“Туманли” декада: Бойларимизни қайси омил қўрқитаяпти?
Мамлакатимизда ўн йил аввал 80 га яқин миллионер бўлиб, улардан ҳар бирининг бойлиги 30 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган.
2 daqiqa o‘qiladi

Одатда, ўзбекистонлик миллионер ва миллиардерлар ўз бойликлари ва уларнинг миқдорини жамоатчиликка ошкор қилишни истамайдилар. Сабаби, Ўзбекистонда давлат амалида ўтириб, бойлик орттириш кўпинча халқ тафаккурида коррупцияни назарда тутади. Хўш роса 10 йил аввалги вазият қандай бўлган?
Ўзбекистон олигархлари
2013 йилда сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг World Ultra Wealth таҳлилий марказининг ҳисоботига таяниб келтирган маълумотларига кўра, ўша вақтда мамлакатимизда 80 га яқин миллионер бўлган. Улардан ҳар бирининг бойлиги 30 миллион АҚШ долларидан ортган. Ушбу саксонликнинг умумий ялпи бойлиги ҳажми эса, 12 миллиард доллардан ошиқ бўлган. Шунингдек, бу қатламнинг асосий қисмини давлат амалдорлари ёки уларнинг қўл остларидаги шахслар ташкил қилган.
Тинч қулоқ ва узоқ муддатли курси гарови
"Чунки Ўзбекистонда сиёсий ҳокимият ва айнан бизнес бир-бирига жудаям қоришиб кетган. Ўзбекистонда бизнес, айниқса, йирик бизнес ҳокимиятдан мустақил бўлиши мумкин эмас ва бунга ҳеч ким ишонмайди", — деган Раббимов.
Ўзбекистондаги амалдорлар ўзларининг бойликларини очиқ айта олишмаслигининг сабаби, маълумот очиқлангач, кейинчалик оммада ушбу одамга нисбатан бир қанча саволлар пайдо бўлиши ва шаклланган сиёсий маданиятга кўра, имкон қадар бойлигини ҳам, сиёсий амбицияларини ҳам яшириш ўша амалдорнинг сиёсий ҳокимиятда туриш имкониятини узайтириши билан изоҳланади.
Марказий Осиё бойлари
Мамлакатимиз шу вақтга кўра, миллиардер ҳамда миллионерлар сони бўйича Марказий Осиёда Қозоғистондан сўнг, иккинчи ўринда бўлган. Таҳлилчининг фикрига кўра, Марказий Осиёнинг энг бадавлат оиласи — қўшни Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсилтон Назарбоевлар оиласи бўлган. Иккинчи бой оила бу — Каримовлар оиласи. Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг энг катта бойларидан бири ҳисобланган.
Ўзгаришсиз декада
Куни кеча Twitter тармоғида иқтисодчи Барногул Санокулова Ўзбекистонда ҳали ҳануз бойлар бор ёки йўқлиги, улар билан боғлиқ статистика юритилмаслиги, бой, камбағал ва қашшоқ қатлам қайси мезонларга кўра ўлчаниши ҳалигача маълум эмаслиги ҳақида тармоқ фойдаланувчиларига видеомурожаат қилди. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон олигархияси билан боғлиқ вазият орадан ўн йил ўтса ҳамки, деярли ўзгармаган. Ҳаммаси аввалгидек, Тошкентнинг ҳавоси каби "туманлар" орасида қолган. Демак, халқимизнинг бойларнинг бойишига бўлган муносабати ва бойларимизнинг ҳукуматга бўлган муносабати ўз ҳолича сақланиб келаяпти.



