$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

“Қора дайжест”: 2024 йил 7 февраль воқеалари

Қора дайжест

Тошкентдан Бухорога учган самолёт ҳавонинг ўзида ортга қайтган

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент – Бухоро йўналишида парвоз қилаётган HY23 йўловчи рейси учиш аэропортига қайтган. Самолёт экипажи Бухоро аэропортидаги ноқулай об-ҳаво шароити (чанг бўрони) туфайли учиш аэропортига қайтишга қарор қилган. Бортида 125 йўловчи бўлган самолёт маҳаллий вақт билан соат 16:03 да Тошкентга қўниб, самолёт яқин соатларда Бухоро аэропортига учиб кетиши режалаштирилган.

Тубанликнинг чўққиси

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Термиз шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлим бошқаруви бош ҳисобчиси М.Т. ва бошқалар 2021-2022 йиллар мобайнида "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармасидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда даволаниш ва жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун 48 нафар фуқарога ёрдам пуллари берилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, жами 499,8 млн сўмни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, айни вақтда тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.

Автобуслар пойгаси тадири

Жорий йилнинг 7 февраль куни соат 12:00 да Telegram ижтимоий тармоғидаги "Ташкент Land" гуруҳида, 2 та “Ютонг” русумли электробус ҳайдовчисининг қоидабузарлиги оқибатида электробусга техник шикат етганлиги ҳақида танқидий пост жойлаштирилган. Кейинчалик мазкур ҳолат юзасидан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ қуйидагиларни маълум қилган. Ушбу ҳолат бугун соат 11:00 ларда кузатилган бўлиб, бунда "1-Автобус саройи" филиали тасарруфидаги "Ютонг" русумли, давлат рақами 01/ 097 МКА бўлган 28-сонли йўналиш ҳайдовчиси Х.А автобусни Яшнобод тумани, Маҳтумқули кўчаси бўйлаб бошқариб келиб, "Успенский номидаги мусиқа мактаби" бекатига тўхтаётган вақтида, шу бекатда тўхтаб йўловчи тушираётган "5-автобус саройи" филиали тасарруфидаги "Ютонг" русумли, давлат рақами 01/ 086 НКА бўлган 44-сонли автобус билан ёнлама оралиқ масофани сақламаганлиги оқибатида 28-сонли автобуснинг ўрта эшик қисми ҳамда 44-сонли автобуснинг чап томон орқани кўриш ойнасининг корпус қисми билан бир-бирига тегиб қирилган. Содир этилган тўқнашувда тан жароҳати олганлар йўқлиги айтилган. Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилганлигини маълум қилган.

Жиззаҳ ва Самарқандда 130 минг хўжалик электр токисиз қолди

Бугун кучли шамол натижасида Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги айрим электр тармоқларида носозлик юзага келган. Соат 07:30 ҳолатига ушбу ҳудудларда юз бераётган кучли шамол баъзи бир электр қурилмаларида носозликларга сабаб бўлган. Бунинг натижасида Самарқанд вилоятида 457 МВт (114 минг 250 та истеъмолчи), Жиззах вилоятида эса 64 МВт (16 мингта истеъмолчи) қувват билан электр таъминотида вақтинчалик қисқа муддатли узилишлар кузатилган. Ҳозирги вақтда махсус бригадалар томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилаётган маълум қилинган. Вазирлик баёнотида носозликлар қисқа вақт ичида босқичма-босқич бартараф қилиниб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланаши таъкидланган.