$
 12047.45
26.55
 14099.13
110.41
 151.90
-3.59
weather
+26
Кечаси   +14°

Кунига 7 минг киши ОИТСга чалинади

ОИТС ОИВ OITS OIV

ОИТС…  жамиятимизда табу мавзулардан ҳисобланади. Кўпчилик бу термини эшитгану, бироқ ушбу бедаво хасталикка чалиниш сабаблари ва унинг оқибатлари борасида етарли маълумотларга эга эмас.

UNAIDS (БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича дастури) маълумотларига кўра, дунё бўйича айни кунда 37 млн киши ОИВ инфекцияси билан касалланган. Бу касалликка ҳар йили 2.2 миллион, ҳар куни 7 минг киши чалинади. Касаллик кўпинча 20-49 ёшлилар ўртасида қайд этилади. 2010 йилда дунё бўйлаб ОИТС билан боғлиқ касалликлардан 1,3 миллионга яқин одам вафот этди, 2020 йилда бу кўрсаткич 680 мингни ташкил этган.

 Юртимизда бугунги кунда 48 мингдан кўпроқ ОИВ инфекцияси аниқланган фуқаролар биз билан бирга яшашмоқда. Эътиборлиси, бу охирги икки йил давомида эмас, илк маротаба 1986-1987 йилдан бошлаб қайд этилиб, бугунгача йиғилган рақамлардан иборат кўрсаткич ҳисобланади.

ОИВ инсекцияси аниқланган аёллар 46 % ни, эркаклар 54 % ни ташкил этиб, ОИВ инфекцияси аниқланганлар бўйича юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ҳамда Самарқанд вилоятида қайд этилган.

Бугун, 1 декабр «ОИТСга қарши бутунжаҳон кураш куни» муносабати билан ушбу касаллик ҳақида батафсил маълумот берамиз.

ОИТСга қарши кураш куни

Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни — 1988 йилдан бери ҳар йили 1 декабрда ОИВ инфекцияси тарқалиши натижасида юзага келган ОИТС пандемиясидан хабардорликни ошириш ва касалликдан вафот этганларнинг хотирасига бағишланган халқаро кундир.

Бу кунни белгилаш ғояси биринчи марта 1987 йил август ойида Женева (Швейтсария)даги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ОИТС бўйича глобал дастурининг икки жамоатчи ахборот ходими Жеймс Бунн ва Томас Неттер томонидан ўйлаб топилган.

Бунн ва Неттер ўз ғояларини ОИТС бўйича глобал дастур директори (ҳозирда UNAIDS деб номланади) доктор Жонатан Манга маълум қилди. Маннга консепсия ёқди, уни маъқуллади ва Жаҳон ОИТСга қарши кураш кунини биринчи марта 1988 йил 1 декабрда нишонлаш таклифига рози бўлди.

Бу куннинг мақсади ОИТСдан азият чекаётганлар ҳаётини яхшилаш ва ўлимга олиб келиши мумкин бўлган вирусни йўқ қилиш бўйича кейинги тадқиқотларга ёрдам беришдир.

Касаллик 10 йилгача намоён бўлмайди

! ОИВ (ВИЧ) – Одам организмидаги Иммунитет Танқислигини келтириб чиқарувчи Вирус. Асосан одамнинг иммунитет (ҳимоя) тизимига таъсир қилади.

! ОИТС (СПИД) – Орттирилган Иммунитет Танқислиги Синдроми. У ОИВ инфекциясининг якуний босқичи ҳисобланади.

ОИВ (одам иммунитети танқислиги вируси) сурункали юқумли касаллик бўлиб, инсон организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади. У организмни ташқи хавфли таъсирлардан ҳимоя қилувчи тизим ─ иммун тизимини издан чиқаради. Унинг ўзига хослиги шундаки, вирус организмга тушган дастлабки даврда ҳеч қанай нохуш аломатлар сезилмайди, иммун тизими вирусларнинг тажовузини бостириб туради. Одам вирусни юқтириб олганидан бошлаб 10 йилгача ўзи касал эканини сезмайди.

 Бу даврда организмда ОИВ вируслари билан касалланган ҳужайралар сони соғлом ҳужайраларга қараганда ошиб боради, натижада ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) келиб чиқади. Бу сурункали тарзда кечувчи тизимли хасталик.

У фақат битта органни зарарлайди, деб тушуниш хато. Организмнинг вируслар билан маҳв этилиши натижасида иммун тизими ўз вазифасини бажара олмайди, натижада инсон ҳар қандай ташқи таъсирга сезувчан бўлади, оддий касалликларни ҳам оғир кечиради. Организмнинг курашувчанлиги йўқолгани боис ёндош касалликлар ривожланиб бораверади.

ОИТС сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал, қисқа вақт ичида кескин озиб кетиш, ҳарорат сабабсиз кўтарилиши, узоқ вақт ич кетиши (диарея), оғиз бўшлиғи ва турли аъзолар яллиғланиши, хавфли ўсмалар ривожланиши каби белгилар билан намоён бўлади.

Қандай йўл билан юқади?

Бу хасталикнинг узоқ вақт яширин тарзда кечиши, натижада беморнинг ўзи билмаган ҳолда бошқаларга ҳам касалликни юқтириши билан боғлиқ.

ОИВ инфекцияси:

—   ОИВ билан зарарланган одамлар билан ҳимояланмаган жинсий алоқа қилганда ؙ— жинсий;

— гиёҳванд моддаларни гуруҳ бўлиб томир орқали қабул қилганда, вирус билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда, зарарсизлантирилмаган жарроҳлик, доялик, стоматологик ва бошқа тиббий асбоблар орқали тиббий муолажалар олганда, шпритс ва игналардан умумий фойдаланилганда — парентерал;

— инфекцияни юқтириб олган ҳомиладор онадан болага ҳомиладорлик даврида жароҳатланган йўлдош орқали, бола туғилиши жараёнида туғуруқ йўллари жароҳатланиши туфайли ва болани эмизиш жараёнида она сути орқали — вертикал йўл билан юқиши исботланган.

! Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг январ-октябр ойида орттирилган иммунитет танқислиги вируси (ОИТС)га чалинганларнинг 74 фоизи ушбу касалликни ҳимояланмаган жинсий алоқа йўли орқали юқтириб олган.

Қайси ҳолларда ОИВ юқмайди?

—   Қўл бериб кўришганда,қучоқлашганда;

—   Йўталганда, акса урганда;

—   Умумий телефондан фойдаланганда;

—   Ҳашоротлар чаққанда;

—   Бассейн, ҳаммом, ҳожатхонадан умумий фойдаланилганда;

—   Умумий идиш-товоқдан;

—   Кийим кечак ва кўрпа - тўшак орқали.      

Давоси қандай?

Бугунги кунда ОИВ инфекциясини юқтириб олган одамнинг умрини соғлом одамнинг умричалик чўзиш мумкин. Бунинг учун вирусга қарши даволаш усули — ретровирусга қарши терапия мавжуд.

ОИВ ретровируслар оиласига мансуб вирус бўлгани учун унга қарши дори воситаларини — ретровирусга қарши препаратлар деб, унга қарши даволаш усулини эса ретровирусга қарши терапия (РВҚТ) деб юритилади. РВҚТ вирусни тўлиқ йўқ қилмаса ҳам, унинг бемор қонида кўпайиб боришига йўл қўймайди, яъни унинг таъсирида қонда вируслар сони камайиб, иммунитет кучаяди, вирусга қарши курашувчи ҳужайраларнинг (CD4) сони ортиб, беморнинг аҳволи яхшиланиб боради, ОИВ инфекцияли шахсни соғлом ҳаёт кечириши ва узоқ умр кўришига имкон яратади.

 

Теги :
Jamiyat