$
 12198.28
-30.3
 14241.49
-41.49
 156.57
0.61
weather
+26
Кечаси   +14°

“Қора дайжест”: 2023 йил 21 ноябр воқеалари

Блек дайжест Қора дайжест

Кун давомида содир бўлган кўнгилсиз воқеаларнинг бир нечаси uz24.uz таҳририяти томонидан тўпланди. Қуйида уларнинг асосийларини санаб ўтамиз: 

ЙТҲ сабабчиси воқеа жойидан яширинди 

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида Нехиа-2 ҳайдовчиси С. М. пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан яширинган. Олган жароҳатлари натижасида 25 ёшли У. О. 20-ноябр куни вафот этган. Шу ўринда, эслатиб ўтиш жоиз, 1-декабрдан бошлаб транспорт бошқарувидаги қоидабузарликлар билан боғлиқ жарималар миқдори оширилади.

Эркак 15-қаватдан сакради

Тошкент шаҳрида 32 ёшли эркак ўзини 15-қаватдан ташлаб, воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Маълумотларга кўра, эркак руҳий асаб касалликлари шифохонаси рўйхатида турган ва воқеа содир бўлишидан аввал турмуш ўртоғига “учгиси келаётгани”ни айтган.

Аёл болаларини ёқишга уринди 

Жамиятдаги кўнгилни хира қилувчи воқеалар шу билан чекланмайди. Хоразм вилоятининг Урганч туманида аёл уч нафар фарзандини ёқиб юбориш билан таҳдид қилиб, бу жараённи видеотасвирга олган. Ҳозирда ҳолат ИИВ ва Болалар омбудсмани назоратига олинган бўлиб, аёлнинг нима мақсадда бундай йўл тутгани номаълум. Шуни эслатиб ўтиш жоиз-ки, мазкур ҳолат Оила кодексига мувофиқ, фарзандларни зудлик билан олиб қўйишни ҳамда ота-оналик ҳуқуқини чеклашни талаб этади.

Йигит шифокорга стул улоқтирди 

Ўз ҳиссиётларини назорат қила олмаслик ҳолатига яна бир мисол: Тошкент шаҳрида йигит кўрикка олиб келинган беморни касалхонага ётқизишни рад этган шифокорга темир стул улоқтирди. Ушбу видеотасвир кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, олдинроқ эълон қилинган бемор аёлни зўролашда айбланаётган тез тиббий ёрдам фелдшери билан боғлиқ воқеа фонида контраст уйғотди.


Энди эса, хориждаги ватандошларимиз ҳақидаги хабарларга ўтсак:

Москвада қурилишда ишлаётган ўзбекистонликлар ошхонадаги навбат сабаб оммавий муштлашди. Хабарларга кўра, воқеа “Алфи Тоwер” қурилиш обектида содир бўлган. Оқибатда икки киши жиддий жароҳат олган. Ҳодиса жойига етиб борган полиция ходимлари томонидан 37 киши, жумладан, 35 нафар Ўзбекистон, 1 нафар Россия ҳамда 1 нафар Туркия фуқароси қўлга олинган.

Россияда ўзбекистонлик автобус йўловчисига маст ҳолатдаги рус фуқаро ҳужум қилган. Зўравон аввал жабрланувчининг миллатини сўраган, ўзбек эканини тасдиқлагач, унга ташланиб, уриш ва зарар етказишга ҳаракат қилган. Олинган видеотасвирга кўра, воқеа жойидагилардан бири уларни ажратиб, ўзбекистонлик йўловчини автобусдан судраб туширган.