Ўзбекистон мусулмонлари идораси Франциядаги воқеаларга расмий муносабат билдирди
Сўнгги кунларда Францияда рўй бераётган воқеалар, "Charlie Hebdo" нашрида чоп этилаётган карикатуралар дунё мусулмонлари эътирозига сабаб бўляпти.
2 daqiqa o‘qiladi

Сўнгги кунларда Францияда рўй бераётган воқеалар, "Charlie Hebdo" нашрида чоп этилаётган карикатуралар дунё мусулмонлари эътирозига сабаб бўляпти. Айниқса, Франция ички ишлар вазири Жеральд Дарманен мусулмонларнинг диний қонун-қоидаларига жавоб берадиган ҳалол гўшт сотилишини тақиқлашни таклифи билан чиққач, ижтимоий тармоқларда Франция маҳсулотларини бойкот қилишга бўлган чақириқлар авж олди. Шунингдек, мамлакат президенти Эммануел Макрон ва Туркия раҳбари Эрдўған ўртасидаги қарама-қаршилик жамоатчилик диққат марказида турибди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси вазият юзасидан расмий муносабат билдирди.
Айни шу кунларда aйрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ сафиҳаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралашини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди.
Шунингдек, бу каби муносабатлар халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.
“Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъи назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё Ислом динига тош отмасин бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди”, дейилади муносабатда.



