$
 10209.86
2.17
 12021.09
125.05
 137.46
-4.91
weather
+37
Кечаси   +22°

10 июлдан автотранспорт воситаларига оид қандай чекловлар жорий этилади?

карантин

Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 10 июлдан эътиборан республика миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилмоқда:

-         Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) тўхтатилади. Аммо якуний қарорда Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқишга тақиқ қўйилмаган.

-         Жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилади

-         бошқа автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга куннинг муайян вақтидагина (07.00 дан – 10.00 гача, 17.00 дан – 20.00 гача) тегишли ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун сантария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиб ҳаракатланишига рухсат берилади.

-         вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари атрофидаги йўл патрул хизмати масканлари, блокпостлар ва тўсиқ постлар фаолияти ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларини ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси вакилларини жалб қилган ҳолда кучайтирилади.

-         мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишга фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжлари – дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.


Аввал берилган стикерлар амал қиладими?

Махсус комиссия қарорига кўра, автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилади.

Рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида карантин талабларни бузган шахсларга маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши ҳамда автотранспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши назарда тутилди.


Озиқ-овқат ташувчи автомашиналар ҳудудлараро ҳаракатланиши мумкин

Вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга ошириш бўйича белгиланган чекловлар деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (мева-сабзавот, полиз, кўкат маҳсулотлари ва б.қ.) жойларга етказиш ва сотиш мақсадида вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга татбиқ этилмайди.

Бунда деҳқон ва фермер хўжаликларининг автотранспорт воситалари бозорлар, ярмаркалар ва савдо нуқталарига киритишдан олдин дезинфекция қилинади.


Таксиларга ҳам рухсат бор

Йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга қуйидаги махсус талаблар асосида рухсат берилади:

-         йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши керак;

-         ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади) лозим;

-         фақатгина икки нафар йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши керак;

-         фақатгина автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) ҳаракатланиши шарт.


Қандай автомобиллар рухсатномасиз ҳаракатланади?

Мазкур рўйхатга қуйидагилар киритилган:

-    Соғлиқни сақлаш тизимидаги хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари.

-        Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг хизмат автотранспорт воситалари.

-    Фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари.

-       Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар.

-       Етказиб бериш хизмати (кейтеринг) ташкилотларининг автотранспорт воситалари.

-       Коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар – газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти, совуқ сув, сув оқава ва чиқинди ташишнинг махсус автотранспорт воситалари.

-      Олий Мажлис палаталари, суд ва прокуратура органлари, Ҳисоб палатаси, Бизнес-омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Савдо-саноат палатасининг хизмат автотранспорт воситалари.

-     Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, бошқа давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда ОАВларнинг хизмат автотранспорт воситалари.

-        Марказий банк ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда тижорат банкларининг хизмат автотранспорт воситалари.

-        “Республика инкассация хизмати” ДУК хизмат автотранспорт воситалари.

-        Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг дипломатик ваколатхоналари тасарруфидаги автомобиллар.

-      Алоқа хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар, “Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Ўзбектелеком” АК ва унинг ташкилотлари ҳамда “Ўзинфоком” ягона интегратори” МЧЖга тегишли хизмат автотранспорт воситалари.

-         N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари.

-         “Тошшаҳартрансхизмат” АК таркибига кирувчи автобус саройларининг М2 ва М3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари.

-         Йўл-патруль хизмати автомобиллари ёрдамида кузатилаётган автотранспорт воситалари.

-         Дафн маросимларида хизмат кўрсатувчи махсус автотранспорт воситалари (фақат дафн маросимлари хизматини кўрсатиш мақсадида).

-     Мавсумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи М1 (бир нафар йўловчи билан) тоифадаги жисмоний шахсларга тегишли шахсий автотранспорт воситалари.