$
 12591.71
-84.4
 14821.70
-153.86
 160.18
-1.38
weather
+26
Кечаси   +14°
textileads

Ҳарбийлар учун қандай имтиёзлар белгиланган?

ҳарбий

Маълумки, 1993 йил 29 декабрдан буён 14 январь Ўзбекистонда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинган. Бизда ушбу байрам барча эркаклар байрами сифатида нишонланади. Лекин, ҳарбий соҳаларда хизмат қилувчилар учун қонунчиликда бир қатор имтиёзлар белгиланган. Бугун шу имтиёзларнинг асосий қисми билан танишамиз.

ОТМга 50 фоизлик имтиёз

 Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юқори натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга ОТМга кириш учун тавсиянома берилади.

Тавсиянома олган ҳарбий хизматчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест натижаларига кўра ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга;

- ОТМлар бакалавриатига ўқишга кириш учун қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш.

Маълумот учун, тавсиянома берилганидан сўнг 3 йил мобайнида амал қилади. Шунингдек, тавсиянома ҳарбийларнинг фарзандларига ҳам тааллуқлидир.

Имтиёзли меҳнат таътили

Муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчилар(агар оилали бўлса)нинг хотинларига, резервга бўшатилганидан кейин 3 ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчиларга эса 6 ой ўтмасдан таътилга чиқиш ҳуқуқи берилади.

Маълумот учун, контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ҳар йилги навбатдаги таътилларига қўшимча тарзда, хизмат йилларининг календар ҳисобига кўра, 10 йиллик ҳарбий хизматдан сўнг давомийлиги 5 суткалик, 15 йиллик ҳарбий хизматдан сўнг давомийлиги 10 суткалик, 20 йиллик ва ундан кўп ҳарбий хизматдан сўнг давомийлиги 15 суткалик қўшимча таътил берилади.

Аслида қонунга кўра, ходимларга ишга кирганидан 6 ой ўтгач меҳнат таътили берилади.

Бепул тиббий хизмат ҳамда дори-дармонлар

Катта офицер ва генераллар таркиби билан бир қаторда истеъфога чиққанидан сўнг ҳарбий-тиббий муассасалардаги бепул тиббий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқи хизмат йилларининг умумий давомийлиги 20 йил ва ундан ортиқ бўлган кичик офицерлар, сержант ва оддий аскарлар таркибига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Шунингдек, ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро обектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга.

Ипотека кредити учун ҳам имтиёз бор

 Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчиларига турар жой сотиб олиш ёки қуриш учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари берилади. Бунда имтиёз уй-жой нархининг 25 фоизини давлат томонидан қоплаб бериш шаклида бўлади.

Шунингдек, уй қуриб битказилгунга қадар ҳарбийларга хизмат турар жойи учун ҳар ойлик пул компенсация берилади.

Қўшимча қилиш керакки, кредит олган ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ёки хизмат вазифаларини бажаришда оғир тана шикастланиши оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганда кредит ва унинг фоизлари ташкилот раҳбарининг қарори асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади.

Бепул транспортлар

Ярадор бўлган ҳарбий хизматчиларга, шунингдек, 1 ва 2-гуруҳ уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахсларга темир йўлларда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи берилади. Чипталар бориш ва келиш учун амал қилади.

 Бундан ташқари, ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар жамоат транспортидан бепул фойдаланади.

Қўшимча имтиёзлар

Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган шунингдек, резервга, истеъфога бўшатилган, контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматининг умумий давомийлиги 10 ва ундан ортиқ календар йилга етганда уй-жой қонунчилигида кўзда тутилган меъёр ва тартибларга мувофиқ, ўзлари эгаллаб турган турар жойларини бепул хусусийлаштириб олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар меҳнат органлари томонидан имтиёзли равишда ишга жойлаштирилади.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларнинг болаларига давлат боғчаларига жойлашишда имтиёз берилади. Бунда ҳарбийларнинг болаларига боғчада бўш ўринлар бўлганда биринчи навбатда йўлланма берилади.

Талабалар ўқишини кўчириш баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирган бўлиши керак. Бунда ўқишни кўчириш бўйича ариза топшириш – ҳар йили 20-декабрдан кейинги йилнинг 20-январигача амалга оширилади. Аризалар 25-январдан 15-февралгача кўриб чиқилади.