$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Президент Самарқанд халқаро форуми иштирокчиларига табрик йўллади

Президент Самарқанд халқаро форуми иштирокчиларига табрик йўллади

Аввал хабар берганимиздек, бугун “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Форум қатнашчиларини самимий қутлар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга мазкур форумни ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Президент ўз табригида, жумладан, қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:

“БМТнинг Ёшлар стратегиясида таъкидланганидек, “ёшлар сиймосида энг қимматли ва ўта муҳим ресурслар мужассам топган бўлиб, унга ҳар қанча инвестиция киритса арзийди, чунки бу сармоялар бир неча баробар зиёда бўлиб қайтади”. Мен ғоят муҳим ушбу фикрга тўлиқ қўшиламан.

Шу йилнинг бошидан буён COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал ҳаёт кун тартибидаги марказий масала бўлиб келмоқда. Янги коронавируснинг тарқалиши бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келди. Аҳоли, биринчи галда ёшлар ана шу таҳдидларга жавобан давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилишини талаб этадиган кўплаб муаммоларга тўқнаш келди.

Бундай шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир. Уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларга имконият яратиб бериш зарур”, деди давлат раҳбари. 

Маълумот учун, Инсон ҳуқуқлари бўйича “Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” Самарқанд форуми 12-13 август кунлари бўлиб ўтади.

Мазкур онлайн форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколотхонаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Фридрих Эберт фонди ҳамкорлигида ўтказилмоқда.