$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Административ “рокировка”: Президентдан ҳайфсан олган Худаяров вазир бўлмоқда

Асилбек Худаяров

Кеча тунда турли блог ва Телеграм каналларда Соғлиқни сақлаш вазири Амирилло Иноятовнинг ўз лавозимидан кетгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Гарчи хабар расмий равишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги саҳифалари ёки бирор нашрда эълон қилинмаган бўлса-да, бироздан сўнг, вазирликнинг Телеграмдаги расмий саҳифасида чиққан хабардан англаб олиш мумкин. Шундай қилиб, бош вазир Абдулла Арипов иштирокидаги “танқидий руҳда” ўтган йиғилишда Асилбек Анварович Худаяров Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани эълон қилинган.

Икки лавозим

Шунингдек, Асилбек Худаяров 2023 йил октябрь ойи сўнгидан буён фаолият олиб бораётган Президент администрацияси Ижтимоий ривожлантириш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимини ҳам сақлаб қолади. Яъни, эндиликда янги Соғлиқни сақлаш вазири бир вақтнинг ўзида иккита лавозим эгасига айланади. Булар: ПА Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари ва Cоғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи.

Қўшимча сифатида, Асилбек Анварович Худаяров шу вақтга қадар Президент администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси бошлиғи, унгача — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2016 йил воқеаси 

2016 йилнинг октябрида Асилбек Худаяровга Шавкат Мирзиёев ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма беради. Сабаб сифатида, ССВ томонидан “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Виртуал қабулхонасига Урганч ва Қўнғирот туманларида яшовчи 1-гуруҳ ногиронлари Ю. Жуманиёзова ва Д. Махмуровалардан келиб тушган мурожаатларни ҳал этишда сансалорликка йўл қўйганлиги”, келтирилади. 

Эҳтимолий кутилмалар

Маълум манбаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси бошлиғи Худаяров Асилбек Анварович маълум бир тайинловнинг процедураларидан ўтгандан сўнг ССВ этиб тайинланиши кутилмоқда. 

Собиқ ССВ вазири Амрилло Иноятов эса маьлум вақтдан сўнг Олий таьлим вазири этиб тайинланиши мумкин.

Олтинчи ўзгариш

Бугунги кунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигида 2016 йилдан буён олтинчи бор раҳбар ўзгармоқда. Вазирликни 2012 йилдан бошқарган Анвар Алимов 2016 йил декабрида ишдан кетган, унинг ўрнига қайтарилган Адҳам Икромов (у 2009 йил апрелидан 2012 йил августига қадар ҳам вазир бўлган) бир неча ой ишлаган, 2017 йил февралида Алишер Шодмонов вазирликнинг янги раҳбарига айланганди.