Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

“Пахтакор” футбол клуби савдога қўйилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Пахтакор футбол клуби” МЧЖнинг 100% давлат улуши савдога чиқарилганини маълум қилди. Хўш, “клуб эгаси Ортиқхўжаев” деган гаплар қаёқда қолди?

2 daqiqa o‘qiladi

“Пахтакор” футбол клуби савдога қўйилди

1956 йилдан буён фаолият юритиб келаётган ва халқ жамоаси сифатида ўз тарихига эга “Пахтакор” футбол клубининг 100% давлат улуши савдога чиқарилгани маълум қилинди.

Носоғлом муҳит

Воқеликка сабаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сон қарорига асосан футбол клублари хусусийлаштирилиши белгиланган. Шунингдек, Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан ҳам футбол клубларининг бир давлат ташкилоти тасарруфида бўлиши соғлом рақобат муҳитини яратишга тўсқинлик қилиши билдирилган. 

Иш “катталар”дан бошланади

Бугунги кунда, футбол клублари давлат ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналар тасарруфида қолиб, умумий бенефициар сифатида давлат бўлиб қолмоқда. Ўз-ўзидан бу ҳолат халқаро принципларга тўғри келмайди. Шунга кўра, дастлаб жозибадорлиги юқори бўлган футбол клубларини хусусийлаштирган ҳолда хусусий секторнинг улушини босқичма-босқич ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.

Савдо бошланди

Юқорида келтирилган бир қатор сабаб ва мажбуриятларга кўра, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлиги “Пахтакор футбол клуби” МЧЖнинг 100 фоиз давлат улушини бўйича оммавий савдо жараёнлари бошланганлигини эълон қилган.

Талаб ва мажбуриятлар

Давлат активидан келгусида фойдаланиш ва сотиб олишга қўйиладиган талаблар қуйидагича кўринишда келтирилган:

— Футбол клубининг фаолиятини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва халқаро даражага олиб чиқиш;

— Футбол клуби балансидаги барча спорт объектларидан, шу жумладан футбол майдонидан фақатгина спорт фаолияти йўналишларида фойдаланиш;

— “Пахтакор” футбол клуби академияси фаолиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш.

Маълумот учун, талабгорларнинг сотиб олиш бўйича таклифлари ушбу ҳавола орқали “E-auksion” электрон савдо платформасида қабул қилинади.

Ортиқхўжаев ҳақида миш-мишлар

"Пахтакор" футбол клубининг клуб бошқаруви бўйича маълумотига кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев клубдаги ўз фаолиятини давом эттиради. Бугун кўплаб ижтимоий тармоқ саҳифаларида "Пахтакор" футбол клуби раҳбариятида ўзгариш бўлгани тўғрисида хабарлар тарқатилди. “ "Пахтакор" футбол клуби шуни маълум қиладики, клубимиз бошқарувида ўзгариш содир бўлмади ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев клуб раиси сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.”, — дея маълумот берган клуб матбуот хизмати.

"Пахтакор" 2024 йилда

“Шерлар” 2024 йилда тўртта мусобақада иштирок этади. Булар, Ўзбекистон Суперлигаси, Ўзбекистон Кубоги, Ўзбекистон Суперкубоги ҳамда янги ташкил этилаётган Осиё Чемпионлар Лигасининг Элит босқичи. Клуб қишки трансфер ойинасида ҳозирча Умар Адҳамзода, Абдурауф Бўриев, Дониёр Абдуманнопов ва Фазлиддин Зуҳриддинов каби истеъдодли футболчиларни ўз таркибига қўшиб олган.