$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

ТЎРАҚЎРҒОН ИЭС: ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ ИЖРОСИ ТАЪМИНЛАНДИ

IES18

“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти таркибидаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида ўтказилган махсус лаборатория тадқиқотлари натижасига кўра, электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиладиган сувнинг сифатини (кремний оксидини) назорат қилишда қўлланувчи маҳаллий кимёвий реагентни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 

Жумладан, Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси кимё цехининг Мавлуда Темирбекова, Ғайратжон Норматов каби малакали ва тажрибали мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги ПҚ-99-сонли “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида сувни тузсизлантиришни амалга ошириш жараёнида сув сифатини назорат қилиш учун DR-6000 типидаги спектрофотометрда кремний миқдорини аниқловчи реагентни маҳаллий шароитда тайёрлаш бўйича илмий-амалий изланишлар олиб борилди. 

Кимё цехининг марказий лабораториясида “Деминералланган сувдаги ҳамда сув-буғ трактидаги кремний миқдорини аниқлашнинг маҳаллийлаштириш усулини қўллаш” йўналишида олиб борилган таҳлил ва лаборатория тадқиқотлари ижобий натижани берди. Жумладан, 2022 йил биринчи ярим йиллиги давомида ўтказилган лаборатория-синов тадқиқотлари натижаси асосида сувдаги кремний миқдорини HACH компанияси (Айова штати, АҚШ) маҳсулоти ҳисобланган реактивлар ёрдамида аниқлаш ўрнига, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар химреактивларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бунда, мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳаллий реагентлар – аскорбин кислота, аммоний тетра молибдат, хлорид кислота ва шавел кислота қоришмалари ёрдамида амалга оширилган синовлар ўз самарасини берди, бунинг натижасида эса хориждан келтириладиган импорт маҳсулотга нисбатан 472,4 млн.сўм иқтисод қилинишига эришилди.  

- Маълумки, иссиқлик электр станцияларида тузсизлантирилган сувни босқичма босқич тайёрлашда меъёр даражасидаги кимёвий тозаланган сувни узлуксиз етказиб бериш учун кремний оксидини доимий аниқлаб туриш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мақсадда, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий кимёвий реагентлардан фойдаланиш ҳам ўз ижобий самарасини берди. Энг асосийси – узоқ хориждан импорт қилинадиган кимёвий реагентларга эҳтиёж қолмади. – дейди Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси кимё цехи бошлиғи ўринбосари Мавлуда Темирбекова.  

Маълумот ўрнида, станция муҳандис-кимёгари Ғайратжон Норматов ҳозирги кунда “Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси” ихтисослиги бўйича маҳаллий хом-ашёлар асосидаги материаллар ва ишлаб чиқариш технологияси мавзусида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун илмий диссертация устида иш олиб бормоқда.