Shanba, 17-oktabr, 2026
Havo 87 o‘rtacha Tirbandlik xaritasi
🌤 +17° kechasi +10°

Ўзбекистонда ўтган йил давомида нархлар қандай ўзгарди?

Ўзбекистонда 2023 йил давомида бензин нархи 19,1%, пропан нархи эса 29,4% га ошган. Такси хизматлари 13,2 фоизга, темирйўл 32,4 фоизга қимматлади.

2 daqiqa o‘qiladi

Ўзбекистонда ўтган йил давомида нархлар қандай ўзгарди?

2023 йилда (январь-декабрь учун) инфляция 8,77 фоизгача тушди — бу 2016 йилдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади (5,7 фоиз). 

Озиқ-овқат 9,7 фоизга қимматлади

Йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 9,7 фоизга (беш йил ичидаги минимум), ноозиқ-овқат маҳсулотлари 7,7 фоизга, хизматлар эса 8,7 фоизга қимматлади.

Гуруч 38,7 фоизга қимматлаган

Агентлик маълумотларига кўра, йил давомида гуруч 38,7 фоизга, мол ва қўй гўшти 9,3 фоизга, сут 13,3 фоизга, тухум 11,7 фоизга, шакар 11 фоизга қимматлаган. Ун нархи 1,1 фоизга, ёғ нархи эса 17,8 фоизга пасайган.

Помидор, бодринг қиммат, картошка, бақлажон арзонлашган

Сабзавот ва мевалардан йил давомида анор 3 баробар, лимон 2,3 баробар, помидор 1,4 баробар, банан 12,7 фоиз, мандарин 10,9 фоиз, бодринг ва карам 6,7 фоиз қимматлаган. 

Картошка 14,7 фоизга, сабзи 15,5 фоизга, пиёз 40,7 фоизга, булғор қалампири 43,2 фоизга, бақлажон 44,3 фоизга арзонлаган.

Сув ва канализация нархлари 65 фоизга ошган

Ўтган даврда кенгашлар қарори билан Тошкент шаҳрида, шунингдек, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида совуқ сув таъминоти ҳамда канализация хизматлари тарифлари оширилиши тасдиқланганди. 

Аҳолининг умумий истеъмол харажатлари таркибида ушбу ҳудудларнинг улушини ҳисобга олган ҳолда совуқ сув таъминоти ва канализация учун инфляция йил давомида Ўзбекистонда сув ва канализация нархлари ўртача 65 фоизга ошган.

Уй-жой ижараси

Уй-жой ижараси 2022 йилдаги сезиларли ўсишдан сўнг 2023 йилда атиги 7,4 фоизга (декабрь ойида 2,5 фоизга) ошди.

Бензин, пропан, метан

2023 йил декабрь ойида барча ҳудудларда бензин 19,1 фоизга, пропан 29,4 фоизга қимматлади.

Метан нархи, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, декабрь ойида ўзгармаган, бироқ йил давомида улар 22,4 фоизга ошган.

Такси, темирйўл, авиарейс

Такси хизматлари йил давомида 13,2 фоизга, темирйўл транспорти 32,4 фоиз, авиарейслар 20,7 фоизга қимматлади.

Ёнилғи нархининг ошиши фонида юк ташиш хизматлари нархлари ҳам ўсди — 11,6 фоиз.

Тайёр овқатлар 

Ўтган йил давомида тайёр овқатлар кафеларда 19,3 фоизга, ошхоналарда 20,2 фоизга қимматлаган. Меҳмонхона хизматлари 17,8 фоизга, дам олиш марказлари хизматлари 26,3 фоизга қимматлади.

Пул ўтказмалари

Йиллик ҳисобда пул ўтказмалари бўйича хизматлар нархи 9,8 фоизга, иловалар орқали пул ўтказмалари 7 фоизга, банк хизматлари эса 7,9 фоизга ошганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.