$
 12640.21
-49.76
 13559.15
1.19
 137.02
-0.18
weather
+26
Кечаси   +14°

Маҳкумлар ҳам одам! Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиришлар киритилди

маҳкум маҳкумларнинг ҳуқуқлари ҳимояланади

Президент Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатига имзо чекди.

Ўзгартиришга кўра, маҳкум шахсий хавфсизлиги таъминланиши юзасидан жазони ижро этиш муассасасининг ҳар қандай ходимига оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат қилишга ҳақли бўлади, аризани қабул қилган ходим уни зудлик билан муассаса бошлиғига тақдим этиши лозим. 

Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор дарҳол қабул қилинади. Маҳкум қабул қилинган қарор билан имзо қўйдириб таништирилади, у қарор устидан юқори турувчи органга, прокурорга ёки судга шикоят қилишга ҳақли бўлади.  

Шунингдек, тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятлар, тақиқланган нарсалар ва буюмлар сақланаётгани ҳақида ахборот келиб тушганда жазони ижро этиш муассасалардаги турар жойларни уларда маҳкумлар бўлгандагина тинтув қилишга йўл қўйилади, тинтув чоғида маҳкумларга нисбатан жисмоний куч ва махсус воситалар қўлланилиши тақиқланади.

Маҳкумларга учрашув белгилаш тартиби соддалаштирилди. Мисол учун, масофали видео-учрашувлар ташкил этиш, муассасадан ташқарида 3-5 суткагача бўлган узоқ муддатли учрашувлар ташкил этиш белгиланган. 

Киритилган ўзгаришларда маҳкумларга нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллаш ҳам назарда тутилган. Муассаса ходимлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус комиссия аъзолари рағбатлантириш учун тавсия этилган маҳкум билан унинг хулқ-атвори белгиланган мезонларга мувофиқлиги юзасидан суҳбат ўтказадилар. Комиссия қарори мажлисда иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, 3 кун муддатда муассаса бошлиғининг қарори чиқарилади ва унинг мазмуни маҳкумга эълон қилинади.

Кодексга киритилган ўзгартиришлар 1 июлдан кучга кирган.