Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 86 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
☀ +17° kechasi +10°

“Бу миллиардлаб сўм йўқотишига олиб келади” – Масс-медиа фонди “Реклама тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиришларга эътироз билдирди

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси илк кўриб чиқишдаёқ депутатларнинг 98,4% томонидан маъқулланганди.

3 daqiqa o‘qiladi

“Бу миллиардлаб сўм йўқотишига олиб келади” – Масс-медиа фонди “Реклама тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиришларга эътироз билдирди

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси илк кўриб чиқишдаёқ депутатларнинг 98,4% томонидан маъқулланганди. Бу ҳолат ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўз навбатида, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ўз муносабатини билдириб, ушбу қонун лойиҳасини ҳозирда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган шаклда қабул қилиш мамлакатнинг бутун медиа бозори молиявий барқарорлигига тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказиши ва телерадиоканалнинг йиллик даромадига миллиардлаб сўм зарар олиб келишини маълум қилди.

Хусусан, лойиҳада товарларнинг такрорий рекламасини бир блокда жойлаштиришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Бир маҳсулот учун рекламаларни битта реклама блокида жойлаштириш амалиёти бутун дунёда қўлланилади ва кўпинча бу амалиётга йирик халқаро реклама берувчилар (инвесторлар) мурожаат қилишади. Масалан, аксарият компаниялар бутун дунё бўйлаб имидж рекламасини ўтаказиш билан бир вақтнингўзида алоҳида бозор аксияларини фаоллаштириш учун ҳам реклама тарғиб қилади. Шу ўринда, реклама роликлари, уларнинг моҳияти ва мақсади ҳар хил бўлиши мумкин, аммо маҳсулот бир вамаркетинг стратегиясига кўра, уларни битта реклама блокига жойлаш мумкин.

Шунингдек, рекламанинг умумий ҳажми бир соатлик эфир вақтининг 15 фоизидан ва кунлик ефир вақтининг 10 фоизидан ошмаслиги кераклигини белгилаш таклиф қилинмоқда. Хорижий амалиётни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, АҚШ, Япония, Жанубий Кореясингари кўплаб мамлакатлар телерадиоканалларида реклама вақтини чеклашлар мавжуд эмас. Европа иттифоқи, Марказий Осиё, Индонезия, Озарбойжон, Беларусь каби бир қатор бошқа мамлакатларда реклама телерадиоканалларининг кунлик эфир вақтининг 20-25 фоизидан ошмаслиги керак экан.

Қонунда унинг таъсир доираларини аниқлаш муҳим. Масалан, ОАВ сайлов олдидан номзодларнинг тарғибот ва бошқа турдаги реклама материалларини эфирга узатишга ва ўз саҳифаларида жойлашга мажбур бўлади. Бундай ҳолда, ушбу роликларнинг ҳажми реклама учун ажратилган умумий эфир вақтидан ҳисобланмаслиги керак.

Фонд 30 дақиқа давом этадиган телерадиодастурларда ОАВ таҳририятларига лойиҳада кўрсатилган 3 дақиқа ўрнига 5 дақиқалик реклама блокини жойлаштиришга рухсат берилиши керак, деб ҳисоблайди. Ишончимиз комилки, ҳеч бир ОАВ таҳририяти томошабинлар сонини йўқотиб, уларнинг қизиқишларига зарар келтирадиган реклама блокларини шакллантиришга йўл қўймайди.

Маълум бир товар ва хизматларнинг ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, шахсий гигиена воситалари, тиббий хизматлар, шунингдек, она сути ўрнини босувчи ёрмалар каби озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига тақиқнинг заруриятини яна-да чуқурроқ ўрганиш керак.

Ҳозирда реклама берувчиларни жалб қилишда қийналаётган босма ОАВлар ҳам чекланган реклама ҳажмидан сезиларли зарар кўради.

Бунинг оқибатида Ўзбекистонда реклама учун талаб бозорда мавжуд бўлган миллий телерадиоканаллар таклифидан анча юқори бўлиши юзага келади. Натижада эса, реклама берувчилар сунъий равишда чет эл телеканаллари ва хорижий Интернет платформаларига суриб қўйилади, уларнинг даромадлари эса Ўзбекистон иқтисодиётига кирмайди ва бизда солиқ солинмайди.

Шунингдек, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ҳаддан ташқари юқори жарималар қўлланилиши жамоатчилик орасида норозиликка сабаб бўлмоқда.

Март ойида Фонд ушбу қонун лойиҳасининг асосий ташаббускори ва ишлаб чиқувчиси бўлган Монополияга қарши курашиш қўмитасига ушбу қонун ҳужжатининг қабул қилиниши натижасида юзага келадиган салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилган таклиф ва тавсияларини юборди. Бироқ ушбу таклифлар парламент муҳокамасига тақдим этилган лойиҳада акс эттирилмаган.

“Фонд парламентнинг «Реклама тўғрисида»ги қонун лойиҳасини янги таҳрирда муҳокама қилиш ва яна-да ривожлантиришга барча манфаатдор томонларни, авваламбор, оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Агар жоиз бўлса, Фонд лойиҳанинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бу каби муҳокамасининг ташкил этилишида ёрдам кўрсатишга тайёр”, дейилади Масс-медиа фонди муносабатида.