$
 12692.42
100.85
 14511.24
-34.54
 158.44
4.62
weather
+26
Кечаси   +14°

Боғчага бориш боланинг ривожланиши учун фойдалими, ёки..

bolalar bogchasi

Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғинидир. Мутахассисларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Шу боисдан мутачассислар болаларнинг соғлом ва билимли, етук кадрлар бўлиб вояга етишида боғча тарбияси жуда муҳим ўрин тутади.

Бироқ сўнгги вақтларда тарбиячиларнинг болаларга нисбатан қўпол муносабати, айрим ҳолларда калтаклашгача бориши кўпчилик ота-оналарнинг фарзандларини боғчаларга юбормаслигига сабаб бўлмоқда.

Хўш, мактабгача таълим болалар саломатлиги ва уларнинг ақлий ривожланишига қандай таъсир қилиши ўрганилди.

Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқандда кўрсаткич паст!

Статистик маълумотларга кўра, 2017–2022 йилларда Ўзбекистонда 1-6 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш сезиларли даражада ошган (2017 йилдаги 17 фоиздан 2022 йилда 31,3 фоизга) бўлса-да, айрим ҳудудлар (Қашқадарё - 18,7 фоиз, Сурхондарё - 22,7 фоиз, Самарқанд - 27,7 фоиз) да кўрсаткич пастлигича қолмоқда.

3-6 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси эса 25,4 фоиздан 68,3 фоизга ошган. Ушбу кўрсаткич дунё миқёсидаги ўртача кўрсаткич (61 фоиз) дан юқори ҳисобланади.

Ортиқча вазнли болалар — 5 фоиз

Multiple Indicators Cluster Survey (MICS) нинг 2021–2022 йилларга оид ҳисоботига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда 5 ёшгача бўлган ортиқча вазнли болалар умумий болалар сонининг 5 фоиздан камроғини (ўғил болаларда 5 фоиз, қиз болаларда 4 фоиз) ташкил этган.

Бўйи ёшига нисбатан паст бўлган болалар 7 фоизни, 5 ёшгача бўлган кам вазнли болалар умумий болалар сонининг 2 фоизини ташкил этган.

📌Маълумот учун: Multiple Indicators Cluster Survey (MICS) бу БМТ болалар жамғармаси - ЮНИСЕФ томонидан болалар ва аёлларнинг ҳолати ҳақида аниқ маълумот олиш мақсадида ишлаб чиқилган дастур доирасида кўплаб кўрсаткичлар бўйича ўтказиладиган кластер текширувидир.

1,83 сантиметр узунроқ, вазни эса 0,65 килограмм оғирроқ 

МҲТИ мутахассислари томонидан MICS маълумотлари асосида ўтказилган эконометрик таҳлил давомида қуйидагилар аниқланган:

▪️Мактабгача таълим жараёнида иштирок этган болаларнинг бўйи иштирок этмаганларникига нисбатан 1,83 сантиметр узунроқ, вазни эса 0,65 килограмм оғирроқ бўлади.

▪️Тана массаси индекси (Body Mass Index) асосида қилинган таҳлил мактабгача таълим билан қамраб олинган болалар вазнининг ёшига нисбатан кам бўлиб қолиш эҳтимоли 1 фоизга камайтиришини кўрсатди.

Мулоқот кўникмаси 3 фоизга ошади

Мактабгача ёшдаги болаларнинг ақлий ривожланиши дастлаб муомалада бўлиш, нарсалар билан бажариладиган фаолият натижасида кейин эса ўқув меҳнат, самарали фаолият жараёнида (расм чизиш) амалга оширилиб борилади. Шу боисдан мактабгача таълим билан қамраб олиш болаларнинг ақлий ва эмоционал соғлигига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Хусусан:

– мактабгача таълим жараёнида қатнашиш болаларда 10 гача санай олиш қобилияти ўртача 19,9 фоиздан 21,4 фоизга;

– асосий мулоқот кўникмаси ўртача 3 фоизга;

– алифбодаги ҳарфларни таниш эҳтимоли 8 фоиздан 11 фоизгача ошади;

– Ижтимоий муносабатлар (ўйнаш, дўстлашиш) да қийинчиликка дуч келиш эҳтимоли тахминан 4 фоиздан кам бўлади.