“Қора дайжест”: 2024 йил 26 январь воқеалари
Цемент қопларидаги “опий”, бозордаги ёнғин, 160 минг долларлик ер — куннинг “қора” хабарлари билан танишинг.
2 daqiqa o‘qiladi

Цемент қоплар ичидан 10 кг. “опий” наркотик моддаси топилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона органлари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳридан Урганч шаҳрига цемент маҳсулотлари олиб келган юк автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, автомашинада цемент маҳсулотлари солинган қоплар ичига яшириб қўйилган 10 дона ўрамда 9 кг. 754 гр. “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Яроқсиз ун маҳсулоти савдосига чек қўйилди
Бухоро вилоятида “K.B.” МЧЖ раҳбари Ж.Н. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, “M.” савдо белгисидан ноқонуний фойдаланиб, истеъмолга яроқсиз ун маҳсулоти савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, МЧЖ савдо дўконидан 164 қоп истеъмолга яроқсиз ун маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган.
Андижонда бозорда ёнғин содир бўлди
Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги кийим-кечак бозорида кучли ёнғин содир бўлди. Воқеа жойига 20 та қутқарув бригадаси етиб келган, ёнғин икки соатдан кўпроқ вақт давомида ўчирилган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмади, деб таъкидлади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
160 минг долларлик ер
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 23 январь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида ерни ҳужжатсиз 160 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Қайд этилишича, 37 ёшли Ш. А. Бувайда тумани Бекобод қишлоғидан ўзига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси учун ажратилган 25 сотих ер майдонини сотишни режалаштирган. У харидор деб тахмин қилинган фуқародан 20 минг доллар олаётган вақтда ушланган.



