$
 12600.14
10.14
 13642.17
-23.02
 135.92
-0.05
weather
+26
Кечаси   +14°

Спортчи, артист, модель ёки вайнер? Lifestyle блогерлар ҳақида

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Интернет оламида блог юритиш бошланганига 30 йиллар бўлиб қолди. Биринчи блоглар 1990-йилларда Канадада пайдо бўлган ва кейинчалик бутун дунёда трендга айланган. Илк блогерлар қаторида Жейсон Котке, Тристан Луис, Мэтт Хурихан, Мэтт Ҳофейларни санаб ўтсак бўлади.

Албатта, йиллар ўтиши билан блогосфера ҳам эволюцияга учради ва турли шаклларга кириб борди. Бугунги мақолада блогосфера тарихи, Lifestyle блоггинг, Ўзбекистондаги бу йўналиш ҳолати ва кейинги тақдири ҳақида ҳикоя қиламиз.

Блогосфера тарихи ва шакллари

Блог сўзи Web log сўзларининг қисқартмасидан ҳосил бўлган бўлиб, ўзбек тилига инглиз ва рус тиллари орқали кириб келган. Бу терминни илк бор 1997 йилда Жон Баргер ишлатган. Дастлабки блоглар ўтган асрнинг 90-йилларида пайдо бўлган бўлса, аср охирига келиб оммалашишни бошлади. Дастлабки блоглар интернет сайти кўринишида пайдо бўлди ҳамда ҳозиргача бу шаклни ҳам сақлаб келмоқда. Гарчи блогосфера шакллари кўпайиб кетган бўлса ҳам. Асосан матнли контент яратилган пайтларда блог эгалари ўз қарашларини маълум бир саҳифада ёзиб борган, ўз кузатувчиларига эга бўлган.

1999 йил август ойида Сан-Франсискодаги PYRA LABS компанияси Blogger сайтини очди. Бу биринчи бепул блог хизмати эди. Кейинчалик Blogger’ни Google компанияси сотиб олди. 2004 йили Apple компанияси ҳали расмий эълон қилинмаган янги товарлари ҳақида блогерлар маълумотлар тарқатгани учун уларни судга берди, аммо судда ютқазиб қўйди. 2006 йили суд блогерлар ҳам журналистлар эга бўлган ҳуқуқларга эга деб қарор чиқарди.

Муаллифнинг фаолият турига қараб блоглар ҳам турлича бўлиши мумкин. Қуйида уларни кўриб чиқамиз:

1. Шахсий блог — бир киши томонидан юритилади (қоидага кўра блог эгаси томонидан).

2. Тимсолий блог — маълум бўлмаган ноаниқ шахс томонидан юритилади.

3. Жамоали ёки ижтимоий блог — блог эгаси аниқлаб берган маълумотлар асосида бир гуруҳ шахслар томонидан юритилади.

4. Жамият блоги — бир ташкилот азолари томонидан юритилади.

Шунингдек, контент шаклига кўра ҳам улар фарқланади. Масалан:

● Матнли блог — матнлар асосида тузилган блог.

● Суратли блог — суратлар асосида тузилган блог.

● Мусиқий блог — мусиқалар асосида тузилган блог.

● Видео блог — видео файллар асосида тузилган блог.

Айтиш мумкинки, ҳозирда энг кўп тарқалган блог турлари, муаллифлик фаолиятига қарайдиган бўлсак, шахсий блоглар ҳисобланади. Шунингдек, бир гуруҳ томонидан юритиладиган блоглар ҳам бор. Контент шаклига кўра дастлаб матнли блоглар урфда бўлган бўлса, ҳозирга келиб асосан фото ва видео контентли блоглар энг кўп тарқалган, десак хато бўлмайди. Бундай блогларнинг асосини lifestyle блоглар ташкил этиши сир эмас.

Lifestyle блогинг

Бу турдаги блоглар дастлаб матнли шаклда юритилган ва баъзан суратлар билан бойитилган. Асосан, веб-саҳифалар шаклида юритилган. Улар блог эгасининг шахсий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалардан иборат бўлган. Унда муаллиф ўзини қизиқтирган барча нарса ҳақида ёзиши мумкин. Контент марказида муаллифнинг ўзи туради. У ўқиётган китоби, севимли мусиқаси, фильмлари, спорт тури, саёҳатлари ҳақида ўқувчиларга ҳикоя қилиб бериши мумкин.

Бундай блог орқали шунчаки қизиқишларни ёзиб бориш билан чекланиб қолмасдан, балки яхшигина даромад ҳам олиш мумкин. Масалан, сиз қандайдир маҳсулот ишлаб чиқарасиз, қандайдир хизмат турини таклиф қиласиз ёки бўлмаса бошқа ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар билан шартнома орқали уларнинг маҳсулот ва хизматларини реклама қиласиз. Аудитория қанчалик кенг бўлса, реклама қилинаётган маҳсулотлар шунчалик яхши сотилади. Бундан ташқари, одамлар харид қилишда уни реклама қилаётган кишига ҳам эътибор қаратишади. Масалан, охирги йилларда Ўзбекистонда диний воизларнинг турли маҳсулотларни, хизматларни реклама қилиши ҳоллари кўпайди. Бу ўша маҳсулот хизматларга қизиқишни орттириши табиий ҳол.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, дастлаб бу турдаги блоглар веб-саҳифа кўринишида турли блог платформаларида олиб борилган бўлса, ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши уларнинг ҳам эволюциясига сабаб бўлди. Энди узун матнли контент ўрнини асосан расмли ва видеоли материаллар эгаллади. Матн ёзиш кишидан юқори интеллект, кўп вақт, сабр, ижодкорликни талаб қилган бўлса, расмли ва видеоли контент учун булар унча аҳамиятсиздек бўлиб қолди. Чунки расмни махсус эффектлар билан таҳрир қилиш матн ёзишдек мураккаб жараён эмас. Видеода вақт бир оз кўпроқ кетади. Лекин ҳозирги блогларда айниқса қисқа видеолар кўп ишлатилишини инобатга олсак, бунда ҳам вақт масаласи қисқаришини кўриш мумкин.

Кимлар Lifestyle блог юритиши мумкин?

Аслини олганда ҳар қандай одам ҳам бу турдаги блогни юритиши мумкин. Бунинг учун ишга ижодий ёндашиш керак бўлади ва бу айни пайтда барчанинг ҳам қўлидан келмаслиги мумкин. Бугунги кунда асосан Instagram, Tik-Tok, Likee, YouTube каби платрофмаларда фаолият олиб бораётган вайнер-блогерларнинг саҳифаларини таҳлил қилсак, блог муаллифларининг турли соҳа вакиллари эканлигини кўришимиз мумкин. Шу асосда уларни қуйидаги категорияларга бўлиб чиқиш мумкин:

● санъаткорлар: қўшиқчилар, актёр-актрисалар, юмористлар ва ҳ.к.;

● косметолог-визажистлар: бунда улар ўз ишларини фото ва видео орқали оммага намойиш қилиб, шу орқали мижоз ва обуначи тўплашади;

● сартарошлар;

● спортчилар: спортнинг барча турдаги соҳаларида фаолият олиб бораётган спортчиларнинг мазкур ижтимоий тармоқларда саҳифалари борлигини кўришимиз мумкин;

● журналист-сухандонлар;

● мода соҳаси вакиллари;

● асосий машғулоти шундан иборат бўлган блогерлар.

Юқоридаги категорияларга кирадиган блог эгалари ўз саҳифаларида асосий фаолиятидан ташқари шахсий ҳаёти, қизиқишлари ҳақида контентлар бериб боради. Шунингдек, турли компаниялар маҳсулот ва хизматларини реклама қилиб, шу орқали яхшигина даромад ҳам топади. Машҳурларнинг шахсий ҳаёти доим одамларда қизиқиш уйғотиб келган. Машҳур инсонларнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларини қарайдиган бўлсак, уларнинг машҳурлик даражасига қараб бир обуначилар сони бир неча мингдан, бир неча миллионгача бўлади. Масалан, машҳур футбол юлдузи Криштиану Роналдонинг Instagram’даги саҳифасида 508 миллион обуначи мавжуд.

Ўзбекистонда Lifestyle блогинг

Ўзбекистонда блог юритиш 2000 йилларнинг иккинчи ярмида пайдо бўлди ва у 2016 йилдан бошлаб оммалашиб кетди, дейиш мумкин. Дастлаб Telegram тармоғида муаллифлик блоглари пайдо бўлган бўлса, кейин Instagram ва TikTok’да ҳам бундай блоглар кўпайди; улар Telegram блогларини чинакамига ортда қолдирди дейиш мумкин.

Бугунги кунда lifestyle блогингда ўзбекистонликлар фойдаланадиган асосий тармоқлар Instagram ва TikTok бўлиб турибди.

Бундай турдаги блог юритадиганларнинг касбини таҳлил қилсак, улар асосан, санъаткорлар, журналист-сухандонлар ва шу иш ортидан даромад олаётган вайнер-блогерлардан иборат. Бу борада спортчиларни камроқ кўрамиз.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор бериш мақсадга мувофиқ. Санъаткорлар бу йўналишда блог юритмасидан олдин ҳам машҳурликка эришиб бўлган, лекин, аксинча, блог очиб, кейин машҳур бўлганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Айниқса, охирги уч йилликни олсак, ижтимоий тармоқлар орқали машҳурликка эришган вайнерлар ҳозирда актёрликка, қўшиқчиликка ёки сухандонликка қадам қўйганини кўришимиз мумкин. Улар клиплар, фильмларга суратга тушишдан тортиб, тўйларда ва тадбирларда сухандонлик ҳам қилишмоқда.

Lifestyle блогерлардаги гендер вазиятга келсак. Бундай саҳифа юритадиган блогерланинг аксарияти аёл-қизлардан иборатлиги диққатга сазовор. Ижтимоий тармоқ саҳифасида шахсий суратларини қўйиш орқали контент яратаётганлар асосан аёл-қизлардан иборатлиги аслида нормал ҳолат. Аёллар саҳифаларининг обуначилари кўп бўлишини икки омил орқали тушунтириш мумкин. Биринчидан, бундай саҳифаларнинг кўпчилик мухлислари эркаклар бўлиши қарама-қарши жинсга табиий қизиқиш билан изоҳланади. Иккинчи омил эса аёллар билан боғлиқ. Яъни бундай саҳифаларнинг кузатувчилари фақат эркаклардан иборат бўлмайди. Аёллар бошқа, машҳурроқ аёллар ҳаётидан қандайдир маънода илҳом олиш, у тавсия қиладиган маҳсулот ва хизматларга бўлган эҳтиёж сабабидан ҳам бундай саҳифаларни кузатишлари мумкин.

Айтиш мумкинки, бу соҳа бугунги кунда Ўзбекистонда шахсий бренд яратиш ва яхши даромад топиш учун энг яхши соҳалардан бири бўлиб қолди. Шу ҳолда ривожланиш давом этса, келажакда бу алоҳида касб даражасига чиқиши ҳам мумкин. Бу борадаги фикрларини билиш учун биз вайнер, юмористик чиқишлари билан танилган Аббосбек Серобовга мурожаат қилдик.

“Ўзбекистонда lifestyle блогинг асосан машҳур шоу-бизнес вакиллари орасида оммалашган. Чунки кўпчилик учун машҳурлар ҳаёт тарзи қизиқ. Шунингдек, ҳозирда чет элда таҳсил олаётган, ишлаётган ҳамюртларимиз турли давлатлардаги ҳаёти ҳақида яхши блоглар юритишяпти. Тенденция шу тарзда кетса, ўзбек медиасида беш йиллардан кейин lifestyle блогинг анча ривожланиб, ахборот мaйдони кенгаяди.

Lifestyle юритиш ҳар бир интернет фойдаланувчисининг ўзи учун ҳам фойдали. Ҳаёт тарзини оммага намойиш қилиб келувчи инсонларда ўзини ислоҳ қилиш, доимий ривожланишда бўлиш бошқаларга нисбатан кучлироқ бўлади деб ўйлайман”, дейди блогер.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, технологиялар ривожланар экан, мазкур йўналишда фаолият юритадиган саҳифалар ривожланиб, трансформацияга учраб бораверади. Мана бугун бу саҳифалари орқали яхшигина даромад оладиган блогерлар гуруҳи шаклланди, демак, соҳага қизиқиш ошиб бораверади.