Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

Янги йил байрамини қаерларда нишонлаш мумкин?

Байрам яқин. Йил якуни ва яна бир янги йилни яхши кайфиятда кутиб олиш учун бутун республика бўйлаб байрам манзилларини тўпладик.

3 daqiqa o‘qiladi

Янги йил байрамини қаерларда нишонлаш мумкин?

Юртимизнинг кўплаб ҳудудларида, аллақачон, янги йил шукуҳи кезиб юрибди. Барча вилоят, шаҳар ҳамда туман марказларида янги йил арчаси ва байрам ярмаркалари ўтказилмоқда. Демак, ушбу мақолада республикамиз вилоятларининг бош арчаси қаерда жойлашгани, байрам тадбирлари ва ярмаркалари қайси ҳудудларда қай тарзда ўтказилинаётганини вилоятлар миқёсида кўриб чиқамиз. 

Андижон вилояти 

Андижон вилоятида янги йил байрами 17 декабрь оқшомидан бошланган. Шу кундан бошлаб вилоят ҳокимлиги биноси атрофидаги марказий арча майдонида байрам дастурлари ташкил этилиб келинмоқда. Шунингдек, ушбу майдонда арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси фаолият юритмоқда. Маълумот учун, янги йил байрами арафасида Андижон шаҳрида 3 та марказий арча ўрнатилган бўлиб, 17 та аҳоли гавжум ҳудудларида савдо ярмаркалари ташкил этилган. Энг қизиғи, Андижоннинг марказий арчаси Ўрта Осиёдаги энг баланд арча ҳисобланиб, унинг узунлиги 52 метрни ташкил этади. 

Наманган вилояти 

Наманган вилоятида байрам томошалари 2023 йилнинг 25 декабридан 2024 йилнинг 10 январига қадар бўлиб ўтиши белгиланган бўлиб, тадбир учун театрлаштирилган концерт – томоша дастурлари ишлаб чиқилган ва унга республика даражасидаги таниқли санъаткорлар, ижодий жамоалар жалб этилиши кутилмоқда. Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғи, “Афсоналар водийси” тематик парки, Наманган вилояти маданият маркази олдига шунингдек, туманлар марказларида “Янги йил арчаси” ўрнатилиши белгиланган. 

Тошкент вилояти 

Тошкент вилоятининг бош арчаси вилоятнинг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳридаги “Нурафшон business city” ҳудудида жойлашган амфитеатрда ўрнатилган бўлиб, узунлиги 30 метрни ташкил қилади. Маълумот ўрнида, “Нурафшон business city”да ташкил қилинган байрам майдонида концерт дастурлари ҳар куни соат 10:00 дан тунги 22:00 га қадар бўлиб ўтади. 

Тошкент шаҳри 

Пойтахтликлар байрам тантаналарини нишонлашга тайёргарликни, аллақачон, бошлаб юборган. Тошкентдаги кўплаб масканларда бир-биридан кўркам байрам арчалари безатилмоқда. Асосий арча “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси олд майдонида ташкил қилинган бўлиб, 25 декабрдан 10 январга қадар, соат 11:00 дан 23:00 гача ташриф буюрувчиларни қабул қилади. Шунингдек, байрам тадбирлари қуйидаги манзилларда бўлиб ўтади. (Локациялар)

Сирдарё вилояти 

Сирдарё вилоятининг асосий арчаси Гулистон шаҳар маданият ва истироҳат боғига кириш жойида ташкил қилинган бўлиб, 15 декабрь — 5 январь кунлари ташриф буюрувчиларни қабул қилади. Арчанинг узунлиги 36 метрни, диаметри 9 метрни ташкил қилади. Навоий вилояти Навоий вилоятида ҳам барча вилоятларда бўлгани каби байрам шукуҳи кезиб юрибди. Вилоятнинг Зарафшон шаҳар ҳокимлиги олдидаги майдонда янги йил байрамининг тимсоли ҳисобланган байрам арчаси ўрнатилган. 

Самарқанд вилояти 

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 15 декабридан 2024 йилнинг 10 январигача шаҳардаги саккизта ҳудудда янги йил арчаси байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Шаҳарнинг марказий кўчаларида жойлашган корхона ва ташкилотлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам байрам руҳида безатилган. 

Сурхондарё вилояти

Сурхондарё вилоятининг бош арчаси Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” мажмуасида ўрнатилган бўлиб, барча воҳаликларни байрам дастурларига чорлайди. Термиз шаҳри ҳудудида жорий йилнинг 25 декабридан 2024 йилнинг 5 январига қадар ҳар куни соат 10:00, 16:00, 19:00 ларда қуйидаги ҳудудларда байрам дастурлари бўлиб ўтади: “Санъат саройи” мажмуаси; Алишер Навоий ҳайкали олдидаги майдон; “Ёшлар сайлгоҳи” истироҳат боғи; Шунингдек вилоятнинг бошқа туманларидаги байрам дастури ҳамда тадбир бўлиб ўтувчи ҳудудлар ҳақида қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин. (Батафсил)

Қашқадарё вилояти 

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов раҳбарлигида ўтказилган "ҳокимлик соати"да вилоятнинг бош арчаси, туман ва шаҳарлар арчаларини ўрнатиш ишларини 15-декабрга қадар якунлаш топшириғи берилган эди. Топшириқга кўра, вилоятнинг бош арчаси Қарши шаҳридаги вилоят мусиқали драма театри олдида ўрнатилган. 


Қолган вилоятларнинг бош арчалари ва янги йил байрами бўлиб ўтаётган ҳудудлари ҳақида, афсуски, ҳозирча маълумотлар мавжуд эмас.