$
 12620.09
19.95
 13599.41
-42.76
 136.73
0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Газ-свет муаммосини ёритгани учун Kun.uz нашрига босим ўтказилмоқда

Газ-свет муаммосини ёритгани учун Kun.uz нашрига босим ўтказилмоқда

Сўнгги кунларда бир қатор ОАВ ва блогерлар, жумладан, Kun.uz нашрида газ ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар қизғин ёритиб келинмоқда эди. Ушбу мавзуга алоқадор ижтимоий тармоқларда тарқалган қизиқарли ва танқидий постлар жамланиб, Kun.uz сайтида эълон қилиниши ортидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Ходжаев таҳририятни нохолисликда айблади ва «жиддий ҳуқуқий оқибатлар»дан огоҳлантирган. Kun.uz буни ОАВга босим ўтказиш деб ҳисоблашини билдирган.

Ноябрь ойидаёқ ҳаво кескин совиб, қорлар ёғиб, Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўлда-жўлда бажарилганини аён қилиб қўйди.

Электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарда авариялар рўй берди ва электр тармоғида узилишлар кузатила бошлади, кўплаб аҳоли пунктларида ток беришга чекловлар жорий этилди.

Албатта, бу одамларнинг кескин норозилигини келтириб чиқара бошлади.

Kun.uz сайти 22 ноябрь куни «Халққа свет-газ беринг!» – ижтимоий тармоқларда азалий ва оғриқли мавзу» сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлар жамланган материал эълон қилинганди.

Kun.uz нашрининг ёзишича, таҳририятига мазкур мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев томонидан 23 ноябрь санаси билан имзоланган огоҳлантириш хати келиб тушган.

Хатда АОКА томонидан Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Дилшод Одилов ва ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг постларидан келтирилган жумлаларга эътироз билдирилган.

«Материалда электр энергия ҳамда табиий газни аҳолига етказиб бериш билан боғлиқ жойлардаги муаммолар бир томонлама ҳиссиётга берилган ҳолда ёритилган», – деб ёзилади огоҳлантириш хатида ва иқтибос келтирилади.
«Таҳририят материалда мамлакатда табиий газ қазиб олишнинг пасайиш сабаблари, ҳукумат томонидан аҳолига электр ҳамда табиий газ ва суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга, хусусан, ёқилғи энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги қатор ислоҳотларга атрофлича тўхталмаган», – деб ёзилади хатда.

Материалда келтирилган пост матнида ҳукумат ҳақида гап бормаган бўлса ҳам, «Ўзбекистон ҳукумати аҳолига нисбатан жиноят содир қилаётганликда айбланган», дея таъкидлаган АОКА раҳбари ўз хатида.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда нафақат вилоятлар, балки пойтахтда ҳам газ ва электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу аҳоли орасида норозиликларга сабаб бўляпти. Икки кун аввал бир қатор блогер ва журналистлар норозилик ифодаси сифатида шахсий саҳифаларидаги асосий суратни “#GAZBER, #CHIROQBER, #MENXALQMAN” ёзувларига ўзгартиришганди.

Теги :
Жамият