Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилади

Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилади

1 daqiqa o‘qiladi

Фото: "Дунё" ахборот агентлиги

Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон элчихонаси делегациясининг Ханойга ташрифи доирасида Вьетнам ташқи ишлар вазири ўринбосари Ха Ким Нгок билан учрашув бўлиб ўтган.

Суҳбат аввалида Ха Ким Нгок 2022 йил 13 октябрь куни Шавкат Мирзиёев ва Танзила Норбоева билан Вьетнам вице-президенти Во Тхи Ан учрашувини ташкил этиш имкониятини яратилгани учун Ташқи ишлар вазирлиги номидан миннатдорлик изҳор этилган.

Шунингдек, Вьетнам ташқи ишлар вазирлигида ўтказилган музокаралар чоғида томонлар бир қатор келишувларни ишлаб чиқиш масаласида фикр алмашган. Бунда:

икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини ўтказиш;

қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, шоликорлик, тўқимачилик, транспорт ва логистика соҳаларига инвестициялар алмашувига кўмаклашиш;

сайёҳлик алмашувни ривожлантириш, VietJetAir авиаширкати томонидан Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини амалга ошириш;

икки давлат таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Вьетнам дипломатия академиялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш;

мамлакатларнинг маданий ва спорт тадбирларида ўзаро иштирок этиш каби масалалар кўриб чиқилган.

Ўзбекистон дипломатия ваколатхонаси делегациясининг ташрифи доирасида Вьетнамнинг вазирлик ва идораларида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.