$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Мактабдаги кечки тадбирларга педагог ва ўқувчиларни мажбурий жалб этиш таъқиқланади

maktab

ХТВ ахборот хизмати маълум қилишича, сўнгги кунларда айрим ҳудудларда ўқитувчиларни мактаб муассасаларида дарс жараёнидан ташқари кечки вақтларда турли маданий-маърифий тадбирларга жалб этилаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Таъкидланишича, мактабларда ўқиш жараёнидан ташқари вақтларда ўтказилаётган мазкур тадбирлар уюшмаган ва таълим билан банд бўлмаган (18-30 ёш) ёшларга мўлжалланган бўлиб, уларни ташкил этишга Ёшлар ишлари агентлиги, хусусан маҳаллалардаги ёшлар етакчилари масъул этиб белгиланган. 

Бунда Халқ таълими вазирлигига мактаб инфратузилмасидан (кутубхона, спорт зал, компьютер хоналари, тадбирлар зали) оқилона фойдаланиш ҳамда мактабларни маҳалла учун «маънавият маскани»га айланишини таъминлаш вазифаси юклатилган. 

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги барча ҳудудий бошқармаларга ушбу тадбирларга мактаб маъмурияти, педагог ходимлар ва мактаб ўқувчиларини мажбуран жалб этилиши қатъиян таъқиқланганини маълум қилади.

Шу ўринда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Қарорига асосан, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян таъқиқланганини яна бир бор эслатиб ўтади. 

Мазкур қарорга кўра, юқоридаги талабларни бузган Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари тегишли жавобгарликка тортилиши белгиланган,-дейилади вазирлик хабарида.