талофатдан олдин яшаган хонадони укасининг турмуш ўртоғи У.Умрзоқова номида бўлганлиги сабаб унинг номига ҳужжатлар расмийлаштирилган”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Қайд этилишича, ҳозирда Г.Aллаёровага “Ҳақиқат” маҳалласида қурилаётган уй-жойлардан Ипотека кредит асосида хонадон ажратилиши учун керакли ҳужжатлар вилоят ишчи гуруҳи томонидан қабул қилинган ва ўрганилиш жараёнида.