$
 10231.71
21.85
 12059.09
38.0
 138.65
1.19
weather
+35
Кечаси   +18°

Карантинда сақлашнинг янги тартиби тасдиқланди

karantin_hududi

Республика махсус комиссияси қайта кучайтирилган карантин тартибларини тасдиқлади. Унга кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахсларни карантинда сақлашнинг назарда тутувчи тартиби жорий этилди. 10 июлдан бошлаб:

-         коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан алоқада бўлган шахслар уй шароитида карантинда сақланади;

-         карантинда сақлаш муддати 14 кундан 10 кунга қисқартирилади ҳамда 10 кун муддатда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест натижалари манфий бўлган тақдирда карантиндан чиқарилади;

-         тест натижалари мусбат бўлган тақдирда, беморда коронавирус инфекциясининг клиник белгилари кузатилса, шифохонага жойлаштирилади, касаллик аломатларсиз ўтаётган бўлса, уй шароитида даволанишга ўтказилади (уй шароитида даволашнинг имкони бўлмаса, белгиланган тартибда тиббиёт муассасасида даволашга ўтказилади).

Шунингдек, касаллик аломатларсиз енгил шаклда кечаётган беморларни уй шароитида даволаш, шунингдек, беморлар билан алоқада бўлганларни уй шароитида карантинга олиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Республика махсус комиссиясининг қарорида қуйидагилар белгиланди:

- уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда беморлар билан алоқада бўлиб, уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг доимий тиббий назоратда бўлиши белгиланди;  

- аҳолига, шу жумладан, уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ҳамда ахборот беришга қаратилган туну-кун узлуксиз фаолият кўрсатувчи Call-center фаолияти йўлга қўйилади;

- уй шароитида даволанаётган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга жойига чиққан ҳолда тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган мобиль гуруҳлар ташкил этилади.

Бундан ташқари, коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикасига(дан) йўловчи ташиш бўйича халқаро авиаташувларни ташкил этиш тўғрисидаги Вақтинчалик тартиб тасдиқланди.

Чекловларга сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади ҳамда мазкур талабларни бузган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланади.