Қорақалпоғистонда “Судочье-Акпетки” қўриқхонаси ташкил этилди
Қорақалпоғистонда “Судочье-Акпетки” қўриқхонаси ташкил этилди.
1 daqiqa o‘qiladi

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида юридик шахс ташкил қилган ҳолда “Судочье-Акпетки” давлат буюртма қўриқхонаси ташкил қилинди.
Давлат табиатни муҳофаза қилиш шаклидаги мазкур буюртма қўриқхонасининг умумий майдони 280 507 гектарни ташкил қилади.
Буюртма қўриқхонаси участкаларининг қўриқланма зоналаридаги ерлар ушбу ҳудудларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади.
Давлат экология қўмитасига кўра, буюртма қўриқхонасининг асосий мақсади қирғоқ ландшафтлари, каналлар, коллекторлар ва улардаги сув оқими, сув атрофида яшовчи қушлар, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган балиқлар, йиртқич қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта кўпайтиришдан иборат.
Шунингдек, 2021 йил якунига қадар Давлат экология қўмитаси Судочье кўлини халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар рўйхати (Рамсар конвенцияси)га киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.



