$
 12692.42
100.85
 14511.24
-34.54
 158.44
4.62
weather
+26
Кечаси   +14°

“Подкастистон”: ЎзНетдаги энг машҳур еттилик

podcast

Интернет оламининг охирги йиллардаги ривожи ўзбек медиасига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди, айниқса, YouTube медиа истеъмол қилинадиган асосий майдонга айланиб улгурди. Ўзбек YouTube платформасида эса подкастлар кўпайиб, медиани эгалламоқда. Биз эса бугунги тармоқдаги энг сара ўзбек тилидаги подкастларни тўпладик.

“Нима Гап”

Асосан, медиа кишилари ҳамда халқнинг “вакилларини” чиқариши билан машҳур бўлган ушбу подкаст, ўзбек интернетининг энг “ёқимтой” подкасти ҳисобланади. Чунки суҳбат тили, унинг мавзуси ҳамда ечимлари тўлиқлигича халқчил бўлиб, ушбу омил суҳбатнинг янада яхшироқ тарқалишига олиб келган. ОИВга чалинган йигит билан суҳбат ёки кўзи ожиз йигит билан бўлган самимий чиқишлар уни бошқалардан ажратиб туради. Сардор Салямов ва Ражаббой Аллаяров томонидан олиб бориладиган лойиҳа бугунги кунда 83 минг нафардан ортиқ аудиторияга эга.

“Парда”

Ўзбек медиасидаги гендер тенгликни таъминлаб бераётган подкаст. Ушбу подкастда бошловчилар ва қатнашувчилар асосан аёл-қизлар бўлиб, мавзу ҳам мос равишда аёллар ва уларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда ролига бағишланган. Аёллар ўртасидаги жуда кўп муаммоларни олиб чиқиб, жамиятга қарата баралла айта олган ушбу лойиҳа айни дамда 22 мингдан ортиқ обуначига эга.

“Улар”

Лазиз Ҳамидов томонидан олиб бориладиган “Улар” лойиҳаси жамият ва ўзнетдаги таниқли, фаол шахслар билан ўз йўналиши бўйича суҳбатларни олиб борадиган лойиҳа. Ушбу подкаст бир неча йилдан бери айни ўз йўналишида бир текисда кетаётгани билан ажралиб туради. Ундан ташқари лойиҳа фақат суҳбат билан чекланиб қолмай, кўплаб ҳужжатли филмлари билан ҳам машҳур: сув ва Орол денгизи ҳақидаги сонлар кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган. Бугунги кунда ушбу лойиҳанинг 36 мингдан ортиқ обуначиси мавжуд.

“Сигма”

Асосан илм-фан мавзусига бағишланган ушбу подкастга фан вакиллари, профессор ва олимлар ташриф буюриб, фандаги янгиликлар, унинг ривожи ҳамда ўзбек илм-фани ҳақида суҳбатлар кетади. Табиий фанлар – физика, астрономия, биология ва замонавий фанлар каби фан вакиллари билан бўладиган суҳбатни Саъдулла Абдуллаев олиб боради. Очилганига ҳали унча кўп бўлмаган ушбу подкастнинг 12 мингдан ортиқ обуначиси мавжуд.

“Қурултой”

Ўтган йили ўзбек интернетини “ёрворган” ушбу лойиҳа асосан Ўрта Осиё ва туркий халқларнинг тарихи, маданияти, тили, адабиёти ва урф-одатларига бағишланган. Айтиш жоизки, ўзбек интернетида тарихга оид бундай сифатли лойиҳа ҳали йўқ эди ва шу сабабли лойиҳа қисқа вақтда ўз мухлисларини топишга улгурди. Элдор Асанов ва Нодир Нишонов муаллифлигидаги подкаст ҳозирда 20 мингдан зиёд обуначига эга.

“Плосс Подкаст”

Аудиториясининг кўп қисмини ёшлар ташкил этувчи бу подкаст ҳам меҳмонлар ҳамда ўртага ташланган мавзулар жиҳатдан юқоридагилар билан бемалол баҳсга киришади. Ушбу лойиҳага ҳам асосан интернетдаги фаол шахслар ҳамда ўз касбининг усталари таклиф қилинади. Анчагина очиқ ва бемалол гаплашишлари билан танилган ушбу подкастнинг бугун 5 мингдан ошиқроқ обуначиси мавжуд.

“Лолазор”

Сиёсий ва ижтимоий мавзудаги суҳбатларни онлайнга кўчирган ушбу лойиҳа том маънода кун тартибидаги мавзуларидан бирига айланди. Хушнуд Худойбердиев томонидан асос солинган, Муҳрим Аъзамхўжаев, Лазиз Ҳамидов ва Отабек Бакиров иштирокидаги ушбу подкастда давлатнинг муҳим ижтимоий сиёсий мавзулари ўртага ташланиб, муҳокама қилинади. Подкастнинг охирги икки сони кенг омма муҳокамаларига сабаб бўлмоқда: бири адиб Мурод Муҳаммад Дўст билан кечган суҳбат бўлса, иккинчисида Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев “бош ролни ўйнади”. Айни пайтда каналда 177 мингдан ортиқ обуначи мавжуд. 

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot