Ўзбекистонлик экспертлар 2024 йилда қандай ўзгаришларни кутмоқда?
Сўров иштирокчиларининг 61 фоизи электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга батамом барҳам бериш, 47,2 фоизи таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва замонавийлаштириш керак, деган фикрда.
3 daqiqa o‘qiladi

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқаролик жамияти, бизнес, ОАВ вакиллари ва экспертларнинг 2023 йилда Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар юз бергани ҳамда 2024 йилда яна нималар ўзгаришини кутаётгани ҳақидаги фикрини билиш мақсадида сўров ўтказди. Асосий кутилмалар – коррупцияга қарши кураш билан боғлиқ.
Сўровда кимлар иштирок этди?
Сўровда жамоат арбоблари, сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес ва академик ҳамжамиятнинг 260 нафар вакиллари иштирок этди.
Улар орасида Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилноза Каттахонова, ЎзА Бош директори биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев, сиёсатшунос-экспертлар Камолиддин Роббимов, Фарҳод Толипов, Юрий Саруханян, депутат Дониёр Ғаниев, инсон ҳуқуқлари бўйича юрист Дилфуза Қуролова, гендер масалалари бўйича эксперт Камола Алиева, журналист ва блогерлар Муҳрим Аъзамхўжаев, Қобил Хидиров, Ёрқин Содиқов, Азиз Қаршиев, ННТ раҳбарлари Ойбек Исоқов, Наталя Свиридова ва бошқалар бор.
3 тагача танлаш
Респондентларга ҳар бир тақдим этилган саволлар жавобларини 3 тагача танлаш, шунингдек, бошқа, яъни ўз таклифини киритиш имкони берилди.
Йилнинг асосий ўзгаришлари
Сўров натижаларига кўра, мамлакатда якунланаётган йилнинг асосий ўзгаришлари қуйидагилар:
- Референдум ўтказилиб, Конституция янги таҳрирда қабул қилингани – 70,3 фоиз;
- Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун кучга киргани – 59,7 фоиз;
- Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани – 45,9 фоиз.
Қўшимча эътирофлар
Шунингдек, экспертлар жорий йилда Ўзбекистонда энергетика тизимини яхшилаш, хусусан, йирик қувватдаги қуёш ва шамол электр станциялари фойдаланишга топширилгани (36,2 фоиз), уюшган жиноятчиликка қатъий курашиш, «кўча» жиноий гуруҳларидан тозаланаётгани (33,2 фоиз), Давлат байроғи мақоми оширилиши, байроқдан кенг фойдаланиш имконияти яратилгани (32,1 фоиз)ни эътироф этган.
Давлат бошқарув органлари сони 61 тадан 28 тага камайтирилиши
Айрим респондентлар қўшни давлатлар билан алоқалар мустаҳкамланиши, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси делимитацияси ва икки давлат фуқароларининг чегарадан ID-карта орқали ўтиш имконияти яратилгани ҳамда маъмурий ислоҳотлар – ҳукуматга бўйсунувчи давлат бошқарув органлари сони 61 тадан 28 тага камайтирилиши аввалги йиллардаги таклифларнинг ижобий натижаси деб ҳисоблаган.
«2024 йилда қандай ислоҳотларни кутяпсиз?»
Бу саволга респондентларнинг 63,3 фоизи «Коррупцияга қарши муросасиз курашиш, барча бўғинларда “тозаловлар” ўтказиш» деган жавобни танлаган.
61 фоиз кутилма электр ва газ таъминоти билан боғлиқ
Сўров иштирокчиларининг 61 фоизи электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга батамом барҳам бериш, 47,2 фоизи таълим тизимини тубдан такомиллаштириш ва замонавийлаштириш керак, деган фикрда.
Озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш
Энг кўп танланган жавоблар орасида озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш, инфляциянинг олдини олиш ҳам бор (45,3 фоиз).
Сўров иштирокчилари, шунингдек, бўлажак ислоҳотлар учун стратегик режалаштиришни йўлга қўйишни, сиёсий партиялар фаолияти учун рақобатбардош сиёсий муҳит шакллантиришни, коррупцияга барҳам бериш учун ҳокимлар, тиббиёт муассасаларининг бош шифокорлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари директорларини ҳар икки йилда бир ротация қилиш зарур, деган фикрларни қолдиришган.
2023 йилда ҳам коррупция
Таъкидлаш ўринлики, аввалги сўровда ҳам экспертлар 2023 йилда энг аввал коррупцияга қарши аниқ ва амалий чоралар билан курашиш керак, деб ҳисоблаганди (респондентларнинг 49,7 фоизи шу жавобни танлаган).
Йил давомида бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.



