$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Эртага Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум бошланади

Эртага Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум бошланади

Жорий йилнинг 12-13 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича “Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” Самарқанд форуми бўлиб ўтади.

Мазкур онлайн форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколотхонаси, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Фридрих Эберт фонди ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази матбуот хизматининг маълум қилишича, Форум мавзуси ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган бўлиб, Анжуманнинг 4 та ялпи мажлиси давомида "Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ривожланиши", "Ёшлар ҳуқуқлари ва Барқарор ривожланиш мақсадлари", "Ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим", "Тинчлик ва хавфсизликни илгари суришда ёшларнинг роли: 2030 йилгача янада хавфсизроқ келажакка назар" каби мавзулар юзасидан мунозаралар бўлиб ўтади. 

Унда БМТ, ЕХҲТ, Европа Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, жаҳон ёшлар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ҳуқуқшунослар ва таҳлил доиралари, Олий Мажлис ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари бўйича агентлик ташкилотлари мутасаддилари ҳам қатнашади.

Самарқанд форуми доирасида Президентимизнинг 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган муҳим ташаббуси асосида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасининг навбатдаги муҳокамасини ўтказиш режалаштирилган. Ушбу Конвенция том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган.

Шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш мақсадлари орасидаги боғлиқлик, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги билими ва ҳуқуқий онгини ошириш, 2030 йилгача янада хавфсизроқ келажакни қуриш, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда ёшларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинади.

Форум якунида Самарқанд резолюциясини қабул қилиш, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасини БМТ низомий тузилмаларига ва инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий қўмиталарига кўриб чиқиш учун киритиш назарда тутилган.

"Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги веб-форумда қарийб 1000 нафар иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

Иштирокчиларнинг 50 нафардан кўпроғи – халқаро ташкилотлар ва 30 нафардан зиёди минтақавий ташкилотлар намояндалари бўлса, салкам 30 нафари – инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, тахминан 30 нафари – давлат органлари, 60 нафардан ортиғи - халқаро ва миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда 100 нафардан зиёди ёшлар ташкилотлари вакилларидир.

Самарқанд форумининг икки кунлик дастурида 50 дан ортиқ чиқишлар режалаштирилган. Хусусан, 15 та мамлакатдан 40 нафар халқаро маърузачи ва 10 нафар миллий маърузачи сўзга чиқиши кўзда тутилмоқда.